ЎзА Ўзбек

12.01.2016 13:08 Янги қонунларга шарҳлар

Чорва маҳсулотлари назорати кучайтирилади

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини юксалтириш, саломатлигини муҳофазалашга хизмат қилаётир. Жумладан, ветеринария соҳаси мунтазам такомиллаштирилаётгани наслдор чорва молларини кўпайтириш, аҳолига ҳайвонлардан турли юқумли касалликлар юқишининг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 31 декабрдан кучга кирган янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги қонунида ветеринария соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.

Янги таҳрирдаги қонунни ишлаб чиқиш жараёнида унинг сифати ва таъсирчанлигини янада ошириш мақсадида олимлар, малакали мутахассислар, экспертлар кенг жалб этилди, жойларда ўтказилган конференция, семинар ва давра суҳбатларида кўплаб таклифлар йиғилди.

Қонунда эпизоотик барқарорлик тушунчаси ветеринар осойишталик ибораси билан алмаштирилди, бунда ҳайвонларнинг соғлиғига салбий омилларнинг зарарли таъсири билан бир қаторда уларнинг яшаши учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш қоидаси киритилди. Эпизоотик ҳолатлар келиб чиқиши, намоён бўлиши ҳамда унга қарши курашиш масалалари, чорва моллари эгаларининг мажбуриятлари белгилаб берилди.

– Қонунга ветеринария соҳасидаги асосий тушунчаларнинг киритилиши, айниқса, биологик чиқиндилар, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига аниқ таъриф берилгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Садиржон Жакбаров. – Ҳужжатга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг тегишли ҳудуд аҳолисини эпизоотия ва нобоп пункт тўғрисида хабардор этишдаги иштирокини белгиловчи нормалар киритилгани ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлайди.

Қонуннинг маҳаллий давлат ҳокимиятининг ветеринария соҳасидаги ваколатлари белгиланган моддаси иккита янги банд билан тўлдирилди. Улар асосида маҳаллий давлат ҳокимиятига ҳайвонларнинг юқумли касалликлари пайдо бўлган тақдирда тегишли ҳудудда карантин ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ва эпизоотияга қарши тадбирларни ўтказишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг тегишли ҳудудий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ваколати берилди. Бундан ташқари, қонунда ветеринария соҳасидаги давлат идораларининг ваколатларини аниқ белгилаш мақсадида янги 8-модда киритилган ва Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ветеринария соҳасидаги ваколатлари аниқ баён этилган.

Қонунга кўра, чорвачилик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш, ҳайвонларни сақлаш, озуқабоп қўшимчаларни ҳамда ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш билан боғлиқ корхона ва ташкилотлар устидан тизимли давлат ветеринария назорати олиб борилиши белгиланди. Уларнинг фаолияти тегишли мезонларга кўра ташкил этилади. Бундан ташқари, қонунда хусусий ветеринария фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ролини ошириш, уларнинг манфаатлари ҳимоясини ва рақобат муҳитини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳайвонот оламига мансуб маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, бу борадаги қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик янада аниқлаштирилди. Бу аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

– Қонун асосида ветеринария участкалари ва бозорлардаги ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари мудирларига давлат ветеринария инспектори мақоми берилди, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Давлат ветеринария бош бошқармаси бўлим бошлиғи Абдурасул Болтаев. – Лаборатория текширувлари белгиланган тартибда ўтказилиши, ташхис қўйиш ишларини юридик ва жисмоний шахслар лицензия асосида амалга ошириши қонунда кўрсатилгани лаборатория текширувлари ўтказишнинг қонуний асосланишини таъминлайди. Чорва маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш ҳамда реализация қилиш билан боғлиқ юмушлар ветеринария-санитария экспертизаси хулосаси асосида бажарилишининг белгилангани маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлашда қўл келади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, дунёнинг турли минтақаларида инсонлар учун хавфли бўлган ҳайвонлар касалликлари кўпайиб, уларнинг тарқалиши тезлашмоқда. Ана шундай шароитда мамлакатимиз аҳолисини бундай хавфлардан ўз вақтида ҳимоя қилиш, уларни сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш доимий эътиборда.

Қонунда давлат ветеринария хизмати барча чорвачилик объектларининг, кушхоналар, қайта ишловчи корхоналар, савдо шохобчалари, хомашё омборларини қуриш ва реконструкция қилиш, ер қазиш ишларининг ветеринария экспертизасини амалга оширишда иштирок этиши белгилангани бунинг исботидир. Зеро, бу ўта хавфли юқумли касалликлар ўчоқлари устидан назоратни янада қатъий амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Мухтасар айтганда, янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши аҳолини ҳайвонлар ва одамлар учун хавфли касалликлардан самарали муҳофаза қилиш, чорва маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Сайёра Шоева, ЎзА