ЎзА Ўзбек

19.06.2015 17:51 Янги қонунларга шарҳлар

Фонд бозори янада такомиллашади

Республика Биржа марказида Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 4 июндан кучга кирган янги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази мутахассислари йирик акциядорлик компаниялари, акциядорлар, брокерлар ва бошқа қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларига янги таҳрирдаги қонуннинг қимматли қоғозлар чиқариш, жойлаштириш, улар билан боғлиқ битимлар тузиш, профессионал иштирокчиларга қўйиладиган талаблар юзасидан тушунтиришлар берди.

9 боб, 64 моддадан иборат қонуннинг 3-моддасида депозитар тилхатлар, инфратузилма облигациялари, клиринг, маркет-мейкер, неттинг сингари замонавий тушунчалар киритилган бўлиб, улар қимматли қоғозлар бозори фаолиятини халқаро амалиётларга тўлиқ мувофиқлаштириш имконини беради.

Қонунда савдо ташкилотчиси кафолат фондини шакллантириши, депозитарий алоҳида профессионал фаолият сифатида бекор қилиниб, унинг вазифасини инвестиция воситачиси бажариши белгилаб берилди. Инвестиция фонди фаолиятида чекловлар рўйхати, қимматли қоғозларга тегишли битимлар натижалари бўйича ҳисоб-китоблар Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан амалга оширилиши, биржа битимлари бўйича давлат бюджетига солиқ ўрнига йиғим тўланиши, қимматли қоғозларга халқаро кодларни бериш Марказий депозитарий ваколатига кириши кўрсатилган.

Қонунда инвесторларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, қимматли қоғозлар бозорида муайян иштирокчининг манфаатларини кўзлаб тарқатиладиган нотўғри маълумот, яъни инсайдер ахборотдан фойдаланиш тақиқланган. Фонд бозоридаги аниқ маълумотларни яшириб, бундай шаклдаги ахборотлардан фойдаланган шахслар жавобгарликка тортилиши белгиланган. 

Бундан ташқари, қонунда қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиси ҳар бир инвестиция воситачисига тегадиган воситачилик ҳақининг чегириб қолинадиган қисмидан кафолат фонди шакллантирилиши белгиланган бўлиб, бу воситачи томонидан инвесторга етказилиши мумкин бўлган зарарнинг ўрнини қоплашга хизмат қилади.

8-моддага кўра эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун эмитентнинг аризасига қимматли қоғозлар эмиссия рисоласи улар оммавий жойлаштирилган тақдирда илова қилинади.

Қимматли қоғозларга доир нарх, талаб ва таклиф даражасини сақлаб туриш учун биржа битимлари тузилганда маркет-мейкер биржа, қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, шунингдек, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки йиғимлар ва бошқа тўловлар тўлашдан озод қилинади.

Янги қонунга мувофиқ эндиликда инвестиция фондининг бошқа турдаги фаолият билан биргаликда олиб борилиши, трансфер-агент инвестиция воситачиси ва савдо ташкилотчиси фаолиятини бир вақтда амалга ошириши мумкин эмас.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА