ЎзА Ўзбек

30.01.2015 11:13 Янги қонунларга шарҳлар

Фуқаролар мурожаати доимий эътиборда

Жиззахда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ижросига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят прокуратураси томонидан ташкил этилган тадбирда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, уларнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга масъул ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда давлат органлари ва муассасаларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг амалда қўлланилиши билан боғлиқ жиҳатлар муҳокама этилди.

Фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартиби янада такомиллаштирилган қонунда электрон шаклда мурожаат қилиш тартиби ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Жисмоний ва юридик шахслар белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилиши мумкин.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги давлат ва хўжалик органларида ушбу қонун талаблари ижроси таҳлил қилинди.

– 2014 йилда вилоят прокуратурасига қишлоқ хўжалиги соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларнинг қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ 360 мурожжат келиб тушди, – дейди вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори Жамшид Ражабов. – Бу мурожаатларнинг асосий қисмини давлат ҳокимияти органлари томонидан фермерларнинг фаолиятига ғайриқонуний аралашиш, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш, ер участкалари ажратишда қонунбузилишлар ташкил этди. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан юборилган бу мурожаатлар прокуратура томонидан ўрганиб чиқилиб, қонуний ҳал этилди. Янги қонунда фуқаролар мурожаатлари шакллари ва турлари, электрон шакллардан фойдаланиш бўйича киритилган нормалар аҳоли учун ҳам, давлат ва жамоат ташкилотлари учун ҳам катта қулайликлар яратиб беради. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада яхшилашга хизмат қилади.

Тадбирда қонун ижросини таъминлашда унинг жойларда кенг ўрганилишини ташкил этиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Бу фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда фаол иштирокини таъминлайди.

Т.Бекназаров, ЎзА