ЎзА Ўзбек

03.10.2016 15:30 Янги қонунларга шарҳлар

Меҳнатни муҳофаза қилиш тизими такомиллашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида қайд этилганидек, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Бу амалда мамлакатимиз фуқароларининг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши, пировардида ҳар биримизнинг меҳнатимиз самарасидан баҳраманд бўлиш, фаровон турмуш кечиришимиз учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев имзолаган ва 2016 йил 23 сентябрда матбуотда эълон қилинган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Қонун матбуотда эълон қилинганидан кейин уч ой ўтгач кучга киради.

– Мазкур қонун Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини 2014-2016 йилларда амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар доирасида ишлаб чиқилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитларининг экспертизаси бошқармаси бош мутахассиси Олим Ашуров. – Соҳадаги илғор хорижий тажриба ва халқаро талаблардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган янги таҳрирдаги қонун аввалгисидан фарқ қилади.

Қонун 36 моддадан иборат бўлиб, унда иш берувчилар ва ходимларнинг ушбу соҳага доир талабларни бажариш бўйича масъулияти кучайтирилган. Меҳнат шароити ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли шароитлар яратилиши устидан назоратни таъминлашга доир вазифалар белгиланган.

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларида ходимнинг ҳаёти ва соғлиги устуворлиги таъминланиши бош омил этиб белгиланган. Бу қонуннинг халқчиллигидан далолат бериб, инсон манфаатларини таъминлайди. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат дастурлари ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолияти мувофиқлаштириб борилади.

Ходимларни ҳимоя қилувчи хавфсиз техника, технология ва воситаларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши рағбатлантирилади. Фан ва техника ютуқларидан ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича илғор миллий ва хорижий тажрибадан фойдаланилади. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан жабрланган ёки касб касаллигига чалинган ходимлар ижтимоий ҳимоя қилинади. Бу йўналишда изчил халқаро ҳамкорлик амалга оширилади.

Қонунда иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш, меҳнатнинг муҳофаза қилинишини бошқариш тизими аудити, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касаллигига чалинишни текшириш ҳамда ҳисобга олиш масалаларига оид янги тушунчалар киритилган.

Қонуннинг 14-моддасида иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси масаласи ўрин олган. Бу меҳнат шароитининг оғирлиги, жароҳатланиш жиҳатидан хавфлилигини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш, зарарли ёки хавфли ишлаб чиқариш омилини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тадбирлар мажмуидир.

Қонуннинг 15-моддасида меҳнатнинг муҳофаза қилинишини бошқариш тизими аудити масаласи акс этган. Бу меҳнатни муҳофаза қилиш тизими ҳолатини баҳолаш бўлиб, у иш берувчининг қарорига биноан ўтказилади. Бунда бу борадаги ишларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги аниқланади. Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг ишлаш сифати, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш даражасини камайтиришга қаратилган тадбирлар самарадорлиги баҳоланади. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олишга қаратилган таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилади.

Қонунда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касаллигига чалинишни текшириш ҳамда ҳисобга олиш масалалари аниқ тартибга солинган. Хусусан, қонуннинг 26-моддасига кўра, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва ходимларнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлигининг бошқача тарзда шикастланиши, шунингдек, касб касалликлари белгиланган тартибда текширилиши ҳам ҳисобга олиниши шарт. Бу фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишлар бажарувчи (хизматлар кўрсатувчи) шахсларга нисбатан ҳам тааллуқли.

Қонун асосида касаба уюшмалари ваколатлари кучайтирилгани ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши имкониятларини янада кенгайтиради. Эндиликда бу тизим вакили ташкилотларнинг раҳбарларидан ва бошқа мансабдор шахсларидан меҳнат шароитлари ва муҳофазаси тўғрисида, ишлаб чиқаришдаги барча бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эга. У бундай ҳодисалар юзасидан текширишда иштирок этади. Ходимларнинг ҳаёти ва соғлигига хавф туғилган ҳолларда ишларни тўхтатиб туриш, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларнинг бузилишини бартараф этиш тўғрисида иш берувчига таклифлар киритади. Иш берувчиларнинг мажбуриятлари бажарилишини назорат қилади. Ишлаб чиқариш объектларини ва ишлаб чиқариш воситаларини синаш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида мустақил эксперт сифатида иштирок этади. Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талаблар бузилганда, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар фактлари яширилганда бу борада айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга таклиф киритади. Меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда майиб бўлиш ёки соғлигининг бошқача тарзда шикастланиши туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун ҳамда ходимларнинг соғлиги ва меҳнати муҳофаза қилинишига бўлган ҳуқуқлари чекланган бошқа ҳолларда ходимнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга мурожаат этади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, корхоналарда содир бўлаётган ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларидан бири ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этмаслигидир. Баъзан иш берувчи томонидан ходимларнинг иш вақти ва дам олиш вақтини белгилашда, уларни хизмат сафарларига юборишда хавфсизлик талаблари бузилиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Ушбу ҳолатларни бартараф этиш мақсадида қонунда иш берувчилар ва ходимлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш бўйича масъулият оширилди. Бу борада иш берувчилар ва ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди. Ходим қулай ва хавфсиз иш ўрнига эга бўлиш ҳуқуқига эга. Меҳнат шароити тўғрисида, шу жумладан, касб касалликлари ва бошқа касалликларга чалиниш эҳтимоли мавжудлиги, шу муносабат билан ўзига берилиши лозим бўлган имтиёзлар ва компенсациялар, шахсий ҳимоя воситалари ва жамоавий ҳимоя воситалари ҳақидаги ахборотларни иш берувчидан олиши зарур. Ходимлар ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат томонидан мажбурий ижтимоий суғурта қилинади. Тиббий тавсияларга мувофиқ навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтади, ушбу тиббий кўрикдан ўтиш вақтида унинг иш жойи (лавозими) ва иш ҳақи сақланади.

Ўз навбатида ходим соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиши лозим. Шахсий ҳимоя воситаларини тўғри қўллаши, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар олиши, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан ва малака оширишдан ўтиши керак. Одамларнинг ҳаёти ва соғлигига бевосита хавф туғдирувчи ҳар қандай вазият тўғрисида, иш жараёнида ёки у билан боғлиқ ҳолда содир бўлган ҳар қандай бахтсиз ҳодиса ҳақида иш берувчини дарҳол хабардор қилиши шарт.

Иш берувчи ходимлардан меҳнатни муҳофаза қилишга ҳамда ишларни хавфсиз олиб боришга доир нормалар, қоидалар ва йўриқномаларга риоя этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ходимларнинг алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик моддаси ёки токсик модда таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун уларни текширувдан ўтказиши мумкин. Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиш, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этганлик учун ходимларни тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини кўради. Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларни бузганликда айбдор ходимларни интизомий жавобгарликка тортади.

Иш берувчи ҳар бир иш ўрнида меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлишини таъминлайди. Дастлабки тарзда (ишга кираётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўриклар белгиланган тартибда ўтказилишини ташкил этади. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан давлат томонидан мажбурий ижтимоий суғурта қилинишини, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинишини таъминлайди. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини белгиланган тартибда текширувдан ўтказади, уларнинг ҳисобини юритади.

Эндиликда ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ташкил этилади. Ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун турли соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат шароитлари яратилишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари юксак даражада ҳимоя қилиниши ва таъминланишига хизмат қилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА