ЎзА Ўзбек

04.09.2014 19:34 Янги қонунларга шарҳлар

Маҳалла институтининг сайловлардаги иштироки

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган ютуқлардан бири – миллий сайлов тизимининг шаклланганидир. Демократиянинг муҳим кўзгуси бўлган бу соҳа умумэътироф этилган халқаро принципларга мос ҳолда янада ривожланиб бормоқда.

Эркин сайловлар орқали фуқаролар ўзи муносиб деб билган шахсларни давлат ҳокимияти вакиллик ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлайди. Демак, фуқароларнинг давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тузилмаларини демократик тарзда ташкил этишдаги иштироки шу жараёнда яққол намоён бўлади.

Бу борада зарур ташкилий-ҳуқуқий кафолатлар тизими яратилган. Асосий Қонунимизнинг 32-моддасида эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Мазкур конституциявий қоидалар, ўз навбатида, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари, референдум ва сайлов ўтказишга оид қонунларда ўз ифодасини топди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 22 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунида айнан сайлов жараёнларида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг муайян ваколатлари мустаҳкамланди.

Қонуннинг 11-моддасида маҳалла фуқаролар йиғинининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича участка сайлов комиссияларининг аъзолигига номзодларни тегишли округ сайлов комиссияларига, шунингдек, референдум ўтказиш бўйича участка комиссияларининг аъзолигига номзодларни референдум ўтказиш бўйича тегишли округ комиссияларига тақдим этиши мустаҳкамланди. Шунингдек, мазкур орган халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Қонуннинг фуқаролар йиғини кенгашининг ваколатлари акс этган 13-моддасида депутатларга уларнинг сайловчилар билан учрашувларини уюштиришда, фуқароларни қабул қилишда, улар ўз сайлов округларида бошқа ваколатларини амалга оширишда кўмаклашиши белгилаб қўйилган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг бу каби ваколатлари бошқа қонунларда ҳам ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонунида сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг тартиби белгиланган. Аниқроқ айтганда, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунининг бир қатор моддаларида ҳам фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг сайлов жараёнларидаги иштирокига оид муносабатлар тартибга солинган. Жумладан, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан биттадан кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эга.

Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи туман, шаҳар ва округ сайлов комиссияларининг аъзолари, шунингдек, участка сайлов комиссияларининг аъзолари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига биноан тасдиқланади. Депутатликка номзодлар кўрсатган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, депутатликка номзодлар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан юқори сайлов комиссиясига ёки судга қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида шикоят билан мурожаат этишлари мумкин. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг раҳбари депутатликка номзодларни рўйхатга олишни илтимос қилиб тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлигига номзодлар сиёсий партияларнинг вилоят органлари томонидан кўрсатилса, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар сиёсий партияларнинг тегишли туман, шаҳар органлари томонидан ҳамда фуқаролар йиғинларида (вакиллари йиғилишларида) кўрсатилади.

Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатишга ваколатли ҳисобланади. Агар тегишли халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округи ҳудудида фуқароларнинг икки ва ундан ортиқ ўзини ўзи бошқариш органи жойлашган бўлса, депутатликка номзод фуқаролар вакилларининг йиғилишларида кўрсатилади.

Сиёсий партиялар фақат ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эса шахсларни у ёки бу партияга мансублигидан қатъи назар, депутатликка номзод этиб кўрсатишга ҳақли. Улар томонидан депутатликка номзод этиб фуқаролар орасидан мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, тегишли вилоят, туман, шаҳар иқтисодиётини ривожлантиришда фаол иштирок этаётган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг, фермерлик ҳаракатининг самарадорлигини оширишга кўмаклашаётган шахслар кўрсатилади.

Бу ҳуқуқий асослар мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва роли тобора ошиб бораётганини кўрсатади. Энг асосийси, бу маҳалла фуқаролар йиғини жамият ва давлатнинг энг асосий таянч нуқталаридан бирига айланиб бораётганининг яққол исботидир.

Фуқаролар сайлов ҳуқуқлари кафолатларининг таъминлангани мамлакатимиз тараққиётини янада жадаллаштириш, фуқароларнинг жамият бошқарувидаги фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари сайлов жараёнларида ҳам муносиб иштирок этиши лозимлигидан далолат беради.

Зафар Рўзиев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари
мониторинги институти
бош илмий ходими,
юридик фанлар номзоди.


ЎзА