ЎзА Ўзбек

11.02.2014 15:56 Янги қонунларга шарҳлар

Солиқлар тараққиётга хизмат қилмоқда

Мамлакатимизда олиб борилаётган бюджет ва солиқ соҳаларини либераллаштириш жараёнлари иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши ва аҳоли фаровонлиги ошишида муҳим омил бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, жорий йилда ҳам солиқ юкини янада камайтириш, жумладан, юридик шахслар учун фойда солиғи ставкасини 9 фоиздан 8 фоизга, жисмоний шахслар учун энг кам солиқ ҳажмини 8 фоиздан 7,5 фоизга тушириш иқтисодиётимиз ривожида катта аҳамият касб этади.

Бундай солиқ енгилликлари 130 миллиард сўмдан ортиқ маблағни тежаш ва уни корхоналар ихтиёрида қолдириб, уларнинг ўз айланма маблағларини кўпайтириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш, шунингдек, аҳоли даромадларини 90 миллиард сўмдан кўпроқ ошириш имконини беради.

ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси солиқ солиш методологияси бошқармаси бошлиғи Абзоир Ғаффоров билан суҳбати солиқ соҳасидаги ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамияти хусусида бўлди.

– Жорий йилда ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда, – дейди А.Ғаффоров. – Бу борада Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 25 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб, шу асосда тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароит такомиллаштирилиб, ишбилармонлик муҳити янада яхшиланмоқда.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаларининг пасайтирилиши билан бир қаторда, бошқа аҳоли пунктлари, жумладан, қишлоқ жойларида газета, журнал ва китоб маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси 2014 йил 1 январдан бошлаб, энг кам иш ҳақининг 2 баробаридан 0,5 бараварига пасайтирилди. Ушбу солиқ ставкаси йил бошида амал қилган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб аниқланиши ва йил давомида энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарган тақдирда ҳам қайта кўриб чиқилмаслиги белгилаб қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 26 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги фармонига биноан хўжалик юритувчи субъектларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни ривожлантириш мақсадида айрим солиқ имтиёзлари муддатлари узайтирилди. Жумладан, уй шароитида халқ бадиий ҳунармандлиги ва амалий санъати буюмлари ишлаб чиқарадиган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий корхонага белгиланган солиқ имтиёзлари 2017 йилнинг 1 январигача, меҳнат шартномаси асосида касаначиларга тўланадиган маблағларга тенг миқдорда меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод қилиш 2019 йилнинг 1 январигача узайтирилди.

– “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида тадбиркорлик субъектларига қандай енгилликлар яратилди?

– Ўтган йил декабрь ойида қабул қилинган мазкур қонун 2014 йилга мўлжалланган солиқ сиёсати концепциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларини ижро этиш юзасидан, шунингдек, бир қатор қонун ҳужжатларининг нормаларини бир хил қўллаш учун уларни аниқлаштириш мақсадига хизмат қилади. Унда солиқ солиш тизимини соддалаштиришга, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлашга ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Солиқ кодексининг 114-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилишдан тушган тушумни яшириш ёки камайтириб кўрсатганлик учун қўлланиладиган молиявий жарима ушбу яширилган ёки камайтириб кўрсатилган сумманинг йигирма фоизи миқдорида белгиланди. Аввал бундай жарима миқдори юз фоизни ташкил этган.

Бундан ташқари, эндиликда яширилган ёки камайтириб кўрсатилган суммага нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш амалга оширилади. Мазкур янгилик бир томондан, умидсиз солиқ қарзи пайдо бўлишининг олдини олса, иккинчи томондан, солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаётган шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини янада такомиллаштирди.

Солиқ кодексига киритилган яна бир ўзгартиш билан ягона ер солиғи тўловчилар давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди.

– Солиқ кодексига киритилган “Бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар” деб номланган янги бўлимнинг моҳиятига тўхталиб ўтсангиз.

– Бундан кўзланган асосий мақсад аҳоли, айниқса, ёш авлод манфаатлари муҳофазасини кучайтиришдир. Чунки Бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ана шундай хайрли мақсадларни амалга ошириш учун ташкил этилган.

Янги бўлимда мазкур жамғармага мажбурий ажратмаларни тўловчилар, солиқ солиш объекти, солиқ солинадиган база, солиқ даври, ҳисобот даври, мажбурий ажратмаларни ҳисоблаб чиқариш, ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлаш тартибини ўз ичига қамраган меъёрлар акс эттирилди.

Аниқроқ айтганда, ушбу жамғармага ажратмаларни тўловчилар Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслардир.

Аксарият юридик шахслар учун соф тушум жамғармага мажбурий ажратма учун солиқ солиш объекти ва солиқ солинадиган база ҳисобланади. Айрим даромадлар, жумладан, ҳаётни суғурта қилиш соҳасига тааллуқли шартномалар бўйича суғурта мукофотлари ёки бадаллари, қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича топширилган тўловлар суммалари каби даромадлар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Солиқ тўловчилар турли солиқ солиш объектларига эга бўлган ҳолларда, улар бунинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши зарур ва тегишли объектлардан келиб чиққан ҳолда жамғармага мажбурий ажратмаларни тўлаши шарт.

Бу каби меъёрлар ҳамда мажбурий ажратмаларни ҳисоблаб чиқариш, уларнинг ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлаш тартибининг Солиқ кодексида жамланган ҳолда акс эттирилгани нафақат солиқ тўловчилар, балки соҳа ходимлари учун ҳам катта қулайлик яратди. Чунки бунгача ушбу йўналишда қонуности ҳужжатлари асосида иш олиб борилган.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қонун солиқ соҳасига оид кўплаб янгиликларни ҳаётга жорий этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиши билан бирга, юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, уларни уй-жой билан таъминлашда қўшимча қулайликлар ҳам яратди. Чунки давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 3 августда қабул қилинган “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган меъёрлар Солиқ кодексида ҳам акс эттирилди.

Унга кўра, юридик шахсдан – иш берувчидан ёш оилалар аъзолари томонидан уй-жой олиш учун олинган маблағлар, шунингдек, тегишли банклар томонидан ушбу мақсадлар учун бериладиган ипотека кредити бўйича бошланғич бадал сифатида қурувчи шахс томонидан олинган маблағлар жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмаслиги белгилаб қўйилди. Бу ана шу маблағлар солиққа тортилмаслигини билдиради.

Шу билан бирга, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуришга кредитлар берадиган банклар рўйхати кенгайтирилди.

Бундан кўриниб турибдики, миллий қонунчилигимиз асослари халқнинг фаровон ҳаёти, жамият равнақини кўзлаган ҳолда такомиллашиб, мукаммаллашиб бормоқда. Уларнинг амалий ижроси ўз вақтида, тўлақонли таъминланиши мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади.


ЎзА, Норгул Абдураимова