ЎзА Ўзбек

17.06.2015 15:34 Янги қонунларга шарҳлар

Қимматли қоғозлар бозори такомиллашмоқда

Президентимиз Ислом Каримов томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида мавжуд қонунларимизнинг айримларини қайта кўриб чиқиш таъкидланган.

2015 йилнинг 4 июнидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонуни қимматли қоғозлар чиқариш, жойлаштириш, улар билан боғлиқ битимлар тузиш, бунда замонавий электрон технологияларидан кенг фойдаланиш, профессионал иштирокчиларга қўйиладиган талабларни аниқлаштиришга хизмат қилаётир.

Мазкур қонун 9 боб, 64 моддадан иборат бўлиб, соҳа вакиллари, сиёсий партия фракциялари, олимлар, амалиётчилар иштирокида кенг муҳокама қилинган. АҚШ, Германия, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлар тажрибаси, Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти тавсиялари ва тамойиллари таҳлил этилиб, уларнинг илғор ютуқлари ҳисобга олинган.

Қонуннинг 3-моддасига клиринг, неттинг каби тушунчалар киритилган бўлиб, улар қимматли қоғозларга доир битимлар бўйича ўзаро мажбуриятларни аниқлаштириш, ҳисобга олишда кўмаклашади. Мисол учун, Ўзбекистон фонд биржасида битта акцияни сотиш учун унинг эгаси брокерлик идораси билан шартнома тузиши, яна акция сотмоқчи бўлса, янги шартнома тузиши зарур эди. Жаҳон тажрибасида тақдим этилаётган бизнес талабларга кўра, неча марта акцияни сотиши ёки сотиб олишидан қатъи назар, унинг эгаси брокер билан бир марта шартнома тузади.

Клиринг тизими бўйича ҳам Ўзбекистонда ҳисоб-китоб даври халқаро амалиётга мувофиқлаштирилмаган эди. Масалан, бир шахс акция сотиб олди, лекин акция учун тўловни 5 кун, 10 кун ёки 12 кундан кейин тўлайман, дейиши мумкин. Талабга кўра, Т+2 стандарти ўрнатилиши, яъни акцияни сотиб олган харидор 2 кун ичида унинг ҳақини тўлаши шарт.

Киритилган янги боблар фонд бозоридаги аниқ маълумотларни яшириш орқали инвесторларга миллиардлаб зарар етказиш мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шу боис қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш ва бир иштирокчининг бошқасига нисбатан устунлик бериши мумкин бўлган (инсайдер) ахборотдан фойдаланиш факти, ушбу ҳаракатларга алоқадор шахслар суд орқали жавобгарликка тортилади.

Қонун қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг мулк жавобгарлиги хусусида янги модда билан тўлдирилди. Жумладан, 59-моддага кўра, қимматли қоғозлар, уларга доир нархлар тўғрисида қасддан бузиб кўрсатилган ахборот тақдим этиш орқали инвесторни ёки қимматли қоғозлар эгасини қимматли қоғозларни сотиб олиш ёки сотишга ундаш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ахборотни инвестор талабига кўра тақдим этмаслик ёки нотўғри ахборот тақдим этиш, қимматли қоғозларнинг инсофсиз рекламасини амалга оширганлик каби ҳолатларда қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари инвестор ёки қимматли қоғозлар эгаси олдида етказилган зарарлар бўйича мулкий жавобгар бўлади.

Янги таҳрирдаги қонунда соҳага замонавий технологияларни кенг жорий қилиш, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларига ўрнатилган талабларни қайта кўриб чиқиш, бу борадаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликка оид нормалар тартибга солинган. Шунингдек, эмиссиявий қимматли қоғозлар билан боғлиқ тамойиллар соддалаштирилган.

Мамлакатимиз ва жаҳон иқтисодиётида юз бераётган сўнгги тенденциялар, ахборот технологияларининг жадал ривожланиши қонунчиликни ушбу ўзгаришларга мослаштириб боришни тақозо этмоқда. Мисол учун, ўтган даврда қимматли қоғозлар билан боғлиқ битимлар тузиш электрон шаклга ўтказилди. Компьютерлаштирилган ягона тизимнинг асосий моҳияти шундаки, бунда бир кунда акциядорлик компанияларининг қанча акция сотгани ёки сотиб олгани, акцияларнинг энг баланд ва энг паст нархлари ҳақидаги ахборот бир неча сония ичида аниқ кўрсатиб берилади. Маълумотлар йиғилиб, таҳлил қилиниб, кейин якуний хулосани чиқариш жараёни автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади. Ягона техник мажмуанинг афзал жиҳатларидан бири – бу ноқонуний ҳолатларнинг, инвесторларнинг акциялар нархларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатиши ёки қонунбузарлик йўли билан акцияларни сотиб олаётгани ёки сотаётгани тезда аниқлаштириб берилишидир.

Қонунга мувофиқ қимматли қоғозлар бозорига яна бир қатор янгиликлар жорий қилинади. Хусусан, инвестиция лойиҳаларига капитални жалб қилиш, ишлаб чиқариш қувватини модернизациялаш, инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш ҳамда саноатга инвестицияни ошириш заруратидан келиб чиқиб, қимматли қоғозларнинг янги турини – инфратузилмавий облигацияларни чиқариш кўзда тутилмоқда. Бу давлат корхоналари ва хўжалик жамиятларига ишлаб чиқариш ҳамда бошқа инфратузилмаларни барпо этиш ва қайта тиклашни молиялаштириш учун пул маблағларини жалб қилишга қулай шароит яратади.

Қимматли қоғозлар бозорининг фаоллашуви ҳамда муваффақиятли иш юритиши мамлакатимизни барқарор иқтисодий ривожлантиришнинг зарур омилларидан биридир. Жадал юксалаётган фонд бозори турли тоифадаги инвесторлар, жумладан, аҳолига бўш пул маблағларини қимматли қоғозлар сотиб олишга йўналтириш ва даромад олиш имконини бермоқда. Қонунга киритилган барча янгиликлар қимматли қоғозлар бозоридаги инвестиция ҳамда рақобат муҳитини яхшилаш, инвестиция ва инновация лойиҳаларини молиялаштириш учун корхоналарнинг акция ҳамда корпоратив облигациялардан унумли фойдаланишига хизмат қилади.

Қонуннинг асосий мақсади молия бозорида қимматли қоғозларнинг аҳамиятини ошириш ҳамда рақобатбардошлигини таъминлашдан иборатдир. Бунга эришиш учун қонунда замонавий ахборот технологияларига ўтиш орқали фонд бозорини модернизация қилиш, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича жаҳондаги энг яхши тажрибаларни татбиқ этиш назарда тутилган. Инвесторга етказилган зарар ўрнини қоплаш учун кафолат фонди тузилиши ҳам бунинг ёрқин далилидир. Бу янгилик инвесторларни инвестиция воситачилари (брокерлар) айби билан етказилиши мумкин бўлган зарарлардан муҳофаза этади.

Қисқача айтганда, янги қонун қимматли коғозлар бозорининг ишлаш механизмини такомиллаштириб, қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлади. Маълумотлар замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ошкор этилиши акциядорлар ва потенциал инвесторларга қимматли қоғозлар бозори фаолияти тўғрисидаги ахборотларни олиш учун кенг имконият яратади. Бу мамлакатимизда иқтисодий ўсиш суръатларининг давомийлигини таъминлашга хизмат қилади.

Адҳам Шодмонов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар
қўмитаси раиси.


ЎзА