ЎзА Ўзбек

21.08.2014 16:48 Янги қонунларга шарҳлар

Демократлаштиришнинг муҳим омили

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги улар фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичи бўлиб, давлат органлари ва фуқароларнинг мунтазам алоқада бўлишини таъминлайди. 

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Maмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган ва жорий йилда қабул қилинган “Дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaруви oргaнлaри фaoлиятининг oчиқлиги тўғрисидa”ги қoнун шу мақсадга хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар адлия бошкармасида очиқликнинг ҳуқуқий асосларига бағишлаб ўтказилган анжуманда янги қонуннинг мазмун-моҳияти ва уни амалиётда қўллашнинг муҳим жиҳатлари атрофлича муҳокама этилди.

Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи А.Сафоев ва бошқалар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ушбу органлар фаолияти устидан ҳаққоний ва самарали жамоатчилик назорати амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, уларнинг фаолияти, қабул қилган қарорлари тўғрисида фуқароларнинг бевосита хабардор бўлиши ҳуқуқини кафолатлайди.

Қонунда энг илғор ва демократик халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан кўриб чиқишнинг аниқ муддатлари белгиланган. Чунончи, ахборотдан фойдаланувчининг сўрови сўров рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмасдан кўриб чиқилиши, оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи фаолияти ҳақида ахборот олишга ҳамда мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этишга доир сўрови эса етти кундан кечиктирмасдан кўриб чиқилиши белгиланган. Мазкур қоида бир томондан, фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига оид ахборотни ўз вақтида олишларини кафолатласа, иккинчи томондан, оммавий ахборот воситаларининг янада тезкор ва самарали фаолиятини таъминлаш борасида қулайликлар яратади. 

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузурида аккредитация қилинган оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Хусусан, оммавий ахборот воситаси вакилининг ўзини аккредитациядан ўтказган орган масъул шахсларидан зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни сўраш ва олиш, тадбирларга доир ёзувлар билан танишиш, улардан нусха кўчириб олиш, олинган ёзувлардан оммавий ахборот воситаларига материаллар тайёрлаш жараёнида фойдаланиш ва бошқа ҳуқуқлари таъминланади. 

Ушбу қонун нормаларининг амалиётга татбиқ этилаётгани давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга, улар фаолиятига нисбатан аҳолининг ишончи ортишига, жамиятда демократиянинг янада ривожланишига хизмат қилаётир. 

ЎзА, Н.Абдураимова