ЎзА Ўзбек

10.09.2015 19:53 Янги қонунларга шарҳлар

Тадбиркор ва фермерлар ҳуқуқи давлат ҳимоясида

Тошкент вилоятида “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида конференция-семинар бўлиб ўтди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, вилоят шаҳар ва туманларидан келган тадбиркор ҳамда фермерлар иштирок этган тадбирда Президентимизнинг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш механизмлари муҳокама этилди.

Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик Президентимиз раҳнамолигида қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда тобора катта аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида барча соҳалар қатори ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, саноат соҳасини модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, мақсадли дастурлар ижроси, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, иқтисодий ислоҳотларнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини изчил такомиллаштириш орқали тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли имтиёз ва преференциялар тизими яратилди. Хусусий мулк ҳуқуқлари ва унинг ҳимояси мустаҳкамланди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг ўн бешдан ортиқ қонуни, жумладан, янги таҳрирдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, шаҳар ва туманларда ахборот-маслаҳат маркази, риэлторлик, бухгалтерия ҳужжатларини юритиш бўйича тадбиркорларга кўмаклашувчи корхоналар фаолияти такомиллаштирилди. Адвокатлик бюролари, брокерлик идоралари, тижорат банкларининг филиаллари-ю суғурта компанияларининг бўлинмалари мижозларга тез, қулай ва ишончли хизмат кўрсатмоқда. Сўнгги 4 йилда 167 рухсат бериш тартиб-таомили, лицензия бериладиган 19 турдаги фаолият, шунингдек, 65 турдаги статистика ва 6 турдаги солиқ ҳисоботи бекор қилинди, рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш учун йиғимлар ҳажми 2 баробар камайтирилди.

Бу ишлар самарасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги таъминланди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 9 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 14,2 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2, кўрсатилган хизматлар ҳажми 12,8, чакана савдо айланмаси 16,9, пуллик хизматлар кўрсатиш 11,9 фоиз ўсди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга эркинлик бериш ва ривожлантириш йўлида учраётган тўсиқларни олиб ташлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли мазкур секторнинг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улуши ўтган йилги 41,3 фоиздан 41,9 фоизга етди.

Анжуманда вилоят прокурори Ж.Файзиев, давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Қ.Маматисаев, адлия бошқармаси бошлиғи Л.Мусашайхов ва бошқалар хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратишга қаратилган ишларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хусусий мулк ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган янги қабул қилинган қонунчилик нормаларининг ижросини амалиётда сўзсиз таъминлаш”, “Хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтириш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш борасида давлат солиқ хизмати органларининг вазифалари”, “Барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига “бир дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ташкил этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуларида маърузалар тингланди.

– Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги фармонида хусусий тадбиркорликни сифат жиҳатидан тараққий эттириш учун зарур шарт-шароитни янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган, – дейди Зангиота туманидаги “Дентафил плюс” хусусий корхонаси директори Саркор Эсонбоев. – Мазкур конференцияда иштирок этиб, бошқа тадбиркор ва фермерлар фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳаётга татбиқ этилаётган бу каби ҳужжатлар ишбилармонлар сафи кенгайиши ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми ортишида муҳим дастуриламал бўлаётгани гувоҳи бўлдим. Биз IСО 9001 сертификати билан фаолият юритар эдик. GMP халқаро сертификатини қўлга киритдик. Иқтисодчи тили билан айтганда, бу маҳсулот экспорти “географияси” кенгайишида жуда қўл келаётир. Ўтган йили маҳаллийлаштириш дастури доирасида иккита йирик лойиҳани амалга оширдик. Натижада корхонага 20 миллион долларга яқин сармоя киритилди. Бу маблағлар асосан корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтириш ва янгилаш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини оширишга йўналтирилди. Биз, тадбиркорларнинг шундай ютуқларга эришишимизда давлатимиз раҳбари томонидан яратилаётган кенг шароитлар жуда қўл келаяпти.

Конференция-семинарда Тошкент вилояти ҳокими А.Усмонов сўзга чиқди.

Бекзод Ҳидоятов, ЎзА