ЎзА Ўзбек

05.01.2016 16:20 Янги қонунларга шарҳлар

Хизмат кўрсатиш тизими такомиллашмоқда

Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизимини мустаҳкамлашга йўналтирилгани билан эътиборлидир.

Сурхондарё вилоятида ҳам электрон ҳукумат тизимини шакллантириш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерактив давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон шаклларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ахборот-коммуникация соҳасидан самарали, тезкор фойдаланишда муҳим омил бўлаётир.

– Президентимизнинг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Компьютерлаштириш маркази давлат унитар корхонаси директори Файзулло Саидов. – Шунга мувофиқ, вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси, вилоятда интерактив давлат хизматларини жорий қилиш ва ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилди. Унга кўра, электрон ҳукумат тизимини шакллантириш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерактив давлат хизматлари кўрсатишнинг янги шакллари жорий этилмоқда. Маҳаллий давлат бошқаруви органлари фаолияти ҳақида аҳоли хабардорлигини таъминлаш, давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва самарадорлигини юксалтириш юзасидан ходимлар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Мазкур дастур асосида ўтган йили вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун 50 миллион сўмликдан ортиқ компьютер ва дастурий маҳсулотлар харид қилинди. Инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар бўйича алоқа корхоналари томонидан аҳолига сифатли телекоммуникация хизматлари кўрсатиш учун узунлиги 80 километрдан ортиқ оптик алоқа линиялари барпо этилди. Хавфсиз ва тезкор электрон ҳужжат айланиш тизимининг тезкорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун 80 корхона ва ташкилотда “Е-Хат” электрон почта тизими жорий қилиниб, қулай ва тезкор тизимдан фойдаланаётган субъектлар сони 184 тага етказилди. Айни пайтда бу тизим давлат идоралари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ички ва идоралараро иш юритиш жараёнларини тезлаштиришга хизмат қилмоқда.

Вилоятдаги таълим муассасаларида ҳам замонавий ахборот- коммуникация технологияларидан унумли фойдаланилмоқда. Хусусан, лойиҳа сифатида синов ўтказилаётган “Давомат” ахборот тизими Термиз шаҳридаги иккита касб-ҳунар коллежида татбиқ этилаётир.

– Коллежга ўрнатилган “Давомат” электрон тизими биз учун ҳам, ота-оналар учун ҳам қатор қулайлик яратди, – дейди Термиз ахборот технологиялари ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори Ўрол Тошбоев. – Замонавий аппарат ўқувчиларнинг дарсга кечикиб келиши ва эрта кетиб қолишининг олдини олишда ишончли дастёр вазифасини ўтамоқда. Ота-оналарга фарзандларини электрон усулда назорат қилиш имконияти яратилди. Ҳозир “Давомат” тизими ўқувчиларимизнинг коллеж биносига қачон етиб келгани ва дарс тугаб уйга йўл олгани ҳақидаги аниқ ахборотни ота-оналарнинг қўл телефонига SMS орқали узлуксиз жўнатиб турибди.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни билан давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, кўрсатилаётган хизматлар тезкорлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамлаб қўйилгани уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратишда ҳам юксак самаралар беради. Хусусан, вилоят ҳокимлигининг surxondaryo.uz расмий веб-сайти аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган интерактив хизматлар ягона портали билан боғланиб, имконияти чекланган фуқаролар, мобиль алоқа ускуналаридан фойдаланувчилар, ариза ва шикоят билан мурожаат этувчилар учун янги имкониятлар яратгани бунга яққол мисолдир. Ушбу веб-сайтда ягона портал орқали кўрсатилаётган 28 турдаги интерактив хизматнинг 11 таси бевосита тадбиркорлик субъектлари фаолиятини яхшилашга йўналтирилган.

Янги йилнинг дастлабки кунларидан тадбиркорлар учун яна бир қулайлик яратилди. Термиз шаҳри ва туманларда “Ягона дарча” марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг учун замонавий марказлар зарур ахборот-коммуникация ва муҳандислик технологиялари билан жиҳозланиб, интернет тармоғига уланди. Малакали кадрлар билан таъминланди.

– Туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида янгидан ташкил этилган “Ягона дарча” марказлари 1 январдан тадбиркорлик субъектларига ўн олти турдаги давлат хизматини кўрсата бошлади, – дейди Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тўра Боболов. – Бунинг учун тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиб келган органлар билан электрон алоқа йўлга қўйилди. Янги йилнинг илк кунларидан марказ хизматидан фойдаланиш учун келган тадбиркорлар ўз аризасини ўттиз дақиқа ичида топшириб кетмоқда.

Вилоятда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан янада самарали фойдаланиш, “Электрон ҳукумат”ни кенг жорий этиш ишлари таълим, тиббиёт муассасалари, ФҲДЁ бўлимлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларда изчил давом эттирилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА