ЎзА Ўзбек

23.02.2015 13:12 Янги қонунларга шарҳлар

Қонун ижросига бағишланди

Жиззахда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни ижросига бағишланган минтақавий семинар бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, БМТ Тараққиёт дастурининг “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: 2-босқич” лойиҳаси доирасида ташкил этилган семинарда шаҳар, туман ҳокимликлари матбуот хизмати, жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

– Ушбу қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга нисбатан татбиқ этилади, – дейди Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилмурод Абдураҳимов. – Қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқининг кафолатларини таъминлаш, мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш тартибларини белгилайди.

Тадбирда мазкур қонун ижроси, уни ҳаётга изчил татбиқ этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар, галдаги вазифалар, жойларда қонун ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётгн чора-тадбирлар, эришилаётган натижалар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА