ЎзА Ўзбек

29.01.2014 18:51 Янги қонунларга шарҳлар

Давлат бюджетининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида 2013 йилда давлат бюджети харажатлари таркибида ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар умумий харажатларнинг 59,3 фоизини ташкил этгани алоҳида таъкидланди.

Давлат бюджети мақсадли маблағларнинг марказлаштирилган жамғармаси бўлиб, унда даромадлар манбалари, тушумлар миқдори, йил мобайнида аниқ мақсадлар учун ажратиладиган маблағларнинг йўналишлари ва миқдори акс этади. Шу боис давлат бюджети даромадларининг тўғри ва тўлиқ шакллантирилишини таъминлаш ҳамда харажатларни тўғри йўналтириш алоҳида аҳамиятга эга. Бунда ушбу жараённинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муҳим роль ўйнайди.

Мамлакатимизда бюджет муносабатларининг қонунчилик базасини янада мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2013 йил 26 декабрда Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими маблағларини шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш, ижро этиш, давлат томонидан маблағ жалб қилиш ва бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилишга оид муносабатларни тартибга солувчи “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонунда 2014-2015 йилларда мамлакатимизда Бюджет кодекси нормаларига амал қилиш ва самарадорлигини мунтазам равишда мониторинг ва таҳлил қилиб боришни таъминлаш, зарур ҳолларда нормаларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларни киритиш белгиланган. Таъкидлаш жоизки, Бюджет кодексининг қабул қилиниши амалдаги айрим қонун ҳужжатлари нормаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда уларга тегишли ўзгартишлар киритишни тақозо этди. Шу муносабат билан 2013 йил 27 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

– Тўрт моддадан иборат ушбу қонунда бюджет соҳасидаги қонунчиликнинг янада такомиллашуви, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, уларни тақсимлашда маҳаллий Кенгашлар ҳамда ташқи давлат қарзи миқдорини белгилаш жараёнида парламент назоратини кучайтиришга оид қоидалар ўз аксини топган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими Улуғбек Алоев. – Мисол учун, Бюджет кодексининг 27-моддасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туман ва шаҳарлар бюджетларини вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига мувофиқ кўриб чиқиш ва қабул қилиш ваколати маҳаллий Кенгашларга берилган.

Шу муносабат билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун “Маҳаллий ҳокимият органларининг вилоят, туман, шаҳар бюджетдан ташқари жамғармалари” деб номланувчи янги 81-модда билан тўлдирилди. Унда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари бюджетдан ташқари жамғармалар ташкил этиши мумкинлиги кўрсатилган. Мазкур жамғармаларга бюджет ташкилотларидан ташқари, фуқаролар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ихтиёрий бадаллари, хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа бюджетдан ташқари маблағлари киритилади. Маҳаллий ҳокимият органлари вилоят, туман, шаҳар бюджетдан ташқари жамғармаларининг маблағлари шахсий ғазна ҳисоб-варақларида туриши, олиб қўйилмаслиги ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг қарорига кўра сарфланиши белгиланган.

Бюджет кодексида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бюджети билан боғлиқ муносабатлар ўз ифодасини топгани боис “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонундан “Маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятининг молиявий асоси” деб номланувчи 3-боб чиқариб ташланиб, қонуннинг 25-моддасига ўзгартиш киритилди. Бунда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ваколатлари доираси кенгайтирилиб, туман ва шаҳар бюджетининг тегишли лойиҳасини халқ депутатлари Кенгашига тақдим этиш ҳақидаги норма билан тўлдирилди. Бу халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман ва шаҳар бюджетининг лойиҳа босқичидаёқ оқилона тақсимланишини назорат қилиш имконини беради.

Янги қонуннинг 2-моддаси билан “Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида”ги қонунга ҳам бир қатор ўзгартишлар киритилди. Хусусан, қонуннинг 4-моддасида давлат ташқи қарзининг энг юқори миқдорини ҳар йили Олий Мажлис палаталари келгуси йил учун Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари қабул қилинаётганда белгилаши мустаҳкамланган. Бундан асосий мақсад хориждан маблағ жалб қилиш механизмини янада такомиллаштириш ҳамда давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи – Олий Мажлис иштирокини кучайтириш йўли билан мазкур жараёнда ошкораликни таъминлашдан иборатдир.

Қонунга мувофиқ, Бюджет кодексининг 161-моддасида бюджет ҳисоби ва ҳисоботининг ягона услубияти бюджет ҳисобининг стандартларига мувофиқ белгиланиши ҳамда у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланиши муносабати билан “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунга қатор қўшимчалар киритилди. Жумладан, “Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини тартибга солиш” деб номланувчи 5-моддага бюджет ташкилотларининг бухгалтерия ҳисобини ва молиявий ҳисоботини тартибга солиш Молия вазирлиги тасдиқлаган бюджет ҳисоби стандартлари асосида амалга оширилиши белгиланган. 12-моддада бюджет ташкилотларининг активлари ва мажбуриятларини баҳолаш бюджет ҳисоби стандартларига мувофиқ амалга оширилиши мустаҳкамланган.

Кодекс қабул қилингунга қадар бюджет муносабатлари, хусусан, бюджет тизими тузилиши, бошқариш асослари, даромадларни шакллантириш ва харажатларни амалга ошириш каби тамойиллар, Давлат бюджети маблағлари билан операцияларни амалга ошириш жараёнида ҳисобга олиш, ҳисобот ва назорат қилиш тартиби “Бюджет тизими тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинар эди. Давлат мақсадли жамғармаларининг ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағларининг ғазна ижроси соҳасидаги муносабатларда “Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида”ги қонун муҳим аҳамият касб этарди. Эндиликда бу муносабатлар Бюджет кодексида такомиллаштирилган ҳолда ўз ифодасини топгани боис ушбу қонунлар ўз кучини йўқотди.

Мухтасар айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун соҳани тартибга солувчи пухта ҳуқуқий асосдир. Киритилган ўзгартиш ва янгиликлар халқаро тажрибага асосланган бўлиб, бюджет жараёни ҳамда тизимининг самарадорлиги ва очиқ-ошкоралигини янада оширишга хизмат қилади.


ЎзА, Сайёра Шоева