ЎзА Ўзбек

02.04.2014 15:50 Янги қонунларга шарҳлар

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олишнинг янги тартиби

Мулкдорлик – халқимизнинг истиқлол туфайли эришган муҳим ҳуқуқларидан бири. Зеро, хусусий мулк инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш, маиший шароитини яхшилашда зарур омилдир. Мамлакатимизда бу борада давлат томонидан зарур ҳуқуқий кафолат ва шарт-шароитлар яратилгани аҳолининг мулкка эга бўлиш имкониятлари кенгайиб, жамиятимизда тадбиркорликнинг кенг қулоч ёйишига йўл очди.

Бозор муносабатларининг асосий қонуни бўлган талаб, таклиф ва рақобат муҳитининг хусусий мулк негизида амалда бўлиши, шунингдек, хусусийлаштиришнинг изчил йўлга қўйилгани юртимизда мулкдорлар синфининг янада кенгайиши учун замин яратди. Бунинг учун зарур ҳуқуқий асослар таъминлангани, жумладан, Бош Қомусимизда хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани қайд этилгани муҳим аҳамият касб этаётир.

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябрда қабул қилинган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунига кўра, хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидан иборатдир.

Мазкур қонунда мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мулк дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлаш билан бирга хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш шартлари, унинг муддатсизлиги, бузилган мулк ҳуқуқининг қайта тикланиши, мулкдор ҳуқуқининг устуворлиги тамойили мустаҳкамланган. Хусусийлаштириш натижасида вужудга келган мулк ҳуқуқи кафолатланиши билан бирга унинг қайта кўриб чиқилмаслиги ва бекор қилинмаслиги ҳам қонунда ўз ифодасини топган. Бу қонунчилигимиздаги муҳим янгиликлардан бири бўлиб, бошқа давлатлар қонунчилигида бундай меъёр учрамайди.

Хусусий мулк ҳуқуқини амалга оширишга давлат органлари ва бошқа идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ушбу тизим мансабдор шахсларининг қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмайди. Улар томонидан шундай ҳолга йўл қўйилиб, мулкдорга зарар етказилганда, мулкдор бу ҳақда судга давлат божи тўламасдан мурожаат этишга ҳақлидир. Мулкдорга зарар етказилгани аниқланган ҳолларда бу зарар айбдор мансабдор шахслардан ундирилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 18 июлда қабул қилинган “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатига олишнинг замонавий тамойиллари жорий этилгани бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди. Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январда “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

– Кўчмас мулк мулклар ичида энг аҳамиятлисидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси бош мутахассиси Арзет Латипов. – Ер участкалари, уй-жойлар, бино ва иншоотлар, кўп йиллик дарахтзорлар шу тоифага киради. Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши, шунингдек, улар билан боғлиқ битимлар давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Шунда фуқаро ёки юридик шахсда уларга бўлган мулк ҳуқуқи вужудга келади.

Ҳукуматимиз томонидан шу соҳани янада тартибга солиш мақсадида қабул қилинган қарор тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун янада қулай шарт-шароит яратди. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ тартиботлар сони ва муддатлари қисқартирилди. Қарор асосида тасдиқланган “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида» ва «Туман (шаҳар) ер кадастри дафтарини юритиш тартиби тўғрисида»ги низомларда ушбу жиҳатлар тўлиқ ифодасини топган.

Маълумки, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг жойлардаги ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари томонидан мулк эгасининг аризасига мувофиқ амалга оширилади. Бу борада аввал бир неча меъёрий ҳужжатлар асосида иш юритилган бўлса, эндиликда “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ ҳамма масалалар битта ҳужжатда акс эттирилди.

Энг муҳими, низом асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк билан боғлиқ ҳужжатларини ахборот-коммуникация технологиялари орқали юбориб, «бир ойна» тамойили бўйича давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби белгиланди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан биргаликда зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш тизими янада такомиллаштирилиб, амалдаги дастурий таъминот бугунги кун талабларига мувофиқлаштирилаётир. Ер кадастри дафтарини юритиш бўйича маълумотлар базаси мунтазам янгиланиб боришини таъминловчи дастурий таъминот ишлаб чиқилмоқда.

Айтиш жоизки, бино ва иншоотларга ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишдан олдин кадастр йиғмажилди тайёрланади. Унда мулкнинг тавсифи келтирилиши билан бирга ер участкасига, бино ва иншоотларга ҳамда кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши шарт. Бундай йиғмажилд кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан тайёрланади.

Ариза ва йиғмажилд ер тузиш ҳамда кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарига топширилгач, тегишли мутахассислар томонидан икки кун ичида кўриб чиқилади. Ҳамма ҳужжатлар тақдим қилинган бўлса, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу жараён ҳужжатларга асосан Давлат реестрига ёзиб қўйиш йўли билан амалга оширилади. Ҳуқуқ эгасига унинг ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома берилади. Ушбу гувоҳнома олингандан кейин кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқ пайдо бўлади.

Қарордаги янгиликлардан бири, кўп йиллик дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибининг белгиланганидир. Амалда илк бор жорий этилаётган бу меъёр фермер хўжаликларининг ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқини муҳофаза қилишга қаратилган. Эндиликда ана шундай мулкка эга бўлган мулкдорлар ўзларининг бу ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишлари мумкин.

Низомда ипотека шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ҳам белгиланди. Бундан ташқари, бино ва иншоотлар кимга тегишлилиги ва уларнинг таркиби тўғрисида нотариат идоралари, суд ва бошқа ваколатли органларга ёки юридик шахсларга, фуқароларга бериладиган маълумотномаларни бериш тартиби ҳам такомиллаштирилди.

Эндиликда ер участкасига, бино ва иншоотларга, кўп йиллик боғларга бўлган ҳуқуқларни, ипотека ва ипотека билан боғлиқ шартномаларни, бошқа ҳужжатларнинг ҳар бирини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун юридик шахслардан энг кам иш ҳақининг эллик фоизи, жисмоний шахслардан ўн фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Мухтасар айтганда, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олишнинг бундай қулай ва замонавий шакли фуқароларга, тадбиркорларга, адвокатларга, нотариусларга ва бошқа мутахассисларга катта қулайлик яратди.


ЎзА, Норгул Абдураимова