ЎзА Ўзбек

29.01.2015 16:20 Янги қонунларга шарҳлар

Электрон мурожаат: тезкор, қулай ва самарали

Мурожаат этиш ҳуқуқи фуқароларнинг энг муҳим ҳуқуқларидан бўлиб, у инсон ҳуқуқлари таъминланиши ва самарали ҳимоя қилинишининг асосий омилларидан биридир. Шу боис миллий қонунчилигимизда фуқаролар мурожаатлари масаласига алоҳида ўрин берилган.

Мамлакатимиз Бош қомусида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларга ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги кафолатланган.

2014 йил 4 декабрдан кучга кирган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини янада такомиллаштирди. Шу билан бирга, мазкур қонун билан юридик шахсларнинг ҳам мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинди.

Эътиборлиси, қонунда замон талабларидан келиб чиқиб, электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилиши мумкин. Фақат шуни унутмаслик керакки, бундай мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак.

Бугунги кунда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвали нафақат маъмурий бинолар, балки давлат органларининг расмий веб-сайтларида ҳам эълон қилинаётир. Бу юртдошларимизга яратилаётган катта қулайлик бўлиб, вақт ва маблағни тежаш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкорлик билан қабул қилиш ва тегишли органларга етказишда муҳим воситага айланди. Президентимизнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, давлат ва жамият қурилиши соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни таъминлашга қаратилган тегишли қарорларига мувофиқ, 2013 йил 1 июлда ишга туширилган Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолияти такомиллашиб, ҳозирги кунда унда аҳоли учун зарур давлат интерактив хизматлари жорий этилди, керакли маълумотлар эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси матбуот хизматидан маълум қилишларича, Ягона портал орқали турмуш тарзининг 20 дан ортиқ турли жабҳаларини қамраб олувчи 230 дан ортиқ интерактив хизмат кўрсатилмоқда. Порталга 500 дан зиёд давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг худудий бўлинмалари, жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жумладан, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари уланган. Тизим орқали ўтган давр мобайнида фуқаролар, тадбиркорлар ва юридик шахслардан 110 мингдан ортиқ электрон мурожаат юборилган. Ҳар бир мурожаат ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, мурожаат этувчиларнинг манфаатлари таъминланган.

Ягона портал орқали юборилган мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, мурожаатларнинг аксарият қисми давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти, коммунал хизматлар билан боғлиқ.

Шуни айтиш жоизки, интерактив давлат хизматларидан эркин фойдаланишнинг ягона нуқтасига айланган Ягона портал интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали доирасида, жумладан, “бир дарча” режимида фаолият кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги Низомга кўра, давлат тили Ягона порталнинг асосий мулоқот тили ҳисобланади. Шунингдек, порталнинг рус, инглиз ва бошқа тиллардаги версиялари ҳам бўлиши мумкин.

Ягона портални ахборот ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг “UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази томонидан амалга оширилмоқда.

Шу ўринда Ягона порталдан қандай фойдаланилади, деган савол туғилиши мумкин. Шуни айтиш керакки, порталдан фойдаланиш эркин бўлиб, ҳар бир фойдаланувчи ўз "шахсий кабинети" орқали Ягона порталдаги хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бунинг учун фойдаланувчи дастлаб Ягона порталда рўйхатдан (идентификациядан) ўтиши лозим. Ҳозирги кунда Ягона порталда рўйхатдан ўтишнинг қуйидаги тўртта усули жорий этилган: ID.UZ ягона идентификация тизими орқали, порталдаги логин орқали, электрон рақамли имзо (ЭРИ) орқали ҳамда UzCard тизими орқали. Ушбу усуллардан бири орқали рўйхатдан ўтган фойдаланувчи "шахсий кабинети"дан эркин фойдаланиши мумкин.

Рўйхатдан ўтган фойдаланувчи ўз "шахсий кабинети"га киргач, у орқали мурожаатларини Ягона порталга уланган барча ташкилотларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юбориши мумкин. Мурожаат бир вақтнинг ўзида бешта давлат органига юборилиши мумкин.

Ягона портал орқали йўлланган мурожаатни кўриб чиқиш муддати ва тартиби ёзма мурожаатлар учун белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади. Мурожаатни қабул қилган давлат ташкилоти мажбурий тартибда фойдаланувчига унинг мурожаатини қабул қилганини СМС-хабарнома орқали ёки бошқа қулай усулда маълум қилади. 

Фойдаланувчи томонидан "шахсий кабинет" орқали юборилган мурожаат унда кўрсатилган масалаларни ҳал этиш ваколатига кирмайдиган давлат органларига тушганда, мазкур мурожаат беш кун муддатдан кечиктирилмай фойдаланувчини хабардор қилган ҳолда тегишли давлат органига юборилади.

"Шахсий кабинет" орқали юборилган мурожаат давлат органи томонидан мажбурий қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши керак. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бунда ушбу мурожаат давлат органининг "кабинети"га келиб тушган сана мурожаатнинг қабул қилинган санаси ҳисобланади.

Бу жараёнда мурожаат этувчиларнинг барча ҳуқуқлари кафолатланган. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва масъул ижрочилари интерактив давлат хизматларини жорий этиш ва кўрсатиш, уларнинг ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатилиши юзасидан шахсан жавоб беради.

Бу борада Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси интерактив давлат хизматлари кўрсатиш тартибига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга оширмоқда.

Давлат органлари раҳбарлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари Ягона портал орқали кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари кўрсатишнинг асоссиз рад этилгани ва хизматлар сифатсиз кўрсатилгани учун жавоб беради. Фойдаланувчи эса нотўғри маълумотлар берганлиги, уйдирма ва ҳақоратлар бўлган мурожаатлар узатганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Электрон мурожаатларга берилаётган жавоблар ҳам электрон шаклда бўлармикин, деган фикрга боришимиз табиий ҳол. Бу борада бизга танлаш имконияти берилган. Агар истасак, электрон мурожаатга ёзма ҳолда почта орқали жавоб олишимиз ҳам мумкин. Лекин амалиётда фойдаланувчиларнинг 85 фоизи ўз мурожаатларига электрон почта орқали жавоб олишни маъқул кўрмоқда. Бу мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожлангани ва ундан фойдаланиш кўлами ортганини кўрсатади.

Президентимиз Ислом Каримов 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, интернетдан фойдаланувчилар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда улар 10 миллион 200 минг кишидан ошди ёки мамлакатимиз аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этмоқда. Мамлакатимизда интернетнинг ўтказувчанлик даражаси 4 баробар оширилди, интернетга уланиш тезлиги 1,5 марта ортди. Шу билан бирга, ундан фойдаланиш нархи 2013 йилга нисбатан 11,6 фоизга камайди.

Шуни ҳам айтиш керакки, Ягона портал орқали фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига мурожаат юбориш ва давлат органлари раҳбарлари қабулига онлайн тарзда ёзилиш каби оммабоп интерактив хизматлар ҳам кўрсатилмоқда.

Интернетдан фойдаланиш имконияти бўлмаган фуқаролар Ягона портал имкониятларидан қандай фойдаланиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. Бундай фуқаролар учун Ягона порталнинг маълумотлар маркази (Call-center) фаолият юритмоқда. Унинг “1060” қисқа рақами орқали ҳар биримиз ўзимизни қийнаётган масала, муаммо ёки қизиқтираётган саволга жавоб ахтаришимиз мумкин. Ушбу марказ операторлари ўтган даврда аҳолидан 8 мингдан зиёд мурожаатни қабул қилган. Уларнинг барчаси тегишли тартибда кўриб чиқилган.

Хулоса қилиб айтганда, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда мурожаат йўллаш нафақат осон ва қулай, балки ишончли ҳамдир. Чунки шу йўл билан айрим бюрократик тўсиқлар бартараф этилаётир. Бу, ўз навбатида, “электрон ҳукумат”ни янада ривожлантириш ва давлат бошқарувига замонавий ахборот технологияларини жорий этишни кенгайтиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА