Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

27.10.2015 17:17 Янги қонунларга шарҳлар

Спорт ривожининг янги босқичи

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари соҳани изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

2015 йил 5 сентябрда эълон қилинган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Сертификациялаш ва компьютерлаштириш маркази директори Шавкат Султонов билан суҳбати мазкур қонун мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида бўлди.

– Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилган эзгу ишлар замирида, аввало, соғлом авлод, соғлом миллатни шакллантириш мақсади мужассам. Шу мақсадда соҳани қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Бугун Ўзбекистонда барча соҳалар қатори спорт ҳам жадал ривожланаётир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўғил-қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун халқаро стандартлар даражасида шарт-шароит яратиш мақсадида 2002 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинди. Жамғарма томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудида замонавий спорт мажмуалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, сузиш ҳавзалари, стадион ва спорт манежлари қурилиб, фойдаланишга топширилди ва бундай эзгу ишлар изчил давом этмоқда.

Аҳоли, айниқса, болалар, ёшлар ва хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда 2 миллиондан зиёд ўғил-қиз спорт билан шуғулланмоқда. Мамлакатимизда уч босқичли спорт ўйинлари – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари мунтазам ташкил этилаётир. Ўзбекистонда қатор спорт турлари бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, нуфузли турнирлар юқори савияда ўтказилмоқда.

Бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, халқаро спорт ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни вояга етказишга хизмат қилмоқда.

– Янги қонун билан жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонунчиликка бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шулар ҳақидаги фикрингиз?

– “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонуннинг 2000 йилдаги таҳрири қабул қилинганидан буён унда белгиланган нормаларни тартибга солувчи бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда қўллаш юзасидан етарли тажриба тўпланди. Соҳага оид қонуности ҳужжатлари инвентаризация қилинганда, унда қонун даражасида мустаҳкамланиши лозим бўлган бир қатор нормалар аниқланди. Бундан ташқари, ўтган даврда бюджет қонунчилиги ва бошқа қонунчилик, жумладан, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга бир қатор ўзгартишлар киритилгани боис амалдаги қонунни Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириш зарурати юзага келди. Бу сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш мақсадида қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди.

Президентимизнинг 2014 йил 19 февралдаги “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг иккинчи бандида “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси Олий Мажлисга киритилиши белгилаб қўйилди.

Қонунни ишлаб чиқишда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, замонавий ва самарали спорт инфратузилмасини шакллантириш, юқори тоифали спортчилар ва спорт захирасини тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга доир талабларни жорий этиш каби кўплаб йўналишларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

– Қонунни ҳаётга татбиқ этиш қандай янги имконият ва қулайликлар яратади?

– Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонуни 8 боб ва 47 моддадан иборат. Қонунда жисмоний тарбия ва спортни давлат томонидан бошқаришга ваколатли орган билан жойлардаги соҳага тегишли давлат ҳокимияти органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасида ваколатларни тақсимлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Қонунда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги асосий тушунчаларга таъриф берилган. Соҳа фаолиятини ташкил этиш, миллий спорт турлари ҳамда аҳолини жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб қилишга доир нормалари, жисмоний тарбия ва спортни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими қонуний мустаҳкамланди. Мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва самарали спорт инфратузилмасини яратиш, спорт захирасини тайёрлаш тизими, Ўзбекистон Республикаси терма жамоаларини шакллантириш ва фаолиятини тартибга солишни такомиллаштириш белгилаб қўйилган.

Спорт ва жисмоний тарбия ташкилотларининг ўзаро муносабатлари (спорт фаолияти тўғрисидаги шартнома, спортчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, допингга қарши курашиш) ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Жисмоний тарбия ва спортни таълим, соғлиқни сақлаш тизимларида, Қуролли Кучларда, аҳолининг иш ва дам олиш жойлари бўйича, жумладан, спорт клублари, спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежларида ташкил қилинишини янада кенгайтириш, ногиронлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор каратилган. Соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унинг таълим ва тиббиёт таъминотини тартибга солишга доир меъёрлар киритилган.

Қонунда таълим муассасалари, фуқароларнинг иш, яшаш ва дам олиш жойларида жисмоний тарбия ва спортга алоҳида эътибор каратилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 июндаги “Ўқувчи ва талаба ёшларни спортга жалб қилишга қаратилган узлуксиз спорт мусобақалари тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари меъёрларидан ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларидан келиб чиқиб қайта ишланди ва кенгайтирилди.

Миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини янада ривожлантириш масалалари қонунда алоҳида модда сифатида киритилган. Бу борада давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия, спорт ташкилотлари ва бошқа муассасаларнинг миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантиришга кўмаклашиши, халқаро майдонда ўзбек миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг обрўсини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиши белгиланган.

Маълумки, ҳозирги кунда спортда допингга қарши курашиш дунё спорт жамоатчилиги эътиборида турган энг долзарб масалалардан биридир. 2000 йилдаги қонунда спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, спортда қўлланиш ман этилган воситалардан фойдаланишнинг олдини олиш масалалари қисқача белгилаб берилган эди. 2011 йил 1 июнда Ўзбекистон Республикаси 2005 йил 19 октябрда Парижда қабул қилинган “Спортда допингга қарши кураш ҳақида”ги қонвенцияни ратификация қилгани мамлакатимизда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолатдир. Мазкур қонвенция низомларидан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги қонуннинг 27-моддасида спортда допингнинг олдини олиш ва допинг билан курашиш қоидалари, допинг назорати ўтказилиш тартиби белгиланди.

Қонунда жисмоний тарбия ва спортнинг пойдевори бўлган спорт иншоотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларни сифатли спорт анжомлари билан таъминлашга қаратилган қоидалар киритилган.

Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар болалар ва ўсмирларнинг жисмоний ривожланишини ҳар йили мониторинг қилишни ташкил этиш, ўғил-қизларда ўз соғлиғи, ота-оналарда фарзандларининг жисмоний тарбиясига масъулиятини оширишга, ўсиб келаётган авлодда спорт билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш кўникмаларини шакллантиришга, уларни турли зарарли одатлардан ҳимоялаш чораларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларига қонунда алоҳида эътибор қаратилган. Спортчи, мураббий ва спорт тури бўйича ҳакамларнинг маълумоти, иш стажи, касб тайёргарлиги даражасига боғлиқ ҳолда спорт унвонлари, спорт разрядлари ва малака тоифалари тизими қонунда акс этган. Спорт турлари бўйича спорт унвонлари ва спорт тоифаларини бериш тартиби, меъёрлар ва талаблар, уларни бажариш шартларини белгилаш, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни замон талабларига мос равишда ривожлантириш, жаҳон амалиётида тўпланган тажрибалар ва ютуқларни жисмоний тарбия ва спорт соҳасига татбиқ қилишга урғу берилган.

Қонун мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга замин яратади. Бу аҳоли, айниқса, ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан ва маънан баркамол инсон бўлиб вояга етишини таъминлаш, спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқаро спорт ареналаридаги ютуқлар салмоғини янада оширишга кенг йўл очади.

Байрам Айтмуродов, ЎзА