Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2016 12:47 Янги қонунларга шарҳлар

Электрон ҳукумат: қулай ва тезкор

Президентимиз раҳнамолигида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида бугун юртимизда интернет кириб бормаган соҳа ёки тармоқ қолмади. Кундалик ҳаётимизнинг барча жабҳаларида замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланилмоқда. Электрон ҳукуматни шакллантириш борасида аниқ дастурлар асосида иш олиб борилиб, Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали, Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур портал орқали юридик ва жисмоний шахсларга юзлаб хизматлар кўрcатилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни давлат органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни ривожлантириш ва электрон ҳукумат соҳасини такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

– Ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш асосида давлат органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини соддалаштириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай имкониятлар яратиш каби мақсадлар кўзланган мазкур қонунда “электрон ҳукумат” тизимини жорий этишнинг асосий йўналишлари аниқ белгилаб берилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Нодир Эшназаров. – Қонунда белгиланганидек, электрон ҳукумат – давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматларини кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизимидир. Электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган сифатида белгиланган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бу борада ягона давлат сиёсатини амалга ошириб келмоқда.

Вазирликнинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда вазирлик тизимидаги вилоят алоқа корхона ва ташкилотлари томонидан мазкур йўналишда изчил ишлар амалга оширилмоқда. FTTx абонентлари сонини ошириш мақсадида 2015 йилда “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Самарқанд филиали шаҳар ва туман телекоммуникация боғламалари томонидан ҳудудларга оптик толали алоқа тармоғи тортилди ва 24 портли Swtch ҳамда 32 портли IAD қурилмалари ўрнатилиб, ишга туширилди. Натижада 2015 йил бошида жами портлар 504 тани ташкил этган бўлса, йил якунида уларнинг сони 1008 тага етди. DSLAM қурилмалари ва ADSL модемларидан унумли фойдаланиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар туфайли DSLAM портларидан фойдаланиш кейинги бир йилда қарийб ўн фоиз кўпайди. Каттақўрғон шаҳар, Жомбой туман боғламаларида аҳолига сифатли телекоммуникация хизматлари кўрсатиш мақсадида замонавий станциялар ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ жойларида 2015-2019 йилларда замонавий телекоммуникация хизматларини жорий этиш ва инфратузилмасини янада ривожлантиришнинг манзилли дастури доирасида вилоят бўйича етмишдан ортиқ қишлоқ аҳоли пункти ва инфратузилма объектлари оптик толали алоқа тармоғи тортиш ва телекоммуникация хизматлари жорий этиш мақсадида ўрганилиб, хулосалар компанияга тақдим этилди.

Вилоятда интернет ва IPTV абонентлар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. 2015 йилда вилоят бўйича 89 умумтаълим мактаби, элликдан ортиқ академик лицей ва касб-ҳунар коллежи “ZiyoNet” тармоғига уланди.

Амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар самарасида вилоят аҳолисининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига электрон тарзда мурожаат қилиш кўрсаткичи ошмоқда. Ўз навбатида, ҳокимликлар, давлат бошқаруви органлари ўз фаолияти ҳақида веб-сайтлари орқали аҳолига зарур маълумот, ахборот ва янгиликлар тақдим этаётир. Ёшларнинг интернетдан самарали фойдаланиш кўникмаси ошиб бориши туфайли 2015 йилда “MIT.uz” миллий интернет танловида вилоят ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари Р.Амиров ўзи яратган Samcity.uz сайти билан иккинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА