ЎзА Ўзбек

16.09.2014 19:13 Янги қонунларга шарҳлар

Иқтисодий хавфсизлик гарови

Мамлакатимизда бозор муносабатлари тобора ривожланиб бораётган бугунги кунда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини қарор топтириш, уларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш долзарб аҳамиятга эга. Бу жараёнда субъектларнинг тижорат сири муҳофазаси уларнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлайди.

2014 йил 12 сентябрда эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Тижорат сири тўғрисида”ги қонуни ана шундай муҳим мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Мазкур қонун қабул қилингунга қадар тижорат сири соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонун ҳамда бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Бироқ ушбу ҳужжатларда ҳуқуқий ёндашувлар турлича бўлиб, тижорат сирини ҳимоя қилиш институтининг мазмуни бир хилда акс этмаган эди.

Бу масаланинг самарали ечимини топиш мақсадида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ҳисобга олинган ҳолда “Тижорат сири тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди. 21 моддадан иборат мазкур қонун тижорат сирини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни қамраб олган.

Қонунда тижорат сири, тижорат сирининг махфийлиги, тижорат сирининг мулкдори, конфидент, тижорат сирини ошкор этиш ҳамда тижорат сирининг режими каби тушунчаларнинг мазмун-моҳияти тўлиқ очиб берилган. Хусусан, тижорат сири деганда, учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли фан-техника, технология,ишлаб чиқариш, молия-иқтисодиёт ҳамда бошқа соҳаларда тижорат қимматига эга бўлган, қонуний асосда эркин фойдаланилмайдиган ахборот тушунилади.

Тижорат сири махфий бўлиб, унинг тарқалиб кетиши, ошкор этилиши ва ундан рухсатсиз фойдаланилишига йўл қўйилмайди. Шу боис қонун асосида ана шу мақсадга қаратилган тижорат хавфсизлиги кафолати мустаҳкамланди. Тижорат сирига эга бўлган, унга нисбатан тижорат сири режимини ўрнатган шахс, табиийки, унинг мулкдори бўлади. Бунда ана шу сирдан фойдаланишни чеклайдиган ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа чора-тадбирларни кўриш тушунилади. Бундай мулкка эга бўлган мулкдор ундан фойдаланади ҳамда уни тасарруф этади. Тижорат сири учинчи шахслар томонидан ошкор этилган, қонунга хилоф равишда олинган ёки ундан ноқонуний фойдаланилган ҳолларда мулкдор ўз ҳуқуқларини қонунда белгиланган тартибда ҳимоя қилади. У ўз ҳуқуқлари бузилиши натижасида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиши ҳам мумкин.

Қонунда тижорат сирига доир талаблар мустаҳкамланган. Хусусан, тижорат сири учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли ўз мулкдори учун ҳақиқий ёки потенциал тижорат қийматига эга бўлиши зарур. У қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳаммага маълум ёки ҳамма учун очиқ бўлмаслиги керак. Тижорат сирининг махфийлиги муҳофаза қилиш чора-тадбирлари билан таъминланган бўлиши даркор. Шу билан бирга, тижорат сири давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сир белгиларига эга бўлмаслиги керак.

Меҳнат муносабатлари жараёнида тижорат сиридан фойдаланиш бекор қилиниши мумкин. Бунга меҳнат шартномаси ёки фуқаролик ҳуқуқи шартноманинг бекор қилиниши, тижорат сирини ошкор этмаслик бўйича олинган мажбуриятларнинг бузилиши кабилар асос бўлиши мумкин. Бироқ бу жараён ходимни тижорат сирини ошкор этмаслик бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятдан озод этмайди.

Хўжалик юритувчи субъектлар ўзаро муносабатларда тижорат сирининг муҳофаза қилинишини таъминлаши даркор. Бунинг учун тарафлар тижорат сирини ташкил этувчи маълумотларнинг тавсифини ва рўйхатини, шунингдек, унинг муҳофаза қилинишини таъминлаш бўйича ўзаро мажбуриятларни алоҳида шартлашиб олиши даркор. Конфидент, яъни тижорат сирини унинг мулкдори билан тузилган шартнома асосида эгалик қилишга ва фойдаланишга олган юридик ёки жисмоний шахс ҳам муҳофаза қилишга масъул.

Суд муҳокамаси чоғида судни ва ишда иштирок этувчи шахсларни тижорат сири билан таништиришга тижорат сирининг мулкдори ёки конфидент даъвогар ёки жавобгар сифатида иштирок этаётган низонинг мазмунига бевосита тааллуқли бўлган қисми бўйича йўл қўйилади.

Суднинг тижорат сиридан чекланмаган ҳолда фойдаланишига фақат тижорат сири мулкдорининг ёки конфидентнинг давлат органлари билан низоларида, банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганда, тижорат сирининг мулкдори тугатилганда ёхуд унинг фаолияти тугатилганда, тижорат сири ворислик объекти бўлган ворислик ҳуқуқи хусусидаги низоларда, эр-хотин ёки улардан бири тижорат сирининг мулкдори бўлганда умумий мол-мулк бўлиниши хусусидаги низоларда, тижорат сирининг мулкдори ва конфидент ҳамда муассислар ўртасидаги низоларда рухсат берилади.

Умуман, мазкур қонунда белгиланган нормаларнинг рўёбга чиқарилиши хўжалик юритувчи субъектлар самарали иш олиб бориши учун қулай шароит яратади. Шунингдек, ахборот технологиялари, ишлаб чиқариш янгиликлари, ноу-хаулар ва инновацияларни янада ривожлантиришга рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади. Бу, пировардида, иқтисодиётнинг янада ўсишига ва мамлакатимизнинг равнақ топишига замин яратади.

Зафар Рўзиев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун
ҳужжатлари мониторинги
институти бош илмий ходими,
юридик фанлар номзоди.


ЎзА