ЎзА Ўзбек

14.09.2015 13:09 Янги қонунларга шарҳлар

Тадбиркорлик ривожи – фаровонлик омили

Андижонда “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзусида конференция-семинар бўлиб ўтди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, назорат қилувчи ва суд органлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этган тадбирда давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, вилоятда ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш хусусида атрофлича сўз юритилди.

Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўрсатилаётган эътибор туфайли жаҳон миқёсидаги иқтисодий-молиявий инқирозларга қарамай Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ривожланиб, халқимизнинг турмуш фаровонлиги тобора юксалиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Истиқлол йилларида кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилиб, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди, тадбиркорлик субъектларига кўплаб имтиёз ва преференциялар берилди, хусусий мулкдорлар ҳуқуқлари ва уларнинг ҳимояси мустаҳкамланди. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш тизими соддалаштирилди, фаолиятга оид интерактив хизматлар жорий этилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар тақдим этиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасидаги хизматлар кўлами ортди. Туман ва шаҳарларда Бизнесга кўмаклашиш, ахборот-маслаҳат марказлари, риэлторлик, бухгалтерия ҳужжатларини юритиш бўйича тадбиркорларга кўмаклашувчи корхоналар, аудиторлик хизматлари фаолияти такомиллаштирилди. Адвокатлик бюролари, брокерлик идоралари, тижорат банклари, суғурта идораларининг филиал ва бўлимлари тадбиркорларга тез, қулай ва ишончли хизмат кўрсатмоқда.

Бунинг самарасида жорий йилнинг биринчи ярмида Андижон вилоятида иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги таъминланди. Ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш ҳажми 106,5 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 121,4 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 106,5, қурилиш ишлари 113,5, чакана савдо айланмаси 115, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш 113,4 фоизни ташкил этди.

Айни пайтда вилоятда 24 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти самарали фаолият юритмоқда. Ушбу тизим вакиллари фаолиятини ишончли ҳимоя қилиш, уларга янада эркинлик бериш ва фаолиятида учраётган тўсиқларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли бугун мазкур секторнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 51,4 фоизга етди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, вилоят прокурори М.Эгамбердиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги роли ва ўрнини янада ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини янада ошириш, фаолиятини самарали олиб бориш бўйича бундан-да қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароитлар яратиб бериш борасидаги ишлар ва унинг натижалари хусусида сўз юритди.

Анжуманда ушбу йўналишлардаги ишлар самарадорлигини ошириш, давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони, Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятини тадбиркорларга тушунтириш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган ғов ва чекловларни бартараф этиш, кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифатини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.

– Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги фармонида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янада юқори босқичга кўтариш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган, – дейди Балиқчи туманидаги “Бал муслим қурувчи” хусусий кўп тармоқли корхонаси раҳбари Маъмуржон Қўзиев. – Биз ҳам ушбу фармондан руҳланиб, корхона фаолиятини янада кенгайтиришга астойдил бел боғладик. Айни пайтда “Ҳамкорбанк” Чинобод филиалидан олинган 80 миллион сўм кредит ҳисобидан қўшимча макарон ишлаб чиқариш цехи қурилди. Мазкур цех ишга туширилгач, яна бир неча турдаги макарон ишлаб чиқариш имконига эга бўламиз. Қўшимча 4 янги иш ўрни яратилади.

Конференция-семинарда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.


Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА