ЎзА Ўзбек

20.09.2016 19:27 Янги қонунларга шарҳлар

Навқирон авлод истиқболи йўлида

“Туркистон” саройида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг яқинда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг тарғиботига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, таълим фидойилари, маънавият тарғиботчилари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Обидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Шодмонов, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Т.Мадумаров, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида навқирон авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг келажаги йўлида доимий ғамхўрлик кўрсатишнинг миллий тизимига асос солинганини таъкидлади. Мазкур қонун ҳам Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда яратилган миллий қонунчилик тизими – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, таълим, бола ҳуқуқларининг кафолатлари, васийлик ва ҳомийлик, жисмоний тарбия ва спорт, вояга етмаганлар ҳуқуқларига оид қонунларда, 300 га яқин ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатда ёшларнинг ижтимоий муҳофазаси, таълим-тарбияси, касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат бандлиги, жисмоний, ижодий-интеллектуал салоҳиятининг камол топишига дахлдор долзарб масалалар акс эттирилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон ёшларга чексиз меҳр кўрсатиш, болалар саломатлиги ҳақида қайғуриш, давлат бюджетидан таълимга тобора кўпроқ маблағ йўналтириш, ўқув жараёнига инновацион янгиликларни кенг жорий этиш, қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя каби кўрсаткичлар бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатлар сафидан ўрин олган.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуни навқирон авлодга бўлган эътибор кўламини янада кенгайтириш, бу борада ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги ижтимоий ҳамкорликни кучайтиришда янги уфқларни белгилаб беради. Тўрт боб, ўттиз уч моддадан иборат мазкур ҳужжат очиқлик, қонун ижросида ёшларнинг фаол иштироки, уларнинг эзгу ташаббусларига қанот бериш, маънавий-ахлоқий, маданий қадриятларнинг устуворлиги каби тамойилларга таянади. Қонунда ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт ишлари, меҳнат, адлия, ички ишлар, мудофаа, прокуратура идоралари, фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларига тааллуқли ваколатлар аниқ белгиланган. Мазкур ҳужжатда ёшлар ҳуқуқлари ва эркинликларининг, уларга оид ижтимоий ҳимоя кафолатлари, тадбиркор йигит-қизлар, истеъдод соҳибларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг механизмлари мустаҳкамлаб қўйилган.

– Ҳар бир мамлакатнинг истиқболи уларда камол топаётган ёшлар билан бевосита боғлиқ, – дейди Шайхонтоҳур тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Сурайё Пўлатова. – «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилингани ўғил-қизларнинг таълим олиши, бандлигини таъминлаш, уларни ватанпарвар, юртга садоқатли, фаол фуқаролик позициясига эга шахс этиб тарбиялашдаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда, бу йўналишдаги ишларни давр руҳига ҳамоҳанг йўлга қўйишда янги имкониятлар очади.

Иштирокчиларнинг мазкур қонунга оид саволларига мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Назокат Усмонова, ЎзА