ЎзА Ўзбек

14.10.2016 15:10 Янги қонунларга шарҳлар

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ички ишлар органларининг асосий вазифалари сифатида мустаҳкамланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 16 сентябрда имзолаган Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ички ишлар органларига оид қонун қабул қилинишида ўзига хос маъно мужассам. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида мазкур органлар ва уларда хизмат қилаётган ходимларнинг фаолияти давлат ва жамият олдида ўта муҳим аҳамият касб этиши, мазкур соҳа ходимлари фаолияти фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш, тинчлик, осойишталик билан бевосита боғлиқ эканлигини кўрсатиб ўтишимиз мумкин.

Бу ҳақда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда “мазкур органларнинг, биринчи навбатда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш ҳамда уларга тузатишлар киритиш зарур”, деб алоҳида таъкидлаган эди.

Ривожланган давлатлар тажрибасини кўрадиган бўлсак, уларда ҳам айнан ички ишларга оид муносабатлар махсус қонун билан тартибга солинган. Қайд этиш жоизки, мазкур қонун қабул қилингунга қадар ички ишлар органлари фаолиятининг у ёки бу жиҳатлари махсус қонунлар билан тартибга солиниб келинаётган эди. 1999 йилда қабул қилинган «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги, 2000 йилда қабул қилинган «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги, 2009 йилда қабул қилинган «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги, 2012 йилда қабул қилинган «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги, 2014 йилда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Мазкур соҳада алоҳида қонун бўлиши бир қатор имкониятлар яратади. Жумладан, қонун қабул қилингунга қадар 90 дан ортиқ турли қонун ҳужжатларида акс этган ички ишлар органларига оид нормаларни тизимлаштириш имконияти яратилди. Бу ундан фойдаланувчилар учун катта қулайликдир. Қонуннинг қабул қилиниши унинг бажарилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш имконини яратгани мазкур ҳужжатнинг ижтимоий ҳаётдаги роли ва таъсирини кучайтиради.

Янги қонуннинг қабул қилиниши халқаро стандартлар нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунончи, Европа Кенгашининг демократияга ҳуқуқ орқали Комиссияси (Венеция Комиссияси)нинг “Ҳуқуқ устуворлигига риоя қилинишини баҳолаш учун назорат саволлари рўйхати”да давлатнинг ҳаракатлари қонунга мувофиқ амалга оширилиши, давлат органларининг ваколатлари қонун билан белгилаб қўйилиши каби мезонлар мавжуд.

Қонун 8 боб, 49 моддадан иборат бўлиб, ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолиятининг асосий йўналишлари ва принципларини қамраб олган. Унда ички ишлар органлари тизими, мазкур органларнинг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари, ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби ва шартлари, ички ишлар органлари ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш каби масалалар тартибга солинган.

Ички ишлар органларининг асосий вазифалари сифатида биринчи бўлиб фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мустаҳкамлангани қонуннинг энг муҳим жиҳатидир. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш – ички ишлар органлари фаолиятининг 16 асосий йўналиши ичида биринчи бўлиб қайд этилган. Шунинг учун ҳам мазкур қонуннинг 27-моддасига асосан ички ишлар органи ходими қасамёд матнида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш алоҳида белгиланган.

Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принципларидан бири сифатида ҳам фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш белгиланган. Мазкур принципга кўра, ички ишлар органларининг фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чекловчи фаолияти, агар қонуний мақсадга эришилган бўлса ёки ушбу мақсадга фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш орқали эришиб бўлмаслиги ёки эришилмаслиги кераклиги аниқланса, дарҳол тўхтатилади. Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт.

Қонунда ички ишлар органлари фаолиятида қонунийликни таъминлашга катта эътибор қаратилиб, алоҳида қонунийлик принципи киритилган. Унга кўра, ички ишлар органлари ходимлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ички ишлар органлари тўғрисидаги қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига аниқ риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт. Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъи назар, қонунийликни бузиш ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади.

Ички ишлар органларининг ходимлари хизмат мажбуриятларини бажариш чоғидаги ўзининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) оқлаш учун хизмат манфаатларини, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқликни, юқори турувчи мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф талаблари, буйруқлари ва фармойишларини ёки қонунга мувофиқ бўлмаган бошқа бирор-бир ҳолатни рўкач қилиши мумкин эмас. Ички ишлар органларининг ходимларига кимнидир ғайриқонуний ҳаракатларни содир этишга бевосита ёки билвосита қизиқтириш, кўндириш, ундаш тақиқланади.

Мазкур қонун ички ишлар органи ва фуқаро ўртасидаги муносабатларни ҳам тартибга солади. Ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат этганида ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши лозим. Фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилиши керак. Фуқарога нисбатан унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда, бундай чоралар қўлланилишининг сабабини ҳамда асосларини, шунингдек, фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириши шарт.

Ички ишлар органи ходимига фуқаро мурожаат этган тақдирда у ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши талаб этилади. У фуқарони диққат билан эшитиши, ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўриши ёхуд қўйилган масалани ҳал этиш кимнинг ваколатига киришини тушунтириши шарт.

Ҳар қандай қонуннинг асосий мазмунини томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ташкил этади. Шу маънода қонуннинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири – бу ички ишлар органларининг 51 мажбурияти ва 43 ҳуқуқи алоҳида 3-бобда қайд этилганидир. Соҳа ходимларининг мажбуриятларидан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида барча зарур чораларни кўриш ўрин олган. Улар жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар тўғрисидаги аризаларни, хабарларни ва бошқа ахборотни, шу жумладан, электрон шаклдаги шундай аризаларни, хабарларни ва бошқа ахборотни қабул қилиши ҳамда рўйхатга олиши керак. Бу ҳақда мурожаат этувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабар берган ҳолда ўз вақтида чоралар кўради. Жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойга, ҳодиса жойига дарҳол етиб келади. Ғайриқонуний қилмишларга чек қўйиш, фуқароларнинг хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш кабилар ҳам шулар жумласидан.

Ички ишлар органларининг ҳуқуқлари сирасига фуқаролардан қонун ҳужжатларига риоя этишни, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни тугатишни талаб қилиш киради. Ўз хизмат мажбуриятларини амалга ошириш чоғида фуқароларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини текширади. Фуқароларни уларнинг розилиги билан ҳамкорликка жалб этади. Жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органларига ёрдам берган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган фуқароларни тақдирлаш, ташкилотлар ва фуқаролардан ички ишлар органларининг фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни бепул олиш, аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказларига олиб бориш ҳуқуқига эга.

Паспорт режими қоидаларига, шунингдек, бажарилиши устидан назорат қилиш ички ишлар органлари зиммасига юклатилган бошқа қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш амалга оширилаётганда фуқароларнинг турар жойларига ва бошқа биноларига уларнинг розилиги билан соат 6.00 дан соат 22.00 гача кириши мумкин. Жамоат жойларида алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсирида мастлик ҳолатида бўлган ва мустақил равишда ҳаракатланиш ёки адашмай йўл топиш қобилиятини йўқотган фуқароларни реабилитация ва тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб бориши мумкин.

Қонуннинг 4-бобида ички ишлар органлари томонидан айрим мажбурлов чораларининг қўлланилишига оид қоидалар белгиланган. Хусусан, мазкур бобдаги 18-моддада ички ишлар органлари томонидан шахсларни ушлаб туриш асослари ва тартиби қайд қилиниб, унда хусусан, ушлаб турилган шахсга телефон орқали сўзлашиш ёки адвокатига ёхуд яқин қариндошига ўзининг ушлаб турилганлиги ва турган жойи ҳақида хабар бериш, ушлаб турилган пайтидан эътиборан ҳимоячига (адвокатга) эга бўлиш ҳуқуқи, шунингдек, қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқлар берилиши мустаҳкамланган.

Қонуннинг 5-боби ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш тартибини белгилаб беради.

6-бобда ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби ва шартлари мустаҳкамланган. Унга кўра, ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, тегишли маълумотга эга бўлган, ўзининг шахсий ва ишчанлик сифатлари, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ички ишлар органларидаги хизматга ихтиёрий тартибда, танлов асосида қабул қилинади.

Қонунга кўра, ички ишлар органи ходими эгаллаган лавозими, турган жойи ва вақтидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бошлиғининг (командирининг) буйруғига биноан исталган вақтда хизмат мажбуриятларини бажаришга киришиши ҳамда жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилган жойда ёки ҳодисалар жойида жабрланган фуқароларга, шунингдек, ночор аҳволда қолган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам ёки бошқа хил ёрдам кўрсатилишини ташкил этади. Одамларни қутқариш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш, уларни содир этган шахсларни ушлаш, ҳодиса жойини қўриқлаш ҳамда унга фуқаролар ўзларининг шахсий хавфсизлигига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи воқеалар тўғрисидаги хабарлар билан мурожаат қилган ёхуд бевосита ўзи шундай воқеаларга дуч келган тақдирда энг яқиндаги ички ишлар органлари бўлинмасига хабар бериш чораларини кўриши шарт.

Қонуннинг 7-боби ички ишлар органлари ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга бағишланган. Унга кўра, ички ишлар органи ходими давлат органи вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади. Қонун билан ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким ички ишлар органи ходимининг қонуний фаолиятига аралашиш, ички ишлар органи ходимини қонун билан ички ишлар органлари зиммасига юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.

Қонунга зидлиги аниқ бўлган буйруқ ёки фармойиш олганда ички ишлар органи ходими уни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга ва қонунга амал қилиши шарт. Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш соғлиғини сақлаш, меҳнатига ҳақ тўлаш, уй-жой майдони билан таъминлаш, мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиш, давлат пенсия таъминоти, давлат суғуртаси, ижтимоий ёрдам кўрсатиш кабилар орқали таъминланади. Қонун ҳужжатларида хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига уларни ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилишда ва Ўзбекистон Республикасининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда афзалликлар берилиши мумкин.

8-бобда ички ишлар органларининг молиялаштирилиши ва моддий-техника таъминоти, халқаро ҳамкорлик, ички ишлар органлари ходимларининг жавобгарлиги каби нормалар акс этган. Масалан, биргина жавобгарликка оид нормани оладиган бўлсак, унга кўра ички ишлар органи ходими ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек, хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади. Ички ишлар органи ходимининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни ички ишлар органлари томонидан бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади. Ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан ундириб олинади. Қайси жисмоний ёки юридик шахс ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари камситилишига ички ишлар органи ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги сабаб бўлди, деб ҳисобласа, ўша жисмоний ёки юридик шахс ушбу ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, прокурорга ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли.

Қонун матбуотда расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун нафақат ички ишлар органлари фаолиятига оид муҳим ҳуқуқий асос, балки фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлиги ошишига кенг йўл очади. Жамиятда қонун устуворлиги, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашда, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасида янги босқични бошлаб беради.

Миравзал Миракулов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги 
Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти 
бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди.

ЎзА