ЎзА Ўзбек

16.02.2016 16:30 Янги қонунларга шарҳлар

Божхона иши ҳуқуқий асоси такомиллашмоқда

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонунига биноан янги таҳрирдаги Божхона кодекси тасдиқланди. Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 21 апрелдан кучга киради.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ушбу мавзуда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Давлат божхона қўмитаси ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси У.Сулаймонов, Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи А.Қурбонов ва бошқалар божхона тизими мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутиб келаётганини таъкидлади. Бунда соҳага оид ҳуқуқий асосларнинг замон талабига мувофиқ такомиллашаётгани алоҳида аҳамият касб этаётир.
Анжуманда божхона иши билан боғлиқ қабул қилинган қонун ҳамда янги таҳрирдаги Божхона кодекси мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Кодекснинг қабул қилиниши зарурати, унинг ўзига хос жиҳатлари ва афзалликлари, амалдаги кодексдан фарқли жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.

Божхона кодекси юкларни божхонада расмийлаштиришнинг халқаро стандартларига мувофиқлаштирилган божхона режимлари ва тартиб-таомилларининг барча турларини тартибга солади. Янги таҳрирдаги Божхона кодекси божхона ишларининг ягона ва бирхиллаштирилган қонунчилик базасини янада мустаҳкамлади. Чунки унда божхона маъмурчилигининг барча босқичлари ва даражаларида норма ҳамда ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг бирхилда қўлланилишини таъминлаш, божхона томонидан тартибга солишнинг ошкоралигини оширишга эътибор қаратилган.

Кодексда рухсат этиш хусусиятига эга бўлган турли ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари, товарларни, шу жумладан, товарлар божхона ҳудудига келиб тушишидан аввал уларни декларациялаш ва расмийлаштиришда божхона тартиб-таомилларидан ўтказиш тартиби енгиллаштирилди. Мазкур масалалар юзасидан божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилиш учун белгиланган муддатлар анча қисқартирилди.

Тижорат ва нотижорат мақсадларидаги транспорт воситаларини, шунингдек, товарларни божхона чегараси орқали қувур транспорти ва электр ўтказувчи линиялар орқали олиб ўтиш тартиби анча мақбуллаштирилди. Божхона назоратининг янги шакллари жорий этилди.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг божхона органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган замонавий шаклларини жорий этиш катта аҳамиятга эга. Давлат божхона назоратининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими фаолиятининг тартиби норматив жиҳатдан мустаҳкамланди. Мазкур тартиб божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини сезиларли даражада қисқартиришни назарда тутади. Бу ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан товарларни божхонада расмийлаштириш тартиб-таомилларини анча енгиллаштиради.

Янги таҳрирдаги Божхона кодексининг кучга кириши Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлигини оширишнинг, ички бозорни сифатсиз ва контрабанда маҳсулотлардан ҳимоя қилишнинг, хўжалик юритувчи субъектлар, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар маҳсулотининг жаҳон бозорларига чиқиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратишнинг муҳим омилига айланади.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА