ЎзА Ўзбек

03.09.2014 14:36 Янги қонунларга шарҳлар

Ишбилармонликнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимизда акциядорлик жамиятларининг ривожланиши учун барча шароит ва зарур ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш юзасидан изчил ишлар амалга оширилаётир. Инвестиция муҳити жозибадорлигини ошириш ва корпоратив муносабатларни белгилайдиган қоидаларга аниқлик киритиш мақсадида шу йил 6 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни бу йўлдаги муҳим қадам бўлди.

Мазкур қонунда акциядорлар, жумладан, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлиги, акциядорлик жамиятларининг, бошқарув ва назорат органларининг роли ва аҳамиятини ошириш, йирик ва аффилланган шахслар иштирокида битимлар тузиш, акциядорлар ва потенциал инвесторлар учун жамиятнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотлар ошкоралигини таъминлашга оид янги ҳуқуқий меъёрлар кўзда тутилган.

Акциядорлик жамияти иқтисодий табиатига кўра масъулияти чекланган жамиятлар ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги тижорат ташкилотларидан фарқли равишда очиқ бозорда қимматли қоғозлар чиқариш йўли билан чекланмаган шахслар ўртасида инвестицияларни жалб қилиш имкониятига эга. Шунингдек, фаолияти очиқлиги ва ошкоралиги билан алоҳида ажралиб туришини ҳисобга олган ҳолда уларни очиқ ва ёпиқ шаклларга ажратиш бекор қилинди.

Янги таҳрирдаги қонунда акциядорлик жамиятлари расмий веб-сайти ва электрон почта манзилларига эга бўлиши, акциялари фонд биржасининг расмий листингига киритилган жамиятлар ошкор этилиши шарт бўлган ахборотларни фонд биржасининг расмий веб-сайтида ошкор этиши талаблари ҳамда акциядорлик жамиятлари акциядорларга ҳужжатларни электрон шаклда тақдим қилишга ҳақлилиги белгиланган.

Илгарилари акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарни ошкор қилиш матбуотда эълон қилиш билан бирга ҳар бир акциядорга билдиришнома юбориш орқали амалга оширилар эди. Айрим акциядорлик жамиятлари акциядорларининг сони 50 мингдан ортиқлигини ҳисобга олсак, бу анча-мунча харажатни талаб этади. Энди ана шундай хабарлар жамиятнинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ва акциядорларнинг электрон манзилига юборилиши белгилаб қўйилди.

Бу, албатта, акциядорлик жамиятларининг қўшимча харажатларини камайтириш ва уларга қулайлик яратишга хизмат қилади. Мазкур талабларни янада мустаҳкамлаш, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, шунингдек, акциядорлик жамиятлари корпоратив веб-сайтлари ва уларга жойлаштирилиши мажбурий бўлган ахборотга қўйиладиган талабларни белгилашда Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 2 июлдаги “Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур қарор билан мулкдорлар, инвесторлар ва ишбилармонларга маълумот олишлари учун имконият яратиш мақсадида Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, у 2015 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, корпоратив бошқарув – компания фаолиятининг самарали олиб борилиши, унинг эгалари ва бошқа манфаатдор шахсларнинг (компания кредиторлари, мижозлари, ишчилари ва давлат органлари) ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя қилинишига қаратилган компания акциядорлари (иштирокчилари) ва ижроия органи ўртасидаги муносабатлар ва ўзаро саъй-ҳаракатлар тизимини англатади.

– Қарорда жамиятнинг корпоратив веб-сайтида мажбурий жойлаштирилиши керак бўлган ахборотлар рўйхати берилган, – дейди Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бошқарма бошлиғи Бахтиёр Ҳайдаров. – Жамиятнинг устави, уни ривожлантириш стратегияси, ташкилий тузилмаси, аффилланган шахслар рўйхати, корпоратив бошқарув кодекси, чорак ва йиллик ҳисоботлар, акциядорларга ҳисобланган ва тўланган дивидендлар ҳақидаги ахборотлар шулар сирасидандир. Бунда ахборотларнинг жамиятнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши акциядорлар ва инвесторларга, хусусан, чет эллик сармоядорларга акциядорлик жамиятининг фаолияти тўғрисидаги ахборотларни эркин олишига имконият яратади. Бу жамият фаолиятини янада ривожлантириш, уни модернизация қилишга инвестицияларни, жумладан, чет эл инвестицияларини тобора кенгроқ жалб қилишга хизмат қилади.

Юқорида қайд этилган қарор билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ҳам ўзгартиришлар киритилган. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 8 июндаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимматли қоғозлар билан битишувлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга уюшган бозорда қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш ва рўйхатдан ўтказишни фақат электрон шаклда амалга оширишни, қимматли қоғозлар билан операцияларга доир чекловларни қайта кўриб чиқиш ва бекор қилишни назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.

Эндиликда биржа ва биржадан ташқари савдо ташкилотчиларида қимматли қоғозларга доир битимлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш электрон шаклда амалга оширилади. Бу қимматли қоғозларга доир битимларни қисқа вақтда амалга ошириш имконини беради. Бундан ташқари, низомга киритилган ўзгартиришга биноан инвестор акциядорлик жамияти устав капиталининг 20 ва ундан ортиқ фоиз акцияларини олганлиги ҳақида ахборотни ошкор этиши шартлиги белгиланган. Илгари инвестор акциядорлик жамияти устав капиталининг 15 ва ундан ортиқ фоизини ташкил этувчи акцияларни олиши ҳақидаги ахборотни олдиндан ошкор қилиши шарт эди.

Фонд биржаси ва бошқа қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари инвесторлардан сотишга қўйиладиган қимматли қоғозларни баҳолашнинг олдиндан ўтказилишини талаб қилишга ҳамда қимматли қоғозларни номинал қийматидан паст нархда сотишни тақиқлашга ҳақли эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди. Низомда қимматли қоғозларни бегоналаштиришга чеклов қўйиш жараёнига ҳам аниқликлар киритилди. Жумладан, чеклов қўйиш талабномасида акс эттирилиши керак бўлган маълумотлар аниқ белгиланди. Олдин бундай меъёрнинг йўқлиги чекловни қўйиш муддатининг асоссиз чўзилишига олиб келарди. Депозитарий томонидан қимматли қоғозларни бегоналаштиришга чеклов қўйилганлиги тўғрисида қимматли қоғозлар эгасини икки иш куни ичида хабардор қилиш шартлиги белгиланди.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда акциядорлик жамиятларининг тобора ривожланиши учун яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар қимматли қоғозлар бозорини фаоллаштириш орқали иқтисодиётимизни юксалтириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

ЎзА, Сайёра Шоева