ЎзА Ўзбек

16.12.2014 17:00 Янги қонунларга шарҳлар

Инвестиция ва иқтисодий тараққиёт

Корхоналар фаолиятини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашда инвестицияларнинг ўрни беқиёс.

Ўзбекистон энг юқори ва қулай инвестиция муҳити яратилган мамлакатлардан биридир. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган оқилона иқтисодий сиёсат тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва уни рағбатлантиришга қаратилгани боис турли шаклдаги инвестиция маблағларининг ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. 2013 йилда мамлакатимизда 13 миллиард доллар қийматидаги капитал қўйилмалар ўзлаштирилган бўлса, унинг 47 фоизини хусусий инвестициялар – корхоналар ва аҳолининг шахсий маблағлари ташкил этди. 90 дан ортиқ мамлакатнинг хорижий капитали иштирокида ташкил этилган 4 мингдан зиёд корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Маълумки, ҳар қандай ислоҳот меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш орқали мустаҳкамланади. 2014 йил 10 декабрдан кучга кирган янги таҳрирдаги “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва миллий бозор муносабатларининг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган.

1998 йил 24 декабрда қабул қилинган “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун соҳада эришилган ютуқларда муҳим аҳамият касб этди. Бироқ иқтисодий глобаллашув, инвестиция объектлари доирасининг кенгайиши, хусусий мулк ва тадбиркорлик субъектларига яратилаётган ҳуқуқий кафолатларнинг ортиши, турли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдаги юмушлар боис қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

– Ушбу ҳужжат хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларнинг инвестиция жараёнидаги иштирокини кенгайтиришга, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, инвестициялар киритиш учун қўшимча шароитлар яратиш, инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳамда мулкларини ҳимоя қилиш усулларини кенгайтиришга қаратилган, – дейди Тошкент давлат юридик университетининг “Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси доценти, юридик фанлари номзоди Жаҳонгир Йўлдошев. – Янги таҳрирдаги қонунга инвестиция фаолиятини рағбатлантиришни тартибга солувчи моддалар киритилгани аҳамиятлидир. Жумладан, қонунда инвесторларнинг ҳуқуқлари, марказлаштирилган ва марказлаштирилмаган инвестициялар, инвестиция жамғармалари, инвестиция фаолияти субъектларининг ўзаро муносабатлари, ҳуқуқларининг кафолатлари каби ҳуқуқий тушунчаларни белгилаб берувчи моддалар ва нормалар сезиларли равишда кенгайтирилди. Мисол учун, 3-моддада қонун ҳужжатларида тақиқланмаган тадбиркорлик фаолияти ва бошқа турдаги фаолият объектларига киритиладиган моддий ва номоддий неъматлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан, интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар, реинвестициялар тушунчаси акс этган. “Реинвестициялар” тушунчаси инвестициялардан олинган, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган тадбиркорлик фаолияти ва бошқа турдаги фаолият объектларига киритиладиган ҳар қандай даромад, жумладан, фойда, фоизлар, дивидендлар, лицензия ва воситачилик ҳақи, техник ёрдам, техник хизмат кўрсатиш учун тўловлар ҳамда бошқа шаклдаги мукофотлар тарзида бойитилди.

Аввалги таҳрирдаги қонунда “реинвестициялар” тушунчаси анча тор, яъни инвесторнинг фаолияти натижасида олинган фойдани (даромадни) муомалага киритиш тарзидаги таъриф билан чекланган эди. Маълумки, инвестициялар мўлжалланган объектига кўра капитал, инновация ва ижтимоий шаклда бўлади. Янги таҳрирда мазкур объектлар доираси янада кенгайтирилди. Авваллари капитал инвестицияларга асосий фондларни вужудга келтириш ва такрор ишлаб чиқаришга, шунингдек, моддий ишлаб чиқаришнинг бошқа шаклларини ривожлантиришга қўшиладиган инвестициялар кирган бўлса, эндиликда янги қурилиш, модернизациялаш, реконструкция қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга киритиладиган инвестициялар ҳам қамраб олинди.

Ахборот-телекоммуникация тизимининг жадаллик билан ривожланиши боис ҳозир тадбиркорлик фаолияти нафақат маҳсулот ишлаб чиқариш, балки замон талабларига мос хизмат турларини жорий этиш, инновация кўринишида киритиладиган инвестициялар тарзида баҳоланмоқда. Давлатимиз раҳбари Конституциямизнинг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни изчил чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни узлуксиз техник ва технологик янгилаб бориш, замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этишни асосий мақсадимиз сифатида кўришимиз керак.

Ушбу қонунга биноан инвестиция муносабатини тартибга солувчи қонунчилик таркибига бир қатор янги нормалар киритилди. Унга кўра, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа турдаги фойда олиш учун инвестицияларни амалга оширишга қаратилган ўзаро боғлиқ тадбирлар ўз ичига лойиҳалаштиришга техник топшириқни ишлаб чиқиш, инвестиция лойиҳасининг лойиҳаловчисини аниқлаш, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ишларни амалга ошириш технологияларини, ускуналарини ва услубларини аниқлаш, молиялаштириш манбаларини ва инвестиция фаолияти иштирокчиларини аниқлаш кабилардан иборат. Инвестиция фаолияти иштирокчилари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа органлар билан биргаликда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ҳамда келишиб олиш, лойиҳанинг молиявий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик фойдасини баҳолаш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларга мувофиқ ускуналарни етказиб берувчини аниқлаш ва пудратчи ташкилотни танлаш сингари талаблар ҳам аниқ кўрсатилган.

Қонунда инвесторлар учун бир қатор кафолатлар ҳамда инвестиция фаолиятини рағбатлантириш механизмлари белгиланган. Инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, солиқ ва божхона имтиёзлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш, халқаро шартномалар тузиш кабилар шулар сирасидандир.

Мухтасар айтганда, янги қонун энг замонавий технология ва жиҳозларни келтириш ҳисобига корхоналарда иш унуми ва самарадорлигини ошириш, арзон ва сифатли маҳсулотлар турларини кўпайтириш, пировардида халқимизнинг даромадлари ва харид қувватини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сайёра Шоева, ЎзА