ЎзА Ўзбек

08.09.2015 22:13 Янги қонунларга шарҳлар

Тадбиркорлар ҳимояси янада мустаҳкамланмоқда

Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари соҳа вакилларига янада қулай шароит ва рағбат яратмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуидаги республика конференция-семинари иштирокчилари ЎзА мухбирлари билан суҳбатда шулар ҳақида фикр юритди.

Неъматилла Деҳқонов, Тошкент вилоятидаги “Olplast” қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори:

– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик фаолиятининг барча қирраларини қамраб олган. Бундан 15 йиллар аввал корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳафталаб вақт сарфланарди. Бугунга келиб тегишли тартибда рўйхатдан ўтиш, солиқ ва статистика ҳисоботларини топшириш электрон шаклда амалга ошириладиган бўлди. Президентимиз фармонида туман ҳокимликлари ҳузуридаги «бир дарча» фаолиятини такомиллаштириш юзасидан белгилаб берилган чора-тадбирлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакилларини турли рухсат бериш характеридаги ҳужжатлар, лицензияларни олиш билан боғлиқ ташвишлардан халос этади.

Конференция-семинар давомида Юртбошимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги маърузаларни тинглаб, биз, тадбиркорлар ҳам қўл қовуштириб турмай, имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқариш суръатларини янада ошириб боришимиз зарур, деган хулосага келдим.

Соҳиб Акбаров, Самарқанд вилоятидаги “Алназар орзу сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

– Тадбиркорнинг ишига халақит берадиган, баъзан фаолиятининг бутунлай тўхтаб қолишига олиб келадиган ҳолат – бу турли ўринли-ўринсиз текширишлардир. Тасаввур қилинг, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган, ўнлаб одамлар ишлаётган корхонага электр таъминоти ёки бошқа бир ташкилот вакили келиб, арзимаган сабаблар билан корхона фаолиятини тўхтатиб қўяди. Бунинг оқибатида етказилган зарарни тадбиркорга ҳеч ким қоплаб бермайди. Президентимиз фармонида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилгани кўпчилик тадбиркор қатори мени ҳам хурсанд қилди. Бугунги конференция-семинарда таъкидланганидек, текширишлар муддатининг қисқартирилиши, тегишли солиқ ва бошқа мажбуриятларни ўз вақтида бажараётган тадбиркорлик субъектларини текширишга мораторий эълон қилиниши, энг асосийси, текширувлар корхонанинг тўлақонли иш олиб боришига тўсқинлик қилмаслигининг белгиланиши тадбиркор фаолиятига тўғаноқ бўлиб келган муаммолардан бирининг бартараф этилишида муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни айрим мутасаддиларга нисбатан аниқ жавобгарлик чораларини белгилаб берди. Булар тадбиркорлар учун катта имкониятдир.

Актам Аҳмедов, Қашқадарё вилоятидаги “Аҳмедов Актам Бухарович” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

– Ўтган даврда мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама ривожлантириш ва ҳимоялаш борасида амалга оширилган ишлар маҳсулини соҳанинг иқтисодиётдаги ўрни тобора ошиб бораётганида кўриш мумкин. Айниқса, прокуратура идоралари қошида ташкил этилган «ишонч телефони» биз учун катта аҳамиятга эга бўлди.

Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари мурожаатлари зудлик билан кўриб чиқилишини таъминлаш, ноқонуний текширувларни жойида аниқлаш, назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари поймол этилишига йўл қўймаслик мақсадида «ишонч телефони» фаолияти янада такомиллаштирилгани тадбиркорлар давлат ҳимоясида эканини амалда тасдиқлади.

Конференция-семинарда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Давлат солиқ қўмитаси раисининг маърузаларини тинглаб, «ишонч телефони»га ишонган, ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакили олдида турган ҳар қандай муаммони ушбу хизматдан фойдаланган ҳолда ечиши мумкинлигига яна бир бор амин бўлдим.

Ихтиёр Матмуродов, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судьяси:

– Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги фармони, жорий йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан соҳага оид қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилди. Қонун ҳужжатларига киритилган янгиликлар туфайли хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятининг янада эркин ривожланиши, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизми яратилди.

Қонун тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини янада кучайтирди. Бу борада суд органларининг масъулиятини оширди. Жумладан, хўжалик ишларини тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида Хўжалик процессуал кодексининг 116-, 122- ва 125-моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача камайтирилди.

Хўжалик судларига тааллуқли ишлар доираси кенгайтирилиб, меҳнатга оид низолардан ташқари барча корпоратив низолар хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланди. Хўжалик процессуал кодекси “Корпоратив низолар бўйича иш юритиш” деб номланган янги 204-боб билан тўлдирилди. Унда суд томонидан ҳал этиладиган корпоратив низолар турлари белгиланди. Мазкур низолар бўйича ишларни кўриб чиқиш тартиби ва ўзига хос хусусиятлари, низо бўйича даъво аризасига қўйиладиган талаблар, бу борада даъвони таъминлаш чоралари тартибга солинди.

Барча корпоратив низолар хўжалик судларига тааллуқлилигининг белгиланиши натижасида фуқароларнинг судма-суд овора бўлиб юришлари бартараф этилди. Ишларни янада сифатли кўриб чиқиш ва мазкур соҳада ягона суд амалиётини шакллантириш имконияти яратилди.

Давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ноқонуний ҳужжат қабул қилинганлиги ёхуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги оқибатида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволарни кўришда суд даъвогарнинг аризаси бўйича даъвони таъминлаш чораларини кўриши шартлиги белгиланди.

Кассация инстанцияси суди томонидан ишларни янгидан кўриш учун юбориш асосларининг камайтирилиши кодексга киритилган ўзгартишлардан биридир. Шу пайтга қадар кассация инстанцияси суди қуйи суднинг ҳужжати етарлича асосланмаган бўлса, уни бекор қилиш ҳамда ишни тегишли инстанция судига янгидан кўриш учун юбориши мумкин эди. Эндиликда кассация инстанцияси суди қуйи судлар томонидан ишларни кўришда фақат процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, суд ҳужжатини бекор қилиш ҳамда ишни тегишли инстанция судига янгидан кўриш учун юбориши мумкин. Бу билан низоларнинг судда узоқ вақт мобайнида кўриб чиқилиши ва фуқароларнинг судларда инстанцияма-инстанция юришларига деярли чек қўйилади.

Шокир Саидов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи:

– Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан Ягона порталга интеграция қилинган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш тизими автоматик равишда, яъни суткасига йигирма тўрт соат давомида узлуксиз ишлаш режимига ўтди.

Мазкур фармон асосида турли идоралар қошида фаолият юритаётган, алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган “бир дарча” хизматлари ўрнига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш Ягона марказлари ташкил этилмоқда. Бу давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиб, очиқлигини таъминлайди.

Президентимиз фармонида барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиқиб, қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бу борада муҳим қадам бўлди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, қонуннинг 14-моддаси биринчи қисмининг учинчи хатбошиси чиқариб ташланди. Бунинг моҳияти шундаки, лицензия олиш учун аввал юридик шахслар ҳам, жисмоний шахслар ҳам давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тегишли органга топширарди. Бу ҳужжатнинг эндиликда талаб қилинмаслиги тадбиркорлар учун яратилган яна бир қулайлик бўлди.

“Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддаси бешинчи қисмидаги “ўн кун муддат” деган сўзлар “уч кун муддат” деган сўзлар билан алмаштирилди.

Аҳамиятлиси, янги қонун билан лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бу жараёнда қонунбузарликнинг даражасига қараб жарима, ахлоқ тузатиш, ҳатто озодликдан маҳрум қилиш жазолари ҳам қўлланилади.

Давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланди. Жумладан, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби ва муддатларини бузиш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва муддатларини бузиш, шунингдек, давлат хизмати кўрсатишни ғайриқонуний равишда рад этиш ёхуд уни кўрсатишдан бўйин товлаш мансабдор шахслар ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахслар ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундай чоралар лицензия берувчи, давлат хизматлари кўрсатувчи органларнинг масъулиятини янада оширади. Муҳими, бу билан тадбиркорларга ҳар томонлама кенг қулайликлар яратилди.

Солия Матёқубова, Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги «Хушнуд» фермер хўжалиги раҳбари:

– Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йил 15 майдаги фармони қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди. Унда белгилаб берилган вазифалар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда ўз ифодасини топди.

Қонундаги нормалар ишбилармонлик ва фермерлик фаолияти янада юксалишига хизмат қилади. Хусусан, солиқ тўлашдан биринчи марта бўйин товлаган шахсга нисбатан у ўттиз кун ичида солиқ ва бошқа тўловлар, жумладан, пеня ҳамда бошқа молиявий санкциялар кўринишида давлатга етказилган зарарни қоплаган тақдирда, жиноят иши кўзғатилмаслиги ва жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилган.

Хўжалигимиз илк қалдирғочлардан ҳисобланади. 1990 йилда иш бошлаганимизда бу қадар имконият ва имтиёзларни хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик. Энди эса ана шундай ғамхўрлик боис хўжалигимиз йил сайин кенгайиб, кўп тармоқли бўлиб бормоқда. Ҳозир пахта, ғалла, пилла етиштириб, боғ парваришлаётирмиз. Келгусида балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш режамиз бор. Бунда ҳам қонунда кўрсатилган янгиликлар қўл келиши шубҳасиз.

Эркин Жўраев, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши котиби:

– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги фармони соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Барча назорат органлари учун режали текширишлар даврийлиги бирхиллаштирилди. Аввал назорат органлари учун ҳар хил режали текширишлар даврийлиги белгиланганлиги сабабли 2011-2015 йилларда 136 субъектда икки мартадан, 58 субъектда уч мартадан турли назорат органлари томонидан режали текширишлар ўтказилган. Белгиланган янги меъёр тадбиркорлик субъектларида турли назорат органлари томонидан ҳар йили ёки икки йилда бир марта режали текшириш ўтказилишининг олдини олди.

Фармонга мувофиқ, 2015 йил 1 июлдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолиятидаги барча режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида эса кўпи билан уч йилда бир марта амалга ошириладиган бўлди.

Тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, яъни бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни ўрганишни талаб этмайдиган режали текширишлар муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги белгиланди.

Бундан ташқари, фармонда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишларда фақатгина охирги режали текширувдан кейинги давр қамраб олиниши ҳам аниқ белгилаб қўйилди.

Бу меъёрлар 2015 йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Кенгаш тасдиқлаган 2015 йил текширишлар режа-жадвали қайта кўриб чиқилди. Натижада жорий йилнинг январь-август ойларида текширилган субъектлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга қисқарди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, назорат қилувчи орган режали текширув ўтказишнинг бошланиши ҳақида текширувни ўтказиш бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин тадбиркорлик субъектини текширув ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилади. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилаётган текширувлар уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишига тўсиқларни юзага келтирмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда.

Янги қонун асосида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик ҳам кучайтирилди. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодексига тегишли ўзгартишлар киритилди.

Эндиликда бу масалаларда айбдор шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Текширишлар камайиши баробарида қатъий тартибга солингани тадбиркорларнинг вақтини беҳуда олиш, кайфиятига салбий таъсир кўрсатиш каби ҳолатларга барҳам бериб, уларнинг самарали фаолият юритиши учун янада кенгроқ имконият яратади.

Раҳмиддин Шаропов, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги “Чорвадор” фермер хўжалиги раҳбари:

– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги фармонида хусусий тадбиркорликни сифат жиҳатидан тараққий эттириш учун зарур шарт-шароитни янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, ҳаётга татбиқ этилаётган бу каби ҳужжатлар ишбилармонлар сафи кенгайишида дастуриламал бўлмоқда.

Унга кўра, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб микрофирма, кичик корхона ҳамда фермер хўжаликлари фаолиятига оид текширувлар режали тартибда тўрт йилда бир марта ўтказилиши назарда тутилгани диққатга сазовор. Текширишларнинг ўн кундан ошмаслиги эса нур устига нур.

Хўжалигимиз кўп тармоқли. Ҳам фермер, ҳам тадбиркормиз. Баъзида бир кунда иккита-учта идорадан келган вакилларга турли ҳужжатларни тақдим қилиш керак бўлар, бу ҳол ойлаб давом этарди. Бу вақтимизни олиб, юмушларимиз самарадорлигига салбий таъсир қиларди. Энди ҳуда-беҳуда аралашишларга чек қўйилади, ноқонуний текшириш натижасида мулкдорлар ҳуқуқларини бузганларга жиноий жавобгарликка тортишгача чора кўрилади.

Икром Исканов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи ўринбосари:

– Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги фармони ва унинг асосида қабул қилинган янги қонун сўнгги йилларда ушбу соҳада ишлаб чиқилган, ўз кўлами ва мазмунига кўра энг муҳим норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Бу хусусий сектор фаолиятини кучайтириш ҳисобига иқтисодиётимизнинг жадал ривожланишига асос бўлиши шубҳасиз.

Қабул қилинган янги қонун хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга, тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва қонунга хилоф равишда аралашганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат ва бошқа давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлашга муҳим ҳуқуқий асос яратди.

Қонун билан давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес юритиш тартиби, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ўзаро муносабатлардан тортиб уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, жавобгарликни эркинлаштиришга қадар тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларига дахл қиладиган қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги анча кучайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” деб номланган янги боб билан тўлдирилди. Ўн бир моддадан иборат ушбу бобда хусусий мулк ҳуқуқи кафолатлари ўз ифодасини топган.

“Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш” деб номланган моддага назар ташлайдиган бўлсак, унда назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, яъни мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш каби жиноятлар учун катта миқдордаги жаримадан тортиб беш йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар белгиланди.

Қонунчиликдаги янгилик бўлган бу меъёр хусусий мулк устуворлиги принципига тўла мос бўлиб, амалда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига хизмат қилади.

Фароғат Абдуллаева, Урганч шаҳридаги «Устоз-шогирд» ҳунармандлик мактаби раҳбари:

– Қабул қилинган янги қонун биз каби ҳунармандларга янада кенг имкониятлар яратмоқда. 2015 йил 1 июлдан якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилди.

Қонунчиликка кўра, якка тартибдаги тадбиркор қатъий белгиланган солиқни фаолиятининг тури ва солиқ тўловчининг фаолиятини амалга ошириш жойига қараб белгиланган ставка бўйича тўлайди. Яна бир имтиёз. Якка тартибдаги тадбиркор якка тартибдаги тадбиркорнинг касб-ҳунар коллежи битирувчиси бўлган ходими учун қатъий белгиланган солиқни тўлашдан ушбу ходим коллежни тамомлаганидан эътиборан ўн икки ой мобайнида озод этилади.

Шавқиддин Жамолов, Навоий вилоятидаги «Навоий-люкс» корхонаси раҳбари:

– Янги қонун асосида жорий этилган нормалар тадбиркорлар мулкий манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига пухта асос яратди. Улар тадбиркор молиявий ҳолатининг ҳаддан ташқари ёмонлашишига йўл қўймасликка қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, солиқ тўловчи томонидан солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда битта жазо тайинлаш амалиёти ўрнатилади. Олдин бу борада қонунчиликда солиқ тўловчи солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда молиявий санкциялар ҳар бир ҳуқуқбузарликка нисбатан алоҳида-алоҳида қўлланилганини эътиборга олсак, янги меъёр тадбиркорни ўйлаб қилингани англашилади.

Аҳмад Некбоев, Тошкент шаҳридаги «Техкафолат люкс» хусусий корхонаси директори:

– Корхонамиз қурилиш фаолияти билан шуғулланади. Президентимиз фармони, янги қабул қилинган қонун биз учун жуда катта имконият эшикларини очди. 
 
Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга кўра, қўзғатилган жиноят иши доирасида назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ўтказиладиган текширувда адвокатнинг иштирок этиши мустаҳкамланди. Бу жараёнда тадбиркорнинг адвокатдан малакали юридик ёрдам олиши унинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли таъминлайди.

Тадбиркор фаолиятини текшириш пайтида текширишнинг мақсади, доираси эндиликда аниқ белгиланиб, бу текширувни тайинлаш тўғрисидаги қарорда акс этади.

Норгул Абдураимова, Сайёра Шоева, Беҳзод Бозоров, ЎзА