ЎзА Ўзбек

21.05.2014 18:13 Янги қонунларга шарҳлар

Ишбилармонликнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

Пойтахтимизда “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида” ва “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган тадбирда хўжалик бирлашмалари, акциядорлик жамиятлари раҳбарлари, тижорат банклари, фонд биржаси мутахассислари, марказий депозиторий ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари қатнашди.

Мамлакатимизда акциядорлик жамиятларини ташкил этиш ва уларнинг ривожланиши учун зарур ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш доимий эътиборда. Инвестицион муҳит жозибадорлигини ошириш ва корпоратив муносабатларни белгилайдиган қоидаларга янада аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига янгиликлар киритилди.

– Қонунга киритилган янгиликлар акциядорлик компанияларнинг фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади, – дейди Қимматли коғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази директори ўринбосари Асқар Обидов. – Мисол учун, уларни очиқ ва ёпиқ шаклларга бўлиш бекор қилиниб, уставда акс эттирилиши лозим бўлган мажбурий қоидалар рўйхати қисқартирилди. Акцияларнинг тан олиниши учун бозорда жойлаштирилиши лозим бўлган энг кам миқдори 60 фоиздан 30 фоизгача камайтирилди. Жамиятда ички аудит хизматини ташкил этиш талаби қайта кўриб чиқилди. Унга кўра, активларнинг баланс қиймати энг кам иш ҳақининг юз минг баробаридан кўп миқдорда бўлган акциядорлик жамиятларида ички аудит хизмати ташкил этилади.

Анжуманда жорий йил 15 майда кучга кирган “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ бир қатор қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар хусусида ҳам сўз юритилди. Жумладан, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига биноан акциядорлик жамиятлари, суғурта компаниялари, банклар, фонд ва товар биржалари, инвестиция фондлари ва бошқа молия ташкилотлари ҳар йилги молиявий ҳисоботни унда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги аудиторлар томонидан тасдиқлангандан сўнг, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг биринчи майидан кечиктирмай эълон қилиши шарт.

“Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида давлатга тўла ёки умумий мулк ҳуқуқида қисман қарашли баҳолаш объектлари битим тузишга жалб этилган тақдирда баҳолашни ўтказиш мажбурийлиги белгиланди. “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, қимматли қоғозларнинг биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозорида қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш ҳамда рўйхатдан ўтказиш электрон шаклда амалга оширилади. “Қимматли қоғозларни жойлаштириш”, “корпоратив облигациялар” тушунчаларига ва уларни чиқариш тартибига ҳам аниқликлар киритилди.

Мазкур қонуннинг 43-моддасида инвестор мустақил равишда ва (ёки) аффилланган шахслар билан биргаликда бир ёки бир нечта битим тузиш натижасида акциядорлик жамияти акцияларининг мазкур акциядорлик жамияти устав фондининг жами йигирма фоизини ва ундан ортиқ фоизини ташкил этувчи акциялар пакетини олганлиги ҳақидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ошкор қилиши шартлиги белгиланган. Илгари бу талаб акциядорлик жамияти устав фондининг жами ўн беш фоизини ва ундан ортиқ фоизини ташкил этувчи акциялар пакетларига нисбатан қўлланиларди.

Семинарда қимматли коғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органлари вакилларининг юқорида қайд этилган қонунларга киритилган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти хусусидаги маърузалари тингланди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.


ЎзА, Сайёра Шоева