ЎзА Ўзбек

17.09.2015 19:40 Янги қонунларга шарҳлар

Хусусий мулк ва тадбиркорлик кафолати

Самарқандда “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзусида конференция-семинар бўлиб ўтди.

Тадбир сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилиб, вилоят, туман ва шаҳар студияларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, тадбиркор ҳамда фермерлар иштирок этди.

Анжуманда Президентимизнинг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини тадбиркорларга тушунтириш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, фаолиятига тўсқинлик қилаётган ғов ва чекловларни бартараф этиш, кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифатини янада ошириш лозимлиги қайд этилди.

Самарқанд вилояти прокурори Б.Деҳқонов, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Мирзараҳимов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида миллий иқтисодиётимиз жадал ривожланаётгани, бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг етакчи кучга айланаётгани халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

– Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, тадбиркорлар ҳуқуқларини бузиш ҳолатларига йўл қўйган давлат идоралари ходимларининг маъмурий ва жиноий жавобгарлигини кучайтириш, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги принципини сўзсиз таъминлаш борасида ўта муҳим ҳужжатдир, – дейди Самарқанд вилояти прокурори Б.Деҳқонов. – Эътиборлиси, ушбу фармон ижросига кўра, Жиноят кодексига янги “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” ҳақидаги алоҳида боб киритилди. Натижада тадбиркорлик субъектларининг хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, фаолиятини текшириш тартибини бузиш ёки қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш, банкдаги ҳисоб-варақа бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиш ёки пул маблағлари ҳақидаги ахборотни талаб этиш, ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини бузиш ёки рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турларини жорий этиш, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш, пул маблағлари беришни банклар томонидан асоссиз равишда кечиктириш каби ҳаракатлар учун янги қонун айбдор мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш учун қонуний асос яратди.

Бугунги кунда вилоятда 16 мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган 8 ойида 1 минг 573 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Йилнинг шу даврида вилоят иқтисодиётида хусусий секторнинг улушини янада кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 680,5 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Кичик бизнес субъектларининг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 77,4 фоизни ташкил этиб, иш билан банд аҳолининг 83,3 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда. Саноат маҳсулотидаги улуши эса 44,3 фоизни ташкил этди.

– Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги фармони биз, тадбиркорлар фаолиятини янада ривожлантиришда ғоят муҳим ҳужжат бўлди, – дейди Пастдарғом туманидаги “Бека Чарос” хусусий корхонаси раҳбари Гулбека Қўчқорова. – 2008 йилда ташкил этилган ва тикувчилик маҳсулотлари тайёрланаётган корхонамизда дастлаб саккиз киши меҳнат қилган бўлса, айни пайтда 40 нафар хотин-қиз муқим иш ўрни билан таъминланган. 2014 йилда “Микрокредитбанк”нинг Жума филиалидан 48 миллион сўмлик кредит олдик ва фаолиятимизни кенгайтирдик. Натижада жорий йилнинг 6 ойида 160 миллион сўмликдан зиёд эллик хилдаги маҳсулот ишлаб чиқардик. Кейинги йилларда хусусий сектор вакилларига яратилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, фаолиятимизни янада кенгайтиришга астойдил бел боғладик. Яъни, Жума шаҳридаги туман мудофаа ишлари бўлимига қарашли фойдаланилмаётган бўш бинони «ноль» қийматида харид қилиб, бу ерга хориждан келтирилган замонавий тикув дастгоҳлари ўрнатмоқдамиз. Мақсадимиз яна 30 нафар аёл ва коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш.

Конференция-семинарда Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев сўзга чиқди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА