ЎзА Ўзбек

08.06.2015 17:55 Янги қонунларга шарҳлар

Қонун ижросига бағишланди

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуни ижросига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, Машинасозлик, электротехника ва авиация саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси хўжалик бирлашмалари мутахассислари, Бош прокуратура ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этди.

Семинарда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича амалдаги қонунчилик фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилиш тартибини янада такомиллаштираётгани таъкидланди. Бундан ташқари, давлат тузилмалари ва ташкилотларида жорий қилинаётган замонавий ахборот технологиялари ҳамда дастурий маҳсулотлар, хусусан, электрон ҳужжат айланиш тизими ушбу жараённинг барча иштирокчилар учун қулай ва самарали бўлишига хизмат қилаётир.

Масалан, «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ижро аппаратига жорий йил бошидан буён жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 1 минг 700 дан зиёд ёзма мурожаатнинг бир қисми Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборилган. “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари Р.Юсупов «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, компанияга келиб тушаётган ҳар бир мурожаат алоҳида журналда рўйхатга олиниб, мурожаатнинг тартиб рақами, мурожаат қилаётган жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, юридик шахснинг номи ва манзили, мурожаатнинг қисқача моҳияти, у қабул қилинган сана, мурожаат нусхаси, у назоратга олингани ҳақидаги қайд кўрсатилаётганини таъкидлади. Буларнинг барчаси мурожаатларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишига хизмат қилмоқда.

Семинарда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун моҳияти ва аҳамияти, фуқароларнинг электрон мурожаатлари билан ишлаш учун электрон ҳужжат айланиш тизимини жорий этиш, мурожаатларни кўриб чиқиш соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича давлат ташкилотларининг ижобий тажрибасига бағишланган маърузалар тингланди.

Муҳаммад Қаршибоев, ЎзА