ЎзА Ўзбек

17.09.2014 18:29 Янги қонунларга шарҳлар

Иқтисодий тараққиёт кафолати

Фарғонада иқтисодиётда тадбиркорлик тараққиёти ва инвестициявий имкониятларнинг ҳуқуқий асосларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Фарғона вилояти адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, тижорат банклари ходимлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 16 июлда қабул қилинган “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2014 йил 7 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонлари тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш тартибини такомиллаштириш ва кичик бизнес субъектларининг статистика ҳисоботларини тақдим қилишида қўшимча қулайликлар яратди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан тегишли ташкилотларга топширилиши лозим бўлган ҳужжат ва ҳисоботлар, уларнинг сони, муддати ва даврийлиги тубдан қисқарди. Тадбиркорларнинг ҳужжат ва ҳисоботлари эндиликда электрон шаклда қабул қилинмоқда.

– Президентимиз раҳнамолигида барқарор ишбилармонлик муҳити ва қулай инвестиция иқлими яратилишида бир қатор фармон ва қарорлар муҳим омил бўлди, – дейди вилоят адлия бошқармаси тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Узоқов. – Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги оширилди. Тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитлари яхшиланди. Ўтган даврда тадбиркорлик йўналишида қонунбузилишлар ва уларни келтириб чиқарувчи ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга 122 тақдимнома ва 145 огоҳнома киритилди. Тадбиркорлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг манфаатини кўзлаб, судларга 58 даъво аризалари киритилди.

Анжуманда соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, тадбиркорлар билан ўтказилаётган "очиқ эшиклар куни", "ягона ойна" марказлари фаолияти, ишбилармонлар учун яратилаётган имтиёз ва кафолатлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

ЎзА, М.Сулаймонов