Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.09.2015 16:24 Янги қонунларга шарҳлар

Инвестиция тизими такомиллашади

Республика Биржа марказида Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази мутахассислари йирик акциядорлик компаниялари, акциядорлар ва бошқа қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларига янги қонуннинг қабул қилиниши натижасида инвестиция ва пай фондлари соҳасида юз берадиган ўзгаришлар, қулайликлар юзасидан тушунтириш берди.

Жорий йилнинг 25 август куни қабул қилинган “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги қонун мамлакатимиздаги коллектив инвестиция тизимининг ривожланишини жадаллаштириш, аҳолининг бўш турган маблағини иқтисодиётга янада кенг жалб қилишга қаратилган.

Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, инвесторларнинг пул маблағларини жалб этиш ва уларни инвестиция активларига қўйиш мақсадида акциялар чиқаришни амалга оширувчи юридик шахс – акциядорлик жамияти инвестиция фонди ҳисобланади. 4-моддага кўра, инвестиция фаолиятини амалга ошириш мақсадида икки ва ундан ортиқ шахснинг – инвесторнинг ўзи ишончли бошқарувчига берган пул маблағлари йиғиндиси пай фондидир. Пай фонди юридик шахс саналмайди.

Инвесторнинг пай фондидаги улуши ишончли бошқарувчи томонидан чиқариладиган ҳужжатсиз қимматли қоғоз ҳисобланадиган инвестиция пайи билан тасдиқланади. Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, пай фондини яратиш тўғрисидаги қарор ишончли бошқарувчи томонидан қабул қилинади.

Инвестиция фондининг акцияларини жойлаштириш фонд биржасида амалга оширилади.

Семинар иштирокчиларининг саволларига мутахассислар батафсил жавоб қайтарди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА