Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

29.09.2016 18:19 Янги қонунларга шарҳлар

Ўсимлик оламидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асоси

Ўзбекистон бой табиати ва ноёб биологик ресурслари билан алоҳида ажралиб туради. Юртимизда ўсадиган 4 минг 600 дан ортиқ ўсимликнинг тўққиз фоизи эндемик ҳисобланади, яъни сайёрамизнинг бошқа ҳудудларида учрамайди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида экология соҳасида 30 га яқин қонун ва 150 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни ўз ичига олган мустаҳкам қонунчилик асоси яратилди.

1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун бу борадаги ишларда муҳим дастуриламал бўлди. Ўтган йилларда ушбу соҳага оид олтмишдан ортиқ қонуности ҳужжати қабул қилинди.

Ўзбекистон БМТнинг биохилма-хилликни асраш, ўсимлик оламини муҳофазалашга оид қатор конвенцияларини имзолади ва улар асосида зиммага олинган халқаро мажбуриятларни ўз вақтида бажариш мақсадида миллий стратегия ва ҳаракат режалари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майдаги “2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда турли тоифадаги ўттизга яқин муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ташкил этилган. Уларни паспортлаштириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг кадастрини юритиш ишлари амалга оширилмоқда.

Камёб флора турларини асраш, экологик тизимлар барқарорлигини сақлашга йўналтирилган кўплаб илмий-амалий лойиҳалар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Олимларимизнинг ана шу йўналишдаги изланишлари натижасида илгари фанга маълум бўлмаган кўплаб ўсимлик турлари аниқланиб, улармуҳофазага олинди. Ўзбекистон “Қизил китоб”ининг янги нашри тайёрланди.

– Олимларимиз мазкур янги нашрни тайёрлаш мақсадида кенг қамровли илмий экспедицияларни амалга оширди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти геоботаника ва ўсимликлар экологияси лабораторияси мудири, биология фанлари номзоди Ҳабибулло Шомуродов. – Тадқиқотлар натижасида “Қизил китоб”нинг илгариги нашрларига киритилган элликка яқин ўсимлик турларининг табиий популяцияси сезиларли даражада тиклангани маълум бўлди. Булар Корольков заъфарони, ноксимон нормушк, анзур пиёз, Олой наталиелласи, Сўғд лоласи каби ўсимликлардир. Бу мамлакатимизда табиатни муҳофазалаш борасида олиб борилган изчил ишларнинг ўзига хос самарасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев имзолаган ва 2016 йил 21 сентябрда кучга кирган “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрири бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, яшил бойлигимизни муҳофазалаш ва кўпайтиришга йўналтирилган мажмуавий чора-тадбирлар қўллашнинг ҳуқуқий асосларинибелгилаб беришга хизмат қилади.

Қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш жараёнида Хитой, АҚШ, Япония каби етакчи давлатларнинг экологик қонунчилиги, ёввойи флора ва фаунанинг табиий яшаш ареалларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатлар атрофлича ўрганилган. Бир қатор халқаро конвенциялар, биологик ресурсларни муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш соҳасига оид махсус илмий адабиётлар таҳлил қилинган.

Қонун лойиҳаси давлат органлари мутахассислари, экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакиллари, хорижий экспертлар иштирокида муҳокамадан ўтказилди. Жойларда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган конференциялар, давра суҳбати, семинар ва учрашувлар ўтказилиб, оммавий ахборот воситаларида ўнлаб мақолалар чоп этилди. Кенг жамоатчилик ўртасида ўтказилган ана шундай муҳокамалар даврида илгари сурилган таклиф ва тавсиялар асосида қонун лойиҳаси нормаларига тегишли тузатишлар киритилди.

– Олти боб, эллик бир моддадан иборат янги таҳрирдаги қонунда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ислом Хушвақтов. – Қонунда ушбу соҳада қўлланиладиган барча атама ва тушунчаларга батафсил изоҳ берилган. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари, ўсимлик дунёсига бўлган мулкчилик ҳуқуқи белгиланган.

Соҳадаги вазифаларнинг миқёси ва кўлами мамлакатимиз ҳамда минтақада экологик ҳолатни соғломлаштириш, экологик муаммоларни комплекс ҳал этишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қилади. Шу сабабли фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда аҳолининг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлашда иштирок этиши қонунда ўз ифодасини топган.

Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш комплекс чора-тадбирларни талаб қилади. Шу сабабли қонунда ўсимлик дунёси объектларидан умумий ва махсус фойдаланиш, ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсатнома бериш тартиби тўлиқ тартибга солинган. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни сунъий яратилган шароитларда, ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш йўли билан муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган.

Юртимизда ўсимлик дунёси объектларининг давлат ҳисобини юритиш тизими ташкил этилмоқда. Натижада ўсимлик захираларига техноген ва инсон омили салбий таъсирининг олдини олиш, яшил бойлигимиздан оқилона фойдаланишга эришилмоқда. Қонунчиликда бу борада фаолият юритаётган мутасадди органларнинг, ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ўсимлик дунёси объектлари давлат кадастри бўйича зарур ахборотни тегишли ваколатли идораларга тақдим этиш механизми аниқлаб берилган.

Айтиш жоизки, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш тегишли давлат органлари ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан белгиланган квота асосида амалга оширилади. Қонунчилигимизда бу борада қонунбузарлик содир этилганда йиғилган ва тайёрланган ўсимлик дунёси объектларини олиб қўйиш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасидаги низоларни ҳал этиш, шунингдек, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларини муҳофаза қилишда Ўзбекистон “Қизил китоб”ини юритишнинг тартиби белгилаб қўйилган.

Қонунда ўсимлик дунёсини ва у кўпаядиган жойларни сақлаб қолишга йўналтирилган биотехник тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимлик турларини табиий муҳитдан ажратиб олиш, ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатномалар олиш тартиби, махсус фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш асослари ҳам белгиланган. Ўсимлик дунёси объектларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш шартлари, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларини муҳофаза қилиш, ўсимлик дунёсини такрор кўпайтириш чоралари кўрсатилган.

Янги таҳрирдаги «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни яшил бойлигимизни, айниқса, биологик хилма-хилликнинг таркибий қисми бўлган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларини ҳамда уларнинг генетик фондини сақлаб қолиш ва қайта тиклаш самарадорлигини оширишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Баҳор Хидирова, ЎзА