ЎзА Ўзбек

16.06.2015 12:35 Янги қонунларга шарҳлар

Суғурта орқали ҳимоялаш тизими янада кенгаяди

Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳамда иқтисодиётга инвестицияларни кенг жалб этишда суғурта муҳим ўрин тутади. Соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар, суғурта фаолиятига оид қонунчилик такомиллаштирилаётгани аҳолининг суғурта компанияларига бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Мамлакатимизда ихтиёрий шахсий суғурталаш билан бир қаторда мажбурий суғурта тизими ҳам ривожланмоқда. Бу фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини, шунингдек, корхона, ташкилот ва давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилаётир.

2015 йил 27 майда эълон қилинган “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни соҳани янада ривожлантириш, суғурта бозоридаги муносабатларни янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлди.

Қонун 6 боб, 26 моддадан иборат бўлиб, уни ишлаб чиқишда соҳага оид халқаро ҳуқуқий меъёрлар чуқур таҳлил этилди. Хорижий тажрибани ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, йўловчиларнинг манфаатларини тўла ҳимоя қилиш учун йўловчиларнинг мажбурий шахсий суғуртаси ўрнига, ташувчининг йўловчилар олдида фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш механизми қўлланилмоқда. АҚШ, Европа Иттифоқининг деярли барча давлатлари, Канада, Япония каби мамлакатларда шу йўналишда қонун қабул қилинган ва ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизими жорий этилган.

Янги қонунда ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш амалиёти назарда тутилган. Бу Ўзбекистон Республикаси ҳудудида транспорт воситаларининг барча турларида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни кафолатлайди.

Шу кунга қадар йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича суғурта ҳимояси 1993 йил 7 майда қабул қилинган “Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида”ги қонун билан таъминлаб келинган. Унда йўловчиларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш кафолати етарли даражада эмас эди.

Янги қонун билан эски қонунчиликда мавжуд бўлган муайян бўшлиқлар барҳам топади. Муҳими шундаки, қонун билан ташувчининг ҳуқуқий мақоми белгиланган. Унга кўра, ташувчи сифатида шаҳар йўловчи транспортида, темир йўл, ҳаво, дарё транспортида ва бошқа транспортларда йўловчиларни ҳамда уларнинг мол-мулкини тижорат асосида ташиш бўйича хизматлар кўрсатувчи ва унинг учун махсус рухсатномага ёки лицензияга эга бўлган юридик шахс белгиланган.

Бундан ташқари, мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари ва уни тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши, амал қилиш муддати, суғурта пули, низоларни ҳал этиш тартиби аниқлаштирилган. Эндиликда йўловчи, жабрланувчи ва наф олувчи ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари тўғрисидаги ахборотни ҳамда суғурталовчи ҳақидаги зарур маълумотларни ташувчидан бепул олиш ҳуқуқига эга.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб, суғурталовчиларга нисбатан алоҳида талаблар белгиланган. Хусусан, суғурталовчи тегишли лицензияга эга бўлиши зарур. Ўз навбатида, у Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузишга, ташувчилар, жабрланувчилар ва наф олувчиларнинг суғурта товон ҳақидаги талабларини кўриб чиқишга ҳамда суғурта товонини амалга оширишга ваколатли ўз филиалларига эга бўлиши лозим.

Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга оширишга ҳақли бўлган суғурталовчилар ўртасида суғурта шериклигини тузиш тўғрисида ёзма битим тузилиши шарт. Ушбу талаб суғурта ҳодисаси содир бўлган ташувчи, йўловчи ва наф олувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади ҳамда суғурталанувчиларнинг молиявий барқарорлигини таъминлайди. Бу каби талаб амалдаги қонунчиликни транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга оширувчи суғурталовчиларга қўйилган. Унга кўра, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ суғурталовчилар тўловларни кафолатлаш жамғармаси билан ёзма битимлар тузишлари шарт.

Қонунда ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбурияти бажарилишини назорат қилишни амалга оширувчи давлат органлари ҳам белгилаб қўйилган. Унга кўра, бундай вазифалар Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ваколатга эга бўлган бошқа давлат органлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Расман эълон қилинганидан кейин олти ой ўтгач кучга кирадиган янги қонун мажбурий суғурта тизимининг кенгайиши ҳисобига суғурта бозори ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши, кўрсатилаётган хизмат сифатининг янада ошишига ва янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Отабек Мирзаев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари
мониторинги институти бош мутахассиси.


ЎзА