ЎзА Ўзбек

08.06.2015 18:19 Янги қонунларга шарҳлар

Мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатлари

Мамлакатимизда фуқароларнинг ваколатли органларга мурожаат этиш ҳуқуқи амалда тўла таъминланаётир. 2014 йил 4 декабрда кучга кирган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида мазкур қонун ижросини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартибига оид масалаларга бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби бошлиғи А.Қўлдошев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида демократик ҳуқуқий давлат асослари мустаҳкамланиб бораётгани инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Фуқароларнинг ҳуқуқлари қонунлар асосида кафолатлангани, жумладан, давлат органларига мурожаат этиш тартиби янада такомиллаштирилгани жамиятда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Қонун билан юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга оид ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинди. Ушбу соҳадаги қонун бузилиши учун жавобгарлик белгиланиб, давлат органлари ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш тартиби аниқлаштирилди. Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахслар давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлиб, мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрий амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қонунни амалиётда самарали қўллашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда қонун моҳияти, низом талаблари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мурожаатларни кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш, турлича ёндашувларни бартараф қилиш ва ўзаро фойдали таклифлар асосида бу борадаги муаммолар ечимини топишга эътибор қаратилди. Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар, мансабдор шахсларнинг уларни кўриб чиқиш ва ҳал этишдаги масъулияти, бу жараёндаги қонунбузарлик учун жавобгарлик билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА