ЎзА Ўзбек

27.11.2015 19:22 Янги қонунларга шарҳлар

Қонун ижросига бағишланди

Тошкент вилояти ҳокимлигида “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Тошкент вилоятидаги ижросини ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ф.Дадахўжаев ва бошқалар мамлакатимизда гидротехника иншоотларини барпо этиш ва улардан фойдаланиш жараёнида хавфсизликни таъминлаш, моддий-техник, илмий-ишлаб чиқариш, малака ошириш базаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Бугунги кунда гидротехника иншоотларининг узоқ муддат ва кафолатли ишлашини таъминлаш долзарб вазифалардандир. Соҳага оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти ҳудудида гидротехник иншоотларнинг хавфсизлиги устидан давлат назоратини амалга оширувчи махсус орган – “Давсувхўжаликназорат” томонидан сув хўжалиги объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш, уларнинг техник ҳолати ва бехатар ишлашини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги улардан фойдаланиш шартлари ва талабларига боғлиқ бўлиб, бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан мувофиқлаштирилган ишлар олиб борилмоқда. 2014 йил ҳамда 2015 йилнинг ўн ойи давомида вилоят ҳудудида жойлашган ва “Давсувхўжаликназорат” давлат инспекциясининг назорати остида бўлган 38 иншоотдан 23 тасида хавфсизлик декларацияси тузилди.

“Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги”ги қонунга мувофиқ вилоятдаги сув иншоотларининг техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлиши ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган даврда Тошкент ва Оҳангарон сув омборлари, Юқори Чирчиқ гидроузелини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилди.

– Вилоятда аҳоли ва ҳудудларни сув тошқинлари, сел, ер ўпирилиши ҳамда бошқа табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан аниқ мақсадли чора-тадбирлар кўрилмоқда, – дейди Тошкент вилояти минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси директори Раҳмонберди Норов. – Хусусан, гидротехник иншоотлар хавфсизлигини таъминлашда авария моддий-техник захираларини яратиш ҳамда улардан фойдаланишга доир талабларни тарғиб этиш назоратга олинмоқда.

Тадбирда вилоятда қонун ижросини таъминлашда эришилган ютуқлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди. Уларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Йиғилишда Тошкент вилояти ҳокими А.Усмонов сўзга чиқди.

Нурилло Насриев, ЎзА