ЎзА Ўзбек

11.09.2015 17:10 Янги қонунларга шарҳлар

Тадбиркорлар манфаати доимий ҳимояда

Фарғонада “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида конференция-семинар бўлиб ўтди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган тадбиркор ҳамда фермерлар иштирок этган тадбирда Президентимизнинг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш механизмлари муҳокама этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва бугунги кунда ўзининг юксак самараларини бераётган Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт йўли – “ўзбек модели” халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тараққий этган давлатлар тажрибаси ҳамда халқимизнинг ишбилармонлик, ҳунармандлик фазилатларини ҳисобга олган ҳолда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга доимий эътибор қаратилмоқда. Шунга монанд иқтисодиётда нодавлат секторнинг улуши йилдан-йил ортиб бораётир. Асосийси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик одамларга ўз билим ва малакасидан, тадбиркорлик қобилиятидан келиб чиққан ҳолда эркин меҳнат қилиш, унинг маҳсулидан ўзи, оиласи ва жамият аъзоларини баҳраманд этиш, мулкка эгалик қилиш, барқарор даромад манбалари яратишнинг энг муҳим омилига айланди.

Хусусий секторга кенг эркинлик бериш, турли ғовларни бартараф этишга оид бир қатор муҳим ҳужжатларнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида рухсат бериш тартиб-таомиллари кескин қисқартирилди. Барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди. Бу амалда ана шу идораларнинг тадбиркор манфаатини таъминлаш йўлида хизмат қилишига кенг йўл очди. Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун айбдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди.

Мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга бундан-да кўпроқ эркинлик бериш, дуч келиши мумкин бўлган тўсиқларни олиб ташлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базаси тубдан қайта кўриб чиқилиб, тўлиқ янгиланиши туфайли кейинги йилларда хусусий мулкнинг ролини ошириш ҳамда ҳимоясини кучайтиришга доир 15 дан ортиқ қонун қабул қилинди. Охирги тўрт йилда 167 рухсат бериш, 19 лицензияланадиган фаолият тури бекор қилинди. Рухсат бериш характеридаги ҳужжатларни расмийлаштиришдаги йиғимлар 2 баробар камайди. 65 статистик, 6 турдаги солиқ ҳисоботи амалиётдан чиқарилди.

Олиб борилаётган бундай ишлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Фарғона вилоятида жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 7,1 фoизга ўсди. Қишлоқ хўжалигида 6,2, чакана савдо айланмасида 14,2, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришда 10,7, жами хизматларда 18 ва пуллик хизматлар кўрсатишда 13,8 фоиз ўсишга эришилди. Кичик бизнес ва хусусий секторнинг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улуши ортиб, 51,2 фоизга етди, умумий бандликдаги улуши эса 79,2 фоизни ташкил этмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 440,7 миллиард сўм миқдорида тижорат банклари кредитлари ажратилиб, бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 мартага ортди. Тадбиркорлик субъектларига яратилаётган шароитларнинг яхшиланаётгани уларга маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини кўпайтириш имкониятини яратмоқда. Улар томонидан 93,2 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. Кичик бизнес субъектларининг саноатдаги улуши ўтган йилги 26,5 фоиздан 30 фоизга, қурилишда 81,3 фоиздан 82,5 фоизга, аҳолига кўрсатилаётган пуллик хизматларда 47,6 фоиздан 48,2 фоизга кўтарилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, вилоят прокурори Б.Пўлатов ва бошқалар хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги ўрнини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, соҳа вакилларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини изчил ошириб бориш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ҳамда рағбатлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамияти хусусида сўз юритди. Тадбиркорликни янада ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлил этилди. Тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар олди.

– Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик фаолиятининг барча қирраларини қамраб олган, – дейди Фарғона шаҳридаги “Фар антикор инвест” хусусий корхонаси раҳбари Абдуқундуз Юнусов. – Бундан 15 йиллар аввал корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳафталаб вақт сарфланарди. Бугунга келиб тегишли тартибда рўйхатдан ўтиш, солиқ ва статистика ҳисоботларини топшириш электрон шаклда амалга ошириладиган бўлди. Президентимиз фармонида шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги “бир дарча” фаолиятини такомиллаштириш юзасидан белгилаб берилган чора-тадбирлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакилларини турли рухсат бериш характеридаги ҳужжатлар, лицензияларни олиш билан боғлиқ ташвишлардан халос этади. Айни кунларда корхонамизда ўндан ортиқ турдаги маҳсулотлар тайёрланмоқда. Берилаётган имконият ва имтиёзлар бизни янги лойиҳалар устида ишлашга ундамоқда.

Конференция-семинарда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА