ЎзА Ўзбек

23.09.2016 18:07 Янги қонунларга шарҳлар

Янги қонун моҳияти ёшларга тушунтирилди

Тошкент ирригация ва мелиорация институти қошидаги академик лицейда "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтириш бўйича ўқув-семинар ташкил этилди.

"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати Мирзо Улуғбек тумани кенгаши томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси, шаҳар адлия бошқармаси, Маънавият тарғибот марказининг Мирзо Улуғбек тумани бўлими вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. У Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва кўплаб қонунларда ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаради. Мазкур ҳужжат ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтиради.

– Бу қонуннинг кучга кириши ёшларга жуда катта имкониятлар эшигини очади, уларга янада кўпроқ эътибор қаратиш, йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлади, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилдора Обидова. – Илгари ёшлар деб умумий айтиларди. Янги қонунда ёшлар деганда 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилган. Ёш оила деганда 30 ёшдан ошмаган эр-хотиндан ёхуд фарзанд парваришлаётган ота ёки онадан иборат бўлган оила тушунилади. Қонунда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ, ишончли асосда мустаҳкамланган. Давлат сиёсатини амалга оширувчи барча органлар ва муассасалар зиммасига ҳам вазифалар юклатилган, уларнинг бу соҳадаги жавобгарлиги аниқ белгилаб берилган. Хусусан, қонуннинг 14-моддасига биноан прокуратура органларининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилиши муҳим ўзгаришлардан бири бўлди. Лицей ўқувчиларига уларнинг имконият ва ҳуқуқлари янада кенгайгани, қонуний асослари мустаҳкамланиб, давлат томонидан ҳимоя қилиниши очиқ мулоқотлар орқали тушунтирилмоқда.

Семинарда ёшларни маънавиятимиз асосларини бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, радикализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш, иқтидорли ўғил-қизларни ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, спортни, тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Азима Қиёсова, ЎзА