ЎзА Ўзбек

30.09.2014 11:12 Янги қонунларга шарҳлар

Биржалар фаолияти халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда

Мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий база изчил такомиллашиб бормоқда. Натижада бозор муносабатлари тобора ривожланиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимизда салмоқли ўрин эгалламоқда.

Иқтисодиётнинг ўзига хос барометри ҳисобланган биржа савдоларида ҳам тадбиркорлик субъектлари фаол иштирок этаётир. Масалан, кичик тадбиркорлик субъектларининг жорий йил биринчи ярмида биржа савдолари орқали сотган маҳсулотлари ҳажми 1,9 баробар ошди. Кичик бизнес субъектларидан электрон савдо орқали амалга оширилган давлат харидлари ҳажми 189,9 миллиард сўмни ёки давлат харидлари умумий ҳажмининг 97 фоизини ташкил этди.

Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар ривожидан келиб чиқиб биржа фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонунчиликка ўзгартишлар киритилмоқда. Биржа технологияларининг тараққий этаётгани, янги биржа воситалари пайдо бўлаётгани, биржаларнинг функциялари кенгайиб бораётгани ҳам шуни тақозо этади.

Давлатимиз раҳбари 2014 йил 12 сентябрда имзолаган “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан янги таҳрирдаги “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги қонун тасдиқланди. Ушбу қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Биржага оид жаҳон амалиёти, хорижий тажриба ва маҳаллий биржалар фаолиятини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган қонунда асосий эътибор биржалар фаолиятини тартибга солишни янада такомиллаштириш, биржа битимлари иштирокчиларининг кафолатларини кучайтириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур жараёнда кенг иштирокини таъминлашга қаратилган.

Қонунга мувофиқ биржа – олдиндан белгиланган жой ва муайян вақтда, белгиланган қоидалар асосида биржа савдоларини ташкил этувчи юридик шахс ҳисобланади. Биржалар фақат акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилади. Биржалар ўз фаолиятини товар-хомашё, фонд ва валюта биржаси турида амалга оширади.

Биржанинг фирма номида “биржа” сўзи бўлиши шарт. Аксинча, шу сўздан ҳосил бўлган сўз бирикмаларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Шундай асосда биржани ташкил этган юридик шахс белгиланган тартибда лицензия олганидан кейин биржа фаолиятини бошлаши мумкин.

Биржаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари замон талабидан келиб чиқиб, янги тушунчалар билан бойитилгани қонундаги муҳим янгиликлардандир. Жумладан, унга котировкалаш, арбитраж, листинг, назорат комиссиялари каби тушунчалар киритилди. Хусусан, эндиликда биржалар котировкалаш, арбитраж, листинг, назорат ва бошқа биржа комиссияларини ташкил этиши мумкин. Танлов, кимошди, кўргазма-ярмарка савдолари, давлат харидлари ва корпоратив харидлар ҳам биржада ўтказилади. Биржа товарларининг котировкалари белгиланган чегаравий миқдордан ўзгариб кетса, савдоларни тўхтатишга ҳақли.

Биржа томонидан биржа савдолари ўтказиш жойи ҳамда вақти тўғрисида биржа аъзолари ўз вақтида хабардор қилинади. Биржалар мунтазам равишда ўз расмий веб-сайтида товарларнинг котировкасини жойлаштириши, шунингдек, биржа аъзоларини ҳар бир биржа савдосининг якунлари тўғрисида хабардор қилиб бориши шарт.

Биржа фаолиятининг асосий принципларида ҳам биржа савдоларини ўтказишнинг ошкоралиги, савдоларда нархлар шаклланишининг эркинлиги, биржа битимларини тузишнинг ихтиёрийлиги, биржанинг барча аъзолари учун биржа савдоларида иштирок этишда шарт-шароитнинг тенглиги, тузилган битимлар бажарилишининг таъминланиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Жаҳон тажрибасига назар ташласак, ҳозирги пайтда биржа савдолари фақат электрон режимда ўтказилмоқда. Бу биржа битимлари жараёнини тезлаштириш ва биржа айланмасини кўпайтириш имконини беради. Шундан келиб чиқиб, қонунда биржалар эндиликда марказлаштирилган тарзда электрон шаклда ўтказилиши белгиланди. Фақат бунда биржа аъзоларининг барчасига ушбу савдоларда бир вақтда иштирок этиш имконияти яратилган бўлиши зарур.

Қонуннинг биржа аъзолари ҳақидаги меъёрлари айнан халқаро амалиётнинг мамлакатимиз биржаларида ҳам татбиқ этилиши учун янги ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Зеро, унда замонавий биржа фаолиятида муҳим ўрин тутувчи тушунчалар очиб берилган. Унга кўра, биржа томонидан белгиланган тартибда биржа савдоларида иштирок этиш ҳамда дилерлар, брокерлар ва маркет-мейкерлар сифатида биржа битимларини тузиш ҳуқуқини олган юридик шахслар биржа аъзолари ҳисобланади.

Қонунда олдинги қонунда мавжуд бўлмаган, халқаро тажрибада синалган биржа битимлари ва уларнинг турлари ҳақидаги нормалар ҳам ўз ифодасини топган. 16-моддада белгиланганидек, биржа товарларини кечиктирмасдан етказиб бериш шарти билан тузиладиган олди-сотди битимлари – спот, биржа товарларини кечиктириб етказиб бериш шарти билан тузиладиган олди-сотди битимлари – форвардлар дейилади. Биржа товарини етказиб беришни ёки биржа товарини етказиб бермаган ҳолда битим тарафлари ўртасида пул ҳисоб-китоблари амалга оширилишини назарда тутадиган, келгусида бажариш мажбурияти билан тузиладиган ҳосила молиявий воситаларнинг (деривативларнинг) олди-сотди битимлари фьючерслардир.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, янгиланиш жараёнлари биржалар фаолиятида ҳам акс этмоқда. Янги таҳрирда қабул қилинган қонунда бу ўз ифодасини топиб, келгусида молиявий бозорларда илғор биржа муносабатлари жорий қилиниши, хусусан, ошкоралик таъминланиши, иштирокчиларнинг манфаатлари ҳимояси кафолатланиши, нархлар сунъий ошиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Мазкур қонун молиявий секторни ривожлантириш, бозор инфратузилмаси сифатини ошириш, умуман, макроиқтисодий вазиятни сифат жиҳатдан яхшилашга кўмаклашишга хизмат қилади.

Отабек Мирзаев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун
ҳужжатлари мониторинги
институти бош мутахассиси.


ЎзА