ЎзА Ўзбек

02.01.2014 12:18 Янги қонунларга шарҳлар

Мувофиқликни баҳолашнинг янги ва ягона мезони

Эркин рақобат муҳитига асосланган бозор иқтисодиёти мамлакатимизда маҳсулот ва хизматлар сифати яхшиланиши ва кўпайиши учун кенг йўл очмоқда. Танлаш имкониятининг кенглиги, хизмат кўрсатишнинг хилма-хиллиги маҳсулотларнинг энг сифатлиларидан баҳраманд бўлишимизга хизмат қилаётир. Ушбу жараёнда мамлакатимизда сифатни кафолатлашнинг энг замонавий тизими жорий этилгани давлатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан фуқаролар манфаатини ҳимоялашга қаратилаётган улкан эътиборнинг амалдаги яна бир самарасидир.

Мамлакатимизда маҳсулот, иш, хизматларни сертификатлаштириш ва стандартлаштиришнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, маҳсулотнинг хавфсизлиги, сифати ва рақобатбардошлигини таъминлаш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги миллий қонун ҳужжатларини халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш мақсадида 2013 йил 4 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди ва кучга кирди.

Мазкур қонун мувофиқликни баҳолашнинг бутун тизимини, шу жумладан, миллий аккредитацияни ташкил этишнинг умумий тамойиллари ва қоидаларини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки ушбу қонун қабул қилингунга қадар мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги муносабатлар турли соҳавий қонунлар, яъни “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”, “Стандартлаштириш тўғрисида”, “Метрология тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, идоравий-меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинаётган эди. Ушбу соҳада ягона базавий қонуннинг қабул қилиниши, ўз навбатида, миллий қонунчиликни халқаро талаблар ва Бутунжаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш, назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини камайтириш ҳамда халқаро савдони енгиллаштириш имконини беради.

Миллий қонунчилигимиз тажрибаси ҳамда замонавий халқаро ҳуқуқий нормалар уйғунлигига асосланган янги қонун 4 боб ва 33 моддадан иборат.

Шу ўринда “мувофиқликни баҳолаш” тушунчасига ойдинлик киритиш муҳим аҳамиятга эга. Бу – маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёни, хизматлар, менежмент тизимлари, мувофиқликни баҳолаш органларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш бўйича фаолиятдир.

Мувофиқликни баҳолашнинг асосий вазифаси инсон ҳаёти ва соғлиғи, юридик, жисмоний шахсларнинг ва давлатнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлашдир. Шу билан бирга, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёнлари, хизматлар, менежмент тизимлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлашни назарда тутади.

Мувофиқликни баҳолаш органлари аккредитациянинг белгиланган соҳасида ишларни бажаришга ваколатли эканини тасдиқлайди. Ички ва ташқи бозорларда маҳсулот ҳамда хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш, халқаро иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик ва халқаро савдода иштирок этиб, савдодаги техник тўсиқларни бартараф қилиш борасида фаолият олиб боради.

Мувофиқликни баҳолаш аккредитация қилиш, сертификатлаштириш, мувофиқликни декларациялаш, инспекция назорати, юкни ортишдан олдин ва (ёки) юкни тушириш вақтидаги инспекция, маҳсулот синови, санитария-эпидемиология, ветеринария, фитосанитария хулосалари ёки экологик экспертиза йўли билан амалга оширилади.

Қонуннинг ўзига хос ва энг муҳим жиҳатларидан яна бири мувофиқликни баҳолаш қоидалари ва тартиб-таомили билан боғлиқ. Яъни мувофиқликни баҳолаш қоидалари ва тартиб-таомили мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ташкилий ҳамда техник талабларни, ишларни бажариш ва расмийлаштириш тартибини, усулларини ўз ичига олади. Мувофиқликни баҳолашга доир ишларга сифат бўйича эксперт-аудиторлар ёки тегишли тармоқларнинг мувофиқликни баҳолаш соҳасида ишларни ташкил этишга, ушбу соҳадаги жараёнга ёки фаолиятга тааллуқли махсус билим ва тажрибага эга бўлган техник экспертлар жалб қилиниши мумкин.

Мувофиқликни баҳолаш соҳаси давлат томонидан тартибга солинади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари белгиланган тартибда фаолият юритади.

Мувофиқликни баҳолаш органлари аккредитациянинг белгиланган соҳасида сертификатлаштиришни амалга оширади. Мувофиқлик сертификатларини беради. Соҳа вакиллари аккредитациянинг белгиланган соҳасида маҳсулот синовини ўтказиш, ўлчов ва синов воситаларини текшириш ёки калибрлаш, миллий аккредитация тизими белгисини қўллаш каби ҳуқуқларга ҳам эга.

Қонунда аккредитациядан ўтказиш масаласига алоҳида ўрин берилган. Миллий аккредитация органи сифатида Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги белгиланган. Мазкур орган зиммасига мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, миллий аккредитация тизими ташкил этилишини, фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш вазифаси юкланган.

Бу жараёнда Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилишни амалга оширади ва уларга аккредитация тўғрисида гувоҳнома беради. Мувофиқликни баҳолаш органлари устидан инспекция назоратини амалга оширади. Белгиланган тартибда аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва ушбу гувоҳномани бекор қилиш, халқаро аккредитация органлари ва хорижий давлатларнинг миллий аккредитация органлари билан аккредитация масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш, мувофиқликни баҳолаш органларининг давлат реестрини юритиш каби ваколатлар ҳам агентлик зиммасига юкланади.

Мувофиқликни баҳолашга доир ишларни молиялаштириш манфаатдор шахсларнинг маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Мувофиқликни баҳолаш соҳасида кўрсатиладиган хизматлар учун тарифларни ҳисоб-китоб қилиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланади.

Мухтасар айтганда, мазкур янги қонун ички ва ташқи бозорларда маҳсулот ҳамда хизматларнинг рақобатдошлигини ошириш, халқаро иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик ва жаҳон савдо алоқаларида иштирок этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда давлатнинг ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Зафар Рўзиев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги
институти етакчи илмий ходими.


ЎзА