ЎзА Ўзбек

31.05.2016 17:49 Янги қонунларга шарҳлар

Электрон муносабатларнинг ҳуқуқий асослари

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 10 июндан кучга кирадиган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлашда талаб этиладиган қонуности ҳужжатлари мавзуига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари А.Файзуллаев ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий ахборотлаштириш тизими яратилгани ва ҳаётга самарали татбиқ этилаётганини таъкидлади. Бу аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кенг қулайлик яратиш, уларнинг давлат органлари билан электрон муносабатлари ривожланишига, бу жараёнда ортиқча оворагарчилик ва бюрократик тўсиқлар барҳам топишига замин яратаётир.

“Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани давлат бошқаруви тизимидаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қонун давлат ва жамият қурилиши тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиб, фуқароларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланишида зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратади.

Тадбирда депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, ахборот соҳаси мутахассислари “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуннинг зарур қонуности ҳужжатлар билан таъминланганлик даражасини муҳокама қилди.

Қонунни амалиётга татбиқ этиш доирасида электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторлари рўйхати, уни шакллантириш, юритиш ва фойдаланиш, шунингдек, иш берувчининг ўзи тақдим этган идентификаторга мувофиқлигини аниқлаш, электрон ҳукуматнинг марказий маълумотлар базаларини яратиш, улардан фойдаланиш ва сақлаш, идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш, электрон давлат хизматларининг ягона реестрини юритиш тартибларини белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур йўналишларда айрим норматив ҳужжатлар қабул қилинган, қолганларини қабул қилиш бўйича экспертлар гуруҳи иш олиб бормоқда.

Давра суҳбатида янги қонунни амалиётга татбиқ этиш доирасида қабул қилинган электрон давлат хизматларини баҳолаш методикасига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу методика электрон ҳукуматнинг асосий принципларидан бири бўлган электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш, фуқароларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланишини баҳолаш жараёни ва механизмини белгилаб беради.

Норгул Абдураимова, ЎзА