ЎзА Ўзбек

16.09.2015 18:12 Янги қонунларга шарҳлар

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизми такомиллаштирилмоқда

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги ўрнини янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Нукусда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, тадбиркор ва фермерлар иштирокида бўлиб ўтган “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзусидаги конференция-семинарда бу алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ш.Хайруллаев, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори И.Полвонов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги роли ва ўрнини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий секторнинг самарали фаолият юритиши учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароитлар яратишга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Қорақалпоғистон Республикасида 10 минг 700 дан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 49,6 фоизни, хизматлар кўрсатишда 55,1 фоизни ташкил этмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан 16,1 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида улар томонидан 12 минг 900 янги иш ўрни яратилди. Соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида 258,2 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 64,1 миллиард сўм кўпдир.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги фармони, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятини тадбиркорларга тушунтириш юзасидан тарғибот ишларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган ғов ва чекловларни бартараф этиш, кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифатини янада ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

– Айни кунларда шаҳар ва туманларда Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини ўрганишга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Хўжамурат Қайпназаров. – Мазкур фармон ижроси ва тадбиркорларга яратилаётган солиқ, божхона ва бошқа турдаги имтиёзлар уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турини кенгайтириш ва сифатини янада яхшилаш, янги асбоб-ускуналар сотиб олишига имкон беради.

Семинарда ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, соҳа мутахассислари томонидан тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.

Конференция-семинарда Қорақалпоғистогн Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА