ЎзА Ўзбек

17.10.2014 19:32 Янги қонунларга шарҳлар

Ислоҳотлар ва аҳоли фаровонлиги

Пойтахтимизда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросини таъминлашга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Сирғали туманининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, инвестиция имкониятлари, туманда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, бандлиги ва турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритилди.

Туман ҳокими Ф.Мақсудхўжаев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида халқимиз турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш, ёшларни юксак салоҳиятли баркамол авлод қилиб вояга етказиш юзасидан олиб борилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Тумандаги корхоналарда мебелъ, иккиламчи қора ва рангли металл, резина ва пластмасса буюмлар, ёғочни қайта ишлаш, чарм ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, аҳоли эҳтиёжини қондиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби Сирғали туманида ҳам тадбиркорлар мунтазам қўллаб-қувватланмоқда. Кичик бизнесни ривожлантириш мақсадида янги ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилиб, мавжудлари қайта таъмирланаётир. Жумладан, 2014 йилнинг ўтган даврида туманда 5578 янги иш ўрни яратилди. Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида ҳудуддаги бўш иш ўринлари ҳақида махсус стендлар ташкил этилгани аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашмоқда.

Жорий йилда тумандаги касб-ҳунар коллежларини 2068 йигит-қиз битирган бўлса, шу кунгача уларнинг аксарияти иш билан таъминланди. Ёшларнинг қолган қисмини ўзлари қизиққан соҳалар бўйича ишга жойлаштириш давом этмоқда.

“Соғлом бола йили” Давлат дастурига асосан ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари, сузиш ҳавзаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан салмоқли ишлар бажарилди.

2014-2015 йил қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида умумтаълим мактаблари, боғчалар ва тиббиёт муассасалари учун жами 2,3 миллиард сўм бюджет маблағлари ажратилди.

Матбуот анжуманида туманда олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самаралари, янги қонун нормаларини ҳаётга изчил татбиқ этиш юзасидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. 

Ф.Ибодова, ЎзА