Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.12.2015 18:12 Янги қонунларга шарҳлар

Хусусий банклар ривожи – янги босқичда

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан "Трастбанк" хусусий акциядорлик банки билан ҳамкорликда "Хусусий банкларнинг мамлакатимиз иқтисодий ҳаётидаги аҳамияти" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Мамлакатимиз молия бозорида еттита хусусий тижорат банки, ўттизга яқин микрокредит муассасаси, ўнлаб лизинг, суғурта, аудиторлик, ахборот-консальтинг, рейтинг ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда хусусий банкларнинг капитали 378,7 миллиард сўм, жалб этган депозитлари 1583,6 миллиард сўмга етди.

"Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги қонун бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, янги хусусий банклар ва молия институтларининг устав капиталининг камида 50 фоизи муассислар – жисмоний шахслар улушига тенг, қолган қисми эса давлатга қарашли бўлмаган юридик шахсларга тегишли бўлиши лозим.

Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари раҳбарларининг хусусий банклар ва бошқа молия институтлари фаолиятига аралашиши, банк маблағлари ҳисобидан турли тўловлар ва бадалларни талаб қилиши, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг банк-кредит портфели ва активларини шакллантириш билан боғлик тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқаришда аралашишлари маън этилган.

Хусусий банклар аҳоли ва кичик корхоналарнинг маблағларини жамлаш ва хизмат кўрсатиш, лойиҳаларни молиялаш билан молия бозорида ўз ўрнини топмоқда.

Жумладан, Кексаларни эъзозлаш йилида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки кичик бизнес субъектларини моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириб, кредитлар ҳажмини 1,3 баробарга кўпайтирди. Банкнинг "Trast Leasing" лизинг компанияси тадбиркорлик субъектларига ўз хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Тадбирда хусусий банклар ва молия институтлари фаолиятининг кафолатлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари учун яратилган шарт-шароитлар, бизнесни самарали бошқариш ҳамда бошланғич капитални шакллантиришга ажратилаётган кредитлар хусусида фикр юритилди.

Сайёра Шоева, ЎзА