ЎзА Ўзбек

03.10.2014 12:01 Янги қонунларга шарҳлар

Ижтимоий шерикликнинг муҳим ҳуқуқий асоси

Мамлакатимизда фаолият юритаётган етти мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлаш, долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этмоқда.

Жaмoaтчилик вa фуқaрoлик нaзoрaти институти жaмиятнинг дaвлaт билaн ўзaрo сaмaрaли aлoқaсини тaъминлaш, oдaмлaрнинг кaйфиятини, мaмлaкaтдa кeчaётгaн жараёнларга мунoсaбaтини aниқлaшнинг муҳим вoситaлaридaн биригa aйлaнди.

Жамиятни модернизациялаш жaрaёнидa фуқaрoлик институтлaрининг рoли вa aҳaмиятини кучaйтириш, аҳолининг энг муҳим сoциaл-иқтисoдий муaммoлaрини ҳaл этишгa қaрaтилгaн икки юздaн oртиқ қoнун қaбул қилингaни давлатимиз томонидан сoҳa ривoжигa бўлгaн кaттa эътибoрни кўрсaтaди. Ўзбекистон Конституцияси, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари шулар жумласидандир.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ташкил қилингани фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижроси доирасида ишлаб чиқилган ва 2014 йил 26 сентябрда эълон қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қонун 5 боб, 30 моддадан иборат бўлиб, унда ижтимоий шериклик тушунчаси ва унинг асосий принциплари ўз ифодасини топган. Ижтимоий шерикликнинг асосий шакллари ва уни амалга ошириш тартиби, ижтимоий шерикликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, мазкур муносабат субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига кенг ўрин берилган.

Ушбу қонунда ижтимоий шерикликнинг асосий соҳалари сифатида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва фаоллигини ошириш, бандликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғини сақлаш, баркамол авлодни шакллантириш, оналик ва болаликни, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва бошқа масалалар назарда тутилган. Қонунда фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқаришда, гуманитар муаммоларни ҳал этишда, аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давлат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритишининг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари ҳам мустаҳкамланди. Бу жараёнда ижтимоий шериклик давлат томонидан қўллаб-қувватланади.

Давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ижтимоий шериклик субъектлари ҳисобланади. Бунда давлат органларининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлиги алоҳида қонунлар билан тартибга солинади.

Ижтимоий шериклик аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, кўп асрлик маънавий қадриятларни тиклаш ва ўрганиш каби соҳаларда амалга оширилиши мумкинлиги ҳам қонунда ўз ифодасини топган. Бу аҳоли фаровонлигини янада ошириш, жамиятда умуминсоний қадриятлар қарор топишига янада кенг йўл очади.

Қонунга кўра нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши мумкин. Бу турли соҳаларга оид таклиф ва лойиҳаларни тайёрлашда ташаббуслар билан чиқиш ҳамда уларни кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органларига киритишда, ушбу ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш, улар ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда намоён бўлади. Бунинг учун эндиликда давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг таклиф ва ташаббусларини кўриб чиқиши шартлиги қонун билан кафолатланди.

Қонунда ижтимоий шерикликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш турлари сифатида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини мулкий, ахборот, маслаҳат, ташкилий ва ўқув-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмалар бериш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш ҳам белгилаб берилган. Бундай институтларга моддий ёрдам кўрсатаётган юридик ва жисмоний шахсларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар берилиши ижтимоий шерикликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тури қаторида қайд этилган. Масалан, мулкий ёрдам кўрсатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома асосида давлат мулки текин ёки имтиёзли шартларда вақтинча фойдаланишга берилишини англатади.

Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди муҳим ўрин тутади. Ушбу фонд, унинг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ва уларнинг вазифаларига оид нормалар ҳам қонунда ўз аксини топган.

Қонундаги яна бир муҳим янгилик – бу Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида жамоат фондлари ҳамда ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари тузилишидир. Албатта, бу жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини кучайтириб, уларнинг ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиради. Маҳаллий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, гуманитар масалаларни ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид фаолиятни янада рағбатлантиради.

Ижтимоий шериклик соҳасидаги тадбирларни молиялаштириш асослари ҳам ҳуқуқий тартибга солинган. Бу мақсадда давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағлари, ижтимоий шериклик субъектларининг ўз маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан амалга оширилади. Ижтимоий шериклик соҳасидаги тадбирларни молиялаштириш қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Қонунда ижтимоий шериклик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига катта эътибор қаратилган. Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўз уставларига мувофиқ ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ўз аъзолари ва иштирокчиларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ифодалаш, давлат органларига таклифлар билан чиқиш, уларнинг қарорларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, ушбу органларга ахборот олиш тўғрисида сўровлар билан мурожаат этиш, жамоатчилик назоратини ўтказиш каби ҳуқуқларга эгадир.

Айни вақтда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари муайян мажбуриятларга ҳам эга. Бинобарин, улар ўз фаолиятининг очиқ-ошкоралигини, ижтимоий шериклик соҳасидаги битимлар, дастур ва лойиҳалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини, фаолиятни амалга ошириш чоғида фуқароларнинг манфаатлари ҳисобга олинишини, ижтимоий шериклик доирасида тақдим этилган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкдан мақсадли фойдаланилишини таъминлаши шарт. 

Давлат органларига мазкур институтларнинг таклиф ва ташаббусларини кўриб чиқиши, зарур ҳолларда жамоатчилик муҳокамаси ташкил этиши, ижтимоий шериклик соҳасидаги битимлар, дастур ва лойиҳалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашга мажбурдир.

Мазкур қонун 2015 йил 1 январдан эътиборан кучга киради. 

Янги қонун мамлакатимизда ижтимоий шерикликни ривожлантириш учун қулай муҳитни юзага келтиришга, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада юксалтиришга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.


Миравзал Миракулов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун
ҳужжатлари мониторинги институти
бўлим бошлиғи, юридик
фанлар номзоди.


ЎзА