ЎзА Ўзбек

17.11.2014 18:40 Янги қонунларга шарҳлар

Очиқлик ва ошкоралик тамойиллари амалда

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда пойтахтимизнинг Яшнобод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва саломатлигини сақлаш, бандликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва ҳудудларни ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Яшнобод тумани ҳокими Ф.Ҳакимов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида янги корхоналар ва ижтимоий аҳамиятга молик объектлар ташкил этилмоқда. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлашга ёрдам бермоқда.

Яшнобод туманида ҳам ушбу йўналишда изчил ишлар амалга оширилаётир. Чунончи, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 7500 дан зиёд иш ўрни ташкил этилиб, 29 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди.

Тадбирда баркамол авлодни тарбиялаш, уларнинг таълим олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш масалалари доимий эътиборда экани таъкидланди. Айни пайтда туманда олтита мусиқа ва санъат, учта болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, сузиш ҳавзалари, теннис кортлари, стадионлар ва бошқа кўплаб спорт иншоотлари ишлаб турибди. Коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш устувор вазифалардан биридир. Шу кунга қадар 1,2 минг нафардан зиёд ўғил-қиз иш билан таъминланди.

Туманда қиш мавсумига тайёргарлик тадбирлари якунланди. Бозорлар тўкинлигини таъминлаш мақсадида 2700 тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ғамлаб қўйилди. Коммунал соҳада қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, кўп қаватли уйларнинг том ва кириш йўллари таъмирланди.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, туман ҳокимлиги ва аҳоли ўртасида самарали мулоқот йўлга қўйилган. www.my.gov.uz ва www.e-kommunal.uz порталлари, шунингдек, туманнинг www.yashnobod.uz веб-сайти аҳоли ўртасида оммалашган. Ушбу порталлар аҳолидан келиб тушаётган шикоят ва мурожаатларни ўз вақтида қабул қилиш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтариш имконини бермоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми ҳал этилган.

Матбуот анжуманида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган лойиҳаларнинг натижалари ва келгуси режалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Муҳаммад Қаршибоев, ЎзА