Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.10.2015 14:56 Янги қонунларга шарҳлар

Тадбиркорлик фаолияти ишончли ҳимояланмоқда

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларига бағишланган семинар ўтказилди.

«Қишлоқ қурилиш банк» ва «Капитал банк» акциядорлик тижорат банклари билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда партия фаоллари, тадбиркорлар ва банк ходимлари иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳанинг миллий иқтисодиётдаги ўрнини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур фармон асосида 2015 йил 20 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кичик бизнес субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштиришда муҳим омил бўлмоқда.

Семинарда мазкур қонунга мувофиқ тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар соҳани янада тараққий эттиришга хизмат қилаётгани қайд этилди. Хусусан, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолати биринчи марта содир этилган бўлса ва бунда тадбиркор ўз ихтиёри билан барча зарарни қопласа, жавобгарликдан бутунлай озод қилиниши, савдо қоидаларини бузган тадбиркорлик субъектлари иши маъмурий иш сифатида кўриб чиқилиши белгилангани соҳа вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш йўлида муҳим қадам бўлгани таъкидланди.

Партия фракцияси аъзолари ва мутахассислар тадбиркорлик субъектлари вакилларининг саволларига жавоб қайтарди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА