ЎзА Ўзбек

10.10.2016 13:57 Янги қонунларга шарҳлар

Янги қонун моҳияти ёшларга кенг тушунтирилмоқда

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият-маърифат марказида Тошкент давлат юридик университети ҳамда Тошкент Молия институти ҳамкорлигида «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда жисмонан бақувват, маънан соғлом авлодни тарбиялаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда уларнинг ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўла англаши, жамиятда муносиб ўрнини топишига қулай шароит яратишга, бу йўлда кучли қонунчилик базасини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Бугун халқимиз Ватанимиз келажаги, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб обрў-эътиборга эга бўлиши ёшларимизнинг қай даражада таълим-тарбия олиши, қандай инсон бўлиб катта ҳаётга кириб келишига боғлиқ эканини чуқур англамоқда. Глобаллашув замонида келажак ворисларининг ҳеч кимдан кам бўлмай камолга етиши учун ижтимоий-ҳуқуқий кафолатларни янада такомиллаштириб бориш заруратини теран ҳис қилмоқда.

– Ушбу қонун навқирон авлод манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Элбек Шукуров. – Ҳужжатда ёшлар ҳуқуқлари ва эркинликлари, уларни ижтимоий муҳофазалаш, тадбиркор йигит-қизларни, истеъдод соҳибларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг механизмлари мустаҳкамлаб қўйилган. Қонун ёшларимизнинг бой ўтмишимизни мукаммал биладиган, ёт ғояларга қарши тура оладиган, оммавий маданият, диний экстремизм, халқаро терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик кўринишидаги таҳдидларга қарши кураша оладиган бўлиб улғайишида муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу ҳужжатда ёшларга оид давлат сиёсатининг мақсадлари, асосий принциплари, йўналишлари, ёшлар сиёсатини амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлик тамойиллари белгиланган.

Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Нурилло Насриев, ЎзА