ЎзА Ўзбек

18.09.2015 17:03 Янги қонунларга шарҳлар

Тадбиркорлар манфаати – энг муҳим мезон

Бухорода “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзусида конференция-семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти, соҳани ривожлантиришда галдаги вазифалар хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси К.Комилов, Бухоро вилояти прокурори М.Азимов, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи А.Бозоров ва бошқалар мазкур фармон тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги ролини янада ошириш, соҳа фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, ишбилармонлар учун қулай иқтисодий ва ҳуқуқий шароит яратишда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Ушбу ҳужжатда тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини янада либераллаштиришни такомиллаштириш, рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартибларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида 40 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартишларга кўра, эндиликда хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларига нисбатан улар томонидан сохта банкротлик ҳамда банкротликни яшириш орқали етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганда озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жазо қўлланилмайди.

– Хўжалик процессуал кодексига ҳам тадбиркорлар манфаатини кўзлаб қатор ўзгартишлар киритилди, – дейди Бухоро вилояти хўжалик суди раиси ўринбосари Ш.Мирзаев. – Масалан, хўжалик судлари томонидан даъво аризасини қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунга қисқартилди. Шу пайтгача амал қилиб келган тартибдан фарқли равишда, меҳнатга оид низолардан ташқари барча турдаги корпоратив низолар, яъни, ҳар қандай шаклдаги юридик шахснинг ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши билан боғлиқ, шунингдек, унинг фаолиятидан келиб чиқадиган барча низоларнинг хўжалик судлари томонидан ҳал этилиши белгилаб қўйилгани фуқароларнинг вақтини тежаш, ҳуқуқларини қисқа муддатда тиклаш имконини беради.

Анжуманда солиқ тизимидаги қатор янгиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, якка тартибдаги тадбиркор ўзи томонидан ёлланган ҳар бир ходим учун назарда тутилган ставканинг 30 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқни, суғурта бадалларини эса ойига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида тўлайди. Тежаб қолинган маблағни ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтиради.

Тадбиркорлар лойиҳаларини амалга оширишда тижорат банкларининг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда.

– Президентимизнинг мазкур фармони тадбиркорлик ривожида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Когон туманидаги “Парравшантранс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Равшанов. – Аҳолининг тухум ва парранда гўштига бўлган эҳтиёжини таъминлашга биз ҳам ҳисса қўшмоқдамиз. Бунда банк кредити муҳим омил бўлмоқда. “Асакабанк”нинг вилоят филиали томонидан ажратилган бир миллиард сўмлик кредит эвазига корхонага замонавий технологиялар келтириб ўрнатдик. Бугунги кунда паррандалар сони 67 мингдан ошди. Иш ўрни 19 тага етди.

Айни пайтда вилоятда 30 мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Бу 2000 йилдагига нисбатан икки ярим баробар кўпдир. Кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 67 фоиз, саноатда 32, экспортда 30, бандликдаги ҳиссаси 78,6 фоизга етди. 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурига мувофиқ, жорий йилда кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини 68,2 фоизга етказиш, соҳага тегишли бошқа кўрсаткичларни ҳам янада ошириш кўзда тутилмоқда. Тадбиркорликка кенг эркинликлар берилаётгани, турли имтиёз ва преференциялар белгилангани фаолиятимизни янада кенгайтиришда мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади.

Конференция-семинарда Бухоро вилояти ҳокими М.Эсонов сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА