ЎзА Ўзбек

13.01.2016 16:45 Янги қонунларга шарҳлар

Фармацевтика фаолияти изчил ривожланмоқда

Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашда муҳим омил бўлаётир.

2016 йил 5 январда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонуни соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда алоҳида аҳамият касб этади.

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Мавлуда Хўжаева билан ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида суҳбатлашди.

– Мамлакатимизда юздан зиёд фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда. Ўттизга яқин корхонада халқаро сифатни бошқариш тизими жорий этилган. Соҳага йўналтирилаётган чет эл инвестициялари ҳажми йилдан-йилга ортиб, халқимизни сифатли дори билан таъминлаш, фармацевтика саноатини янада ривожлантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз фармацевтика саноати ички бозорнинг учдан бир қисмини маҳаллий дори воситалари билан таъминламоқда. Фармацевтика корхоналари томонидан 90 фармакотерапевтик гуруҳларга мансуб 1700 дан зиёд дори воситаси ишлаб чиқарилмоқда.

Фармацевтика саноати изчил тараққий этаётгани, дори воситалари муомаласи, улардан тиббиётда фойдаланиш жараёнларида кўплаб янгиликлар юзага келаётгани соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этди. Шу мақсадда депутатлар ҳамда экспертлар, олимлар ва мутахассислардан тузилган қонун ижодкорлари томонидан ривожланган мамлакатларнинг ушбу йўналишдаги қонунчилиги пухта ўрганилди. Мамлакатимизда ушбу йўналишда орттирилган илғор тажрибалар атрофлича таҳлил этилди ва шу асосда қабул қилинган янги таҳрирдаги қонунда кўплаб янги меъёрлар жорий этилди.

Қонунда асосий тушунчалар умумэътироф этилган меъёрлардан келиб чиқиб такомиллаштирилди ва замонавий тиббиётда ишлатилаётган янги тушунчалар билан бойитилди. «Ножўя реакция» деган тушунча бунга мисол. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда дори воситаларининг ножўя реакциялари оқибатида содир бўлган ўлим ўлим ҳолатлари орасида 4-ўринни эгаллайди. Шу боис бундай муаммога қарши курашишнинг мақбул йўлларини топиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўз вақтида маълумот етказиш тизими йўлга қўйилган.

Ушбу фаолиятнинг қонуний асосларини яратиш мақсадида қонунчиликка «ножўя реакция» тушунчаси киритилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига дори воситаларининг ножўя таъсирини аниқлаш, баҳолаш ва олдини олиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш вазифаси юкланди. Бу соғлиқни сақлаш тизимида, соҳага алоқадор барча юридик шахслар билан қонуний иш олиб бориш, ножўя реакцияларни ўз вақтида аниқлаш ва инсон саломатлигини сақлаш йўлида тегишли қарорлар қабул қилиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласи соҳасидаги ваколатлари ҳам аниқ ва батафсил ёритиб берилди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари, тиббий буюмлар муомаласи, ушбу фаолиятни техник жиҳатдан тартибга солиш, дори воситалари, тиббий буюмлар хавфсизлигига тааллуқли меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш каби бир қатор долзарб вазифаларга доир ваколатлари кенгайтирилди. Дори воситаларининг сифати ва хавфсизлиги, фармацевтика фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириши белгиланди. Бундан мақсад инсон саломатлигини муҳофазалашга оид чора-тадбирларни тизимли равишда ташкил этиш, дори воситаларининг хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш, қалбакилаштирилган дори воситалари тарқалишининг олдини олишдир.

– Янги қонунда дори-дармон ишлаб чиқариш саноати ва таъминоти соҳасини ривожлантиришга хизмат қиладиган қандай янгиликлар жорий этилган?

– Юртимизда дорихоналар тармоғи ҳам ривожланмоқда. Дорихоналарнинг аксарияти хусусий тармоқ улушига тўғри келаётгани бу соҳада тадбиркорлик жадал ривожланаётганидан далолат. Бугунги кунда замонавий андозалар даражасида барпо этилган дорихоналар халқимизга самарали хизмат кўрсатмоқда. Ушбу масканларнинг инсон саломатлигини асрашдаги аҳамияти эътиборга олиниб, қонунга «Дорихона» деб номланган модда киритилди. Ушбу моддада дорихонанинг ваколатлари, уни бошқариш, фаолиятига қўйилган шартлар ва уларни назорат қилиш билан боғлиқ меъёрлар ўз ифодасини топди.

Маълумки, қонунчилигимизда дорихонанинг ташкилий тузилмаси «муассаса» тушунчасига тўғри келарди. Муассаса деганда даволаш-профилактика муассасаларининг бюджет ҳисобидан фаолият кўрсатувчи дорихоналари тушуниларди. Бинобарин, мазкур ҳолат хусусий тадбиркорлик йўлида тўсиқ бўлиб турган эди.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, дорихона дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш, уларни тайёрлашни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахс ва унинг бўлинмаси шаклида ташкил этилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Эндиликда озиқ-овқатларга қўшиладиган биологик фаол моддалар, санитария-гигиена предметлари, шифобахш озиқ-овқатлар, маъданли сув ва даволаш-косметика маҳсулотлари дори воситалари қаторига киритилмайди. Бу меъёр ушбу маҳсулотларнинг дорихоналар билан бир қаторда савдо мажмуаларида ҳам сотилишига замин яратади.

– Янги қонунга мувофиқ, дорихоналарни қандай мутахассислар бошқариши мумкин?

– Шу кунгача дорихоналарни фақат олий маълумотли фармацевт бошқаришига рухсат берилар эди. Мамлакатимизда ўрта махсус таълим тизимининг ривожланиши бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш заруратини юзага келтирди. Чунки айни пайтда тиббиёт коллежларида соғлиқни сақлашнинг турли йўналиши билан бир қаторда фармацевтика соҳаси учун ҳам малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Жаҳон андозалари даражасида таълим олган, замонавий тиббиёт ютуқларини пухта эгаллаган бундай мутахассисларнинг соҳа ривожида ўз ўрнига эга эканини ҳаёт кўрсатмоқда. Ушбу ёшларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш соҳа тараққиётини белгиловчи муҳим мезондир. Шу жиҳатлар инобатга олиниб, янги қонун дорихона филиалларида олий маълумотли мутахассислар билан бирга, ўрта махсус маълумотли фармацевт ассистентлар ҳам мудирлик қилиши мумкин, деган меъёр билан тўлдирилди.

Қонунга фармакологик ёки дори воситаларини ишлаб чиқариш, ушбу воситаларни клиник тадқиқотлардан ўтказиш бўйича алоҳида моддалар киритилди. Дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш, ташиш ва йўқ қилиш, ушбу маҳсулотларни юртимизга олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби билан боғлиқ янгиликлар жорий этилди. Бундан мақсад дори воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва фармацевтика саноатида ишлаб чиқаришни ривожлантиришдир.

Мухтасар айтганда, янги таҳрирдаги қонун мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларни янги босқичга олиб чиқиш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди.

Баҳор Хидирова, ЎзА