ЎзА Ўзбек

30.01.2018 16:31 Янги қонунларга шарҳлар

Иқтисодий судлар фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлади?

Бу Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида ўз ифодасини топди.

ЎзА мухбири янги кодекснинг мазмун-моҳияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раисининг ўринбосари Бахтиёр Сайфуллаев билан субҳатлашди.

– Иқтисодиёт, хусусан, тадбиркорлик ривожида, шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасида катта ўзгаришлар амалга оширилди, – дейди Б.Сайфуллаев. – Аввал мавжуд бўлган хўжалик судлари ўрнида иқтисодий судлар ташкил этилди ва унинг доираси кенгайтирилди. Яъни мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва тадбиркорлик субъектлари сони ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди.

Бу ўзгаришлар Иқтисодий процессуал кодексни қабул қилишни заруриятга айлантирди. 2018 йил 25 январь куни матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун билан янги кодекс тасдиқланди. Кодекс 2018 йил 1 апрелдан кучга киради.

Кодекс 5 бўлим, 37 боб ва 347 моддадан иборат.

Кодекс билан иқтисодий судларда ишларни юритиш тартиби такомиллаштирилди. Энг эътиборлиси, соҳага оид қонунчилик ва амалиётдаги айрим камчиликлар бартараф этилди. Асосийси, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш механизмлари такомиллашди. Бу эса тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

– Суд мажлисларини аудио ва видеода қайд этишдан мақсад нима?

– Кодексда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан янада кенгроқ фойдаланишга оид норма белгиланди. Эндиликда суд мажлисларини аудио ва видеода қайд этиш янада кенгайтирилади. Бундай замонавий услубнинг кенг жорий этилиши суд мажлислари тўлиқ қонун талаблари асосида ўтишини таъминлайди.

Суд мажлиси ёзилган аудио ёки видеоёзув билан унда қатнашган шахсларни таништириш имконияти берилмоқда.

Юқори судлар томонидан қуйи судларда олиб борилаётган ишлар, суд мажлисларининг қонунга мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар ўтказишда ҳам бу амалиёт қўл келади. Иш бўйича юқори инстанция судига шикоят тушганда қуйи судда кўрилган ишга оид жараённи тўлиқ қайта кўриб чиқиш, хатога йўл қўйилган бўлса, буни ҳеч қандай монеликсиз аниқлаш имконияти юзага келади.

– Вилоят иқтисодий суди кўриши керак бўлган ишлар доираси, судловлиликнинг умумий қоидалари билан боғлиқ ўзгаришлар нима сабабдан жорий этилмоқда?

– Низоларни ҳал этишда судлар даражасига қараб иш кўриш уларга тушадиган юкламалар меъёрлашишига, ишлар ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишига хизмат қилади.

Юқорида қайд этилганидек, ҳозирги кунда туман ва шаҳар иқтисодий судлари ҳам фаолият юритмоқда. Вилоят даражасидаги иқтисодий судларда иш тажрибаси юқорироқ бўлган судьялар фаолият юритади. Шунинг учун ҳам мураккаб тоифадаги ишларни ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида айрим низоларни ҳал этиш вилоят даражасидаги иқтисодий судлар судловига ўтказиладиган бўлди.

Низоларнинг тезкор кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида судловлиликнинг умумий қоидалари ўзгартирилди. Яъни юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан даъво аризалари судга уларнинг рўйхатга олинган жойи бўйича берилади.

Маълумки, юридик шахслар рўйхатдан ўтмаган жойида ҳам, жумладан, турли жойларда фаолият юритиши мумкин. Ҳозирги кунда ишлар юридик шахс жойлашган жойда кўрилади. Айтиб ўтилганидек, улар турли жойларда фаолият юритадиган бўлса, ишни кўришда қатор қийинчиликлар туғилиши мумкин. Бу борада аниқлик киритилгани, яъни корхона ёки ташкилотга оид даъво аризаси улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилиши суд учун шу субъектдан турли ҳужжатларни олиш, суд иши билан боғлиқ бошқа жараёнларни олиб боришда қулайлик яратади. Шу билан бирга, бу суд ҳужжатини ижро этиш жараёнини ҳам бирмунча енгиллаштиради.

– Одил судловни амалга оширишга мутахассис жалб этилиши қандай самара беради?

– Маълумки, суд иш юритувига турли соҳаларга оид ишлар келиб тушади. Ҳар соҳанинг, хусусан, судда кўриб чиқилаётган ҳар бир ишнинг ўзига хос томонлари бўлади. Уларга аниқлик киритиш мақсадида айрим ҳолларда экспертиза хулосаси талаб қилинади. Бу эса вақт, маблағ талаб этадиган жараёндир. Айрим низоларни ҳал қилишда эса мутахассиснинг маслаҳати (тушунтириши) етарли ҳисобланади.

Шунинг учун бу борада қулайлик яратиш, суд ишининг белгиланган муддатда кўриб чиқилишини таъминлаш учун иқтисодий суд иш юритувининг иштирокчилари рўйхатига мутахассис киритиладиган бўлди. Ўз соҳасини яхши билан мутахассисдан ишга алоқадор масалаларда маълумот олишнинг ўзиёқ масалага ойдинлик киритади. Шунинг учун ҳам бу мутахассис одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахс сифатида судда қатнашади.

– Апелляция ва кассация инстанцияси судларининг иш юзасидан узил-кесил қарор қабул қилиш тартиби нима учун жорий этилмоқда? 

– Бунда мазкур инстанцияларнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва биринчи инстанция судига янгидан кўриш учун юбориш бўйича ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Айнан шу жараёндаги ортиқча оворагарчиликларга барҳам бериш мақсадида узил-кесил қарор қабул қилишга оид янги меъёр белгиланди.

Бунинг моҳияти шундан иборатки, эндиликда апелляция ва кассация инстанцияси судлари келиб тушган ишни аввалгидек қуйи судларга қайтармайди. Ишни ўзи кўриб чиқиб, узил-кесил нуқта қўяди. Бунда фақатгина битта истисно мавжуд бўлиб, у ҳам агар биринчи инстанция суди ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса, ушбу суд ҳужжати бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилиши мумкин.

– Назорат инстанцияси билан боғлиқ ўзгаришлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.

– Мазкур инстанцияда иш юритишни белгиловчи нормалар тубдан қайта кўриб чиқилди. Эндиликда назорат инстанциясида ишлар нафақат Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларининг протести, балки назорат шикояти асосида ҳам кўриб чиқилади.

Бу суд иш юритуви иштирокчиларининг юқори инстанцияга мурожаат қилиш ҳуқуқини кенгайтириб, одил судловга эришиш даражасини оширади.

– Кодексда яна қандай ўзига хос жиҳатлар бор?

– Кодексда шартномавий (ихтиёрий) вакилларнинг рўйхати келтирилди. Судда вакил сифатида ишларни юритиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин. Бу жамиятда адвокатларнинг ўрни ва роли ошишига ҳам замин яратади.

Коммунал тўловлар юзасидан қарздорликни ундириш бўйича ҳам ўзгартиришлар киритилди. Бунда коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар билдирилганида суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага қандай ҳужжатлар илова қилиниши зарурлиги белгиланди. Бу қарздорлик асоссиз ва нотўғри ҳисобланишининг олдини олади ва, ўз навбатида, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашади.

Низоларни тарафларни ўзаро келиштириш асосида ҳал қилишга бағишланган келишув битимига оид янги боб Кодексдан ўрин олди. Низоларнинг самарали ҳал қилинишини таъминлаш, тарафлар ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолишга қаратилган бундай меъёр аввал қонунчиликда кенг акс эттирилмаган эди. Эндиликда келишув тушунчаси, уни қандай ҳолларда тузиш мумкинлиги битта бобга қамраб олиниб, кенгроқ тушунтириб берилди.

Бир сўз билан айтганда, Иқтисодий процессуал кодекснинг қабул қилиниши мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини қонун даражасида мустаҳкамлади. Бу, албатта, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова суҳбатлашди