Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.09.2015 17:52 Янги қонунларга шарҳлар

Тадбиркорлик давлат ҳимоясида

Гулистонда ўтказилган “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзусидаги конференция-семинарда Сирдарё вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, тадбиркор ҳамда фермерлар иштирок этди.

Президентимизнинг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш механизмлари муҳокама этилган тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда тобора муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Иқтисодиётимизнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.

Сирдарёда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони йилдан-йилга ортиб бораётгани ҳам бунинг яққол тасдиғидир. 2010 йилда вилоятда 2 минг 500 тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, айни пайтда улар сони 7 мингдан ошди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳудудий маҳсулотдаги улуши 67,7 фоизга етди. Вилоятдаги иш ўринларининг 80 фоизидан кўпроғи ушбу соҳага тўғри келмоқда.

Банк кредитларидан самарали фойдаланаётган тадбиркорлар истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлар томонидан 1 минг 471 лойиҳа амалга оширилди. Шу ҳисобдан 15 минг 939 янги иш ўринлари яратилди.

Тадбиркорлар нафақат ички бозорни тўлдиришга, балки экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳам салмоқли улуш қўшмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят тадбиркорлари томонидан ўн турдаги 54,5 миллион сўмлик маҳсулот экспорти амалга оширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси Ш.Ғозиев, Сирдарё вилояти прокурори Я.Очилов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратишга қаратилган ишларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

– Тадбиркорларга давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари, мамлакатимиз қонунлари асосида яратиб берилаётган қулай имкониятлар юртимизни обод, бозорларимизни тўкин, халқимиз турмушини фаровон қилишнинг ишончли йўли эканини бугун ўз ҳаётимизда кўриб турибмиз, – дейди Янгиер шаҳридаги “Нозигул Сардор Олтин” масъулияти чекланган жамияти раиси Гулчеҳра Жонжигитова. – Яратилаётган имкониятлардан тўғри ва самарали фойдаланиш учун тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларда ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиш кўникмасини шакллантириш зарурлиги бугунги анжуманда энг муҳим масалалардан бири бўлди. Бу биз, тадбиркорларни янада фаол, изланувчан бўлишга ундайди.

Анжуманда давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги нормаларини аҳолига, хусусан, тадбиркорларга кенг тушунтириш, назорат органлари фаолиятида профилактика тадбирлари устуворлигига эришиш, бизнес субъектларининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш борасидаги вазифалар хусусида фикр алмашилди.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Конференция-семинарда Сирдарё вилояти ҳокими О.Ашурматов сўзга чиқди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА