ЎзА Ўзбек

21.04.2016 17:51 Янги қонунларга шарҳлар

Парламент назорати қонунийликни мустаҳкамлайди

Жамиятда қонунийликни таъминлашда назорат институти муҳим ўрин тутади.

Унинг маъмурий назорат, прокурор назорати, экологик назорат, санитария-эпидемиология назорати, ишлаб чиқариш назорати, солиқ назорати, божхона назорати каби турларини кўпчилик билади. Улар ўз номи билан муайян соҳани назорат қилади.

Хўш, парламент кимни ёки қайси соҳани назорат қилади?

2016 йил 12 апрелда матбуотда эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунида парламент назоратининг объектлари аниқ белгиланган. Яъни парламент давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини, уларнинг мансабдор шахсларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Давлат дастурларини ижро этиши, шунингдек, ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан назорат қилади.

Парламент назорати мақоми, ўрни ва роли билан ажралиб туради. У олий давлат вакиллик органи – халқ сайлаган вакиллар томонидан амалга оширилади.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳокимиятлар бўлиниши тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, парламентнинг давлат ҳокимияти тизимидаги ролини ошириш, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг назорат функцияларини кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 2014 йилда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига парламент назорати институтини конституциявий тарзда мустаҳкамлаш, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг назорат функцияларини янада кенгайтириш ҳамда кучайтиришга қаратилган тузатишлар киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим қадам бўлди. Шу асосда Конституция ва қонунлар талабларининг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ягона ва бир тизимга солинган ҳуқуқий базаси яратилди.

Қонун 28 моддадан иборат бўлиб, парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Қонунда парламент назорати субъектлари, объекти, амалга ошириш шакллари, субъектларнинг мажбуриятлари, парламент назорати натижалари ва бошқа жиҳатлар белгиланган.

Қонуннинг 3-моддасига кўра, Олий Мажлис палаталари, қўмиталари, комиссиялари, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари, депутатлар ва сенаторлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) парламент назорати субъектлари ҳисобланади.

Жаҳон парламентаризми тажрибасига назар солсак, давлат ва жамият ҳаётининг энг муҳим соҳаларини парламент назорат қилади. Бюджетни тасдиқлаш ва унинг ижросини кўриб чиқиш, ҳукумат ёки вазирларнинг ҳисоботларини эшитиш, парламент текшируви, қонун татбиқ этилишини ўрганиш шулар жумласидандир.

Мамлакатимиздаги парламент назорати шакли халқаро андозаларга тўлиқ мос келади. Жумладан, давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижроси боришини кўриб чиқиш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботини эшитиш парламент ваколатига киради. Янги қонунда ҳукумат аъзоларининг ахборотини, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Марказий банк ҳисоботларини эшитиш, парламент сўрови, депутат ва сенатор сўрови, Олий Мажлис палаталари қўмиталари томонидан қонун ҳужжатлари ижро этилаётганлигини ўрганиш каби парламент назорати шакллари ҳам ўз ифодасини топган.

Айниқса, қонунларни ижро этиш мақсадида қонуности ҳужжатлари қабул қилинишини мониторинг қилиш, парламент текширувини амалга ошириш, қонунийликни таъминлаш, ижро интизомини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Қонунда белгиланган назорат шаклларининг барчаси парламентга катта имкониятлар беради. Биргина “Давлат бюджети ижро этилишини кўриб чиқиш” шакли орқали ҳаётимизнинг кўплаб соҳаларига таъсир кўрсатиш мумкин.

Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги масалани дастлабки тарзда муҳокама қилиш давомида фракциялар, депутатлар гуруҳлари ва Қонунчилик палатасининг қўмиталари давлат бюджетининг даромад қисми ижроси хусусида, ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиш ҳолати тўғрисида тегишли органлардан қўшимча ахборот олиши мумкин. Шунингдек, уларнинг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланиш ҳақидаги маълумотларни талаб қилиб олиш, бунда фракциялар, депутатлар гуруҳлари жойларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши масалаларини Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталари томонидан ўрганиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

Маълумки, ҳар қандай назорат ўзининг самараси, натижаси билан мантиқий якунига етади. Шунинг учун ҳам якуний чораларнинг аниқ, равшан белгилаб қўйилиши парламент назорати мақсадига эришилганлигини баҳолашда, таҳлил қилишда жуда муҳим жиҳат ҳисобланади. Шу маънода қонуннинг 21-моддасида парламент назорати субъектлари ўз ваколатлари доирасида парламент назорати натижалари бўйича амалга ошириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар белгилаб қўйилган. Уларнинг энг муҳимларидан бири сифатида назорат якуни бўйича янги қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш ёки амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан киритилган маърузаларни, ҳисоботларни, ахборотни ҳамда бошқа материалларни улар юзасидан мулоҳазалар ва таклифларни кўрсатган ҳолда ушбу органларга маромига етказиш учун белгиланган тартибда қайтариб юбориш, парламент назорати натижаларини эълон қилиш мумкинлиги кабиларни алоҳида қайд этиш лозим.

Экспертларнинг фикрича, парламент назорати бошқа давлат назорати турларидан фарқли равишда асосий мақсади кимнидир жазолаш эмас, балки қонунчиликни такомиллаштириш йўли билан муаммоларга чора кўриш ҳисобланади. Парламент назорати натижаларини эълон қилиш тартиби ҳам ривожланган демократик давлатлар тажрибасида қўлланиладиган сиёсий-ҳуқуқий таъсир воситаси ҳисобланиб, тегишли мансабдор шахслар фаолияти жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлади.

Қонуннинг 22-моддасида парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар бажарилишини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилий-ҳуқуқий механизмлар назарда тутилган. Уларнинг ичида энг муҳимлари сифатида парламент назорати натижалари бўйича ишлаб чиқилган таклифлар ва тавсияларни амалга оширишга қаратилган зарур тадбирларни ишлаб чиқиш ва (ёки) қарорлар қабул қилиш, қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўришни келтириб ўтиш мумкин.

Назорат бўйича берилган ваколатларни суиистеъмол қилмаслик учун қонуннинг 23-моддасида тегишли қонуний кафолатлар яратилган. Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга ошираётган фаолиятига аралашмаслик; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг фаолият кўрсатиши учун тўсиқларни юзага келтирмаслик шулар жумласидандир.

Айни вақтда парламент назорати самарали амалга ошиши учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ҳам муҳим ҳисобланади. Қонуннинг 24-моддасида парламент назорати амалга оширилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, парламент назорати субъектларининг қонуний талабларини бажариш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслик, парламент назорати субъектларига парламент назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш, уларнинг ишончлилиги ва холислигини таъминлаш каби мажбуриятлар белгилаб қўйилган.

Қисқача айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ҳокимият бўлиниши конституциявий принципини рўёбга чиқаришни давом эттиришда, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини такомиллаштиришда ўзига хос босқич бўлди. Мазкур қонун Олий Мажлиснинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини кучайтиришда, қонун устуворлигини, қонунийликни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ижросини таъминлашда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари зиммасига юклатилган вазифаларни ижро этиш учун уларнинг жавобгарлиги ошишига хизмат қилади.

Миравзал Миракулов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти
бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди.


ЎзА